Интернет ва дин: Интернетдаги диний маълумотлар учун шахсий “фильтр” керак

Коронавирус дунёнинг турли нуқталарида, жумладан Қирғизистонда ҳам ўз таъсирини кўрсатишда давом этмоқда. Ҳусусан диний ҳаётга ҳам.

Саудия Арабистони замонавий тарихда илк бор Маккани четдан келувчи зиёратчилар учун ёпди. Мамлакатларда, хусусан Қирғизистонда ҳайит намозлари жамоат бўлиб ўқилмади. Бир қанча вақт масжидларнинг эшигига қулф солинди. Лекин, азонлар овози тинмаганини ҳам айтиб ўтай…

Жамоат намозларига изн берилганда эса аввалда сафларнинг жипслаштиришга даъват қилиб келинган намозхонларга энди яқинлашмасликни, оралиқ масофани сақлаш зарурати тушунтирила бошлади.

Қирғизистон мусулмонлар дин бошқармаси пандемия шароитида янги фатволарни чиқарди.

«Томчи медиа» каналида эълон қилинган яна бир суҳбатимизда журналист Шоҳрух Соипов (https://www.youtube.com/watch?v=TyeXS46k_Is) коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайган вақтда ўз васиятномасини расмийлаштираётганлар кўпайганига гувоҳ бўлганини айтганди. Яъни аслида ҳам дунёнинг энг ҳақиқатларидан бири бўлган ўлимнинг ҳақлиги яна ҳам кўпроқ ҳис қилинди дейиш мумкин бўлса керак.

Теология бўйича мутахассис Майрам Исабаева билан ҳам ижтимоий тармоқ орқали шу мавзуда гаплашгандим.

«Пандемия пайтида асосан қирғиз санъаткорлари орасида ҳижоб урфга айланганлиги ҳақида ўқиб қолдим. Ўлим инсонни ҳар доим Аллоҳга яқинлаштирганидек бу вақтда инсонлар намозга ва диний маълумот олишга астойдил бел боғлаганликларига гувоҳи бўлдик. Пандемияда кўплаб бекор ва пулли онлайн Қуръон курсларининг эълонларини ўқидим.

Лекин қанчалик иш олиб боришди у ҳақида аниқ маълумотим йўқ», – деб ёзганди Майрам пандемиянинг диний ҳаётга таъсир ҳақида сўраганимда.

Ҳақиқатда биз пандемия даврида янги реалликда ҳаёт кечиряпмиз, иш, ўқиш, дўстлар билан суҳбат, ўйин-кулги, бари деярлик интернетга кўчди. Қирғизистонда интернетдан фойдаланиш фаоллиги расмий статистикага кўра мартдан бошлаб 33 фоизга кўпайган.

Аслида интернет сезилиб-сезилмай бизнинг ҳаётимизни ажралмас қисмига айланиб кетди. Яъни интернетсиз яшаган кунларимиз бугун ўтмиш. Уни баъзида «ностальгия» билан хотирлаймиз. Кўп нарсалар ўзгариб кетди, интернетнинг кенг ёйилиши билан. (Пандемия ҳам ўзидан кейин кўплаб ўзгаришларни қолдириб кетса керак).

Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган ёки кўп кўрилган мавзулардан бири бу дин мавзуси бўлса керак. Бошқа соҳаларда бўлганидек дин соҳасида ҳам интернет орқали ахборот олиш, қайсидир саволларга жавоб топиш жуда осон бўлди. Шу билан бирга олинаётган барча маълумотлар ҳам хавфсизми деган савол туғилиши мумкин.

Диний қадриятларни қўлланиб, одамларни ўз қаторига жалб қилиб, зўравонликни ва қайсидир бошқа тоифага нисбатан нафрат кайфиятини пайдо қилишга уринадиган турли дин ёки диний оқимлар пайдо бўлганини биламиз.

Ҳозирги кунда Қирғизистон ҳудудида террористик ва экстремистик деб тақиқланган ташкилотларнинг сони 21га етган. Айтайлик, мамлакатнинг тегишли идоралари бу ташкилотлар фаолиятининг ёйилишини олдини олишга уриняпти.

Масалан, мамлакат миқёсидаги Дин ишлари бўйича комиссия бор. Комиссиянинг асосий функцияси диний ташкилотларнинг, диний жамоатларнинг фаолиятини миллий қонунларга мос келиб, келмаслигини, қонуннинг ижросини назорат қилади.

Диний ташкилотларнинг баёнотларида ёки даъватларида, улар очган ёки ҳомийлик қилган ўқув жойларида мамлакат қонунларига қарши тарғибот йўқми, деб текширади.

«Азаттиқ»да берилган маълумотга кўра ҳозирда дин ишлари бўйича комиссияда 3348 диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган. Унинг ичидан 2930 ташкилот исломга тегишли.

Аммо юқорида айтганимиздек бугун маълумотлар, диний таълим олиш жараёнлари асосан интернет орқали бўляпти дейиш мумкин. Бу ҳолда интернетни тўлиқ назоратга олиш қанчалик мумкин? Ёки яна бир бошқа масала, диний билимларни турли ижтимоий тармоқлардан олиб, улардан ўрганиб бўладими? Бу ҳақда теолог Марям Исабаевдан сўраганимда, фақатгина интернетдан диний билим оламан дейиш яхши эмас деб жавоб берди. Унинг жавобини тўлиқ келтира қолай: и интернет орқали осон ва қулай ўрганамиз деб ўйлайдилар. Лекин ҳар вақт тўғри маълумотга эга бўлдилар деб айтиш жуда қийин. Чунки интернет оламида ким нима мақсадда эканини билиш жуда қийин. Мана шу сабабли 3-4 йил аввал ёшлар жуда кўплаб нотўғри диний оқимларга аъзо бўлиб кетганларининг гувоҳи бўлдик. Қолаверса диний масалаларга чуқур эга бўлмаган ҳолда дин мавзуси ҳақида маълумот бериб одамлар орасида ҳар хил фикр, қарама-қаршиликлари келиб чиқмоқда.

Масалан китобларда ҳар доим ҳам тўғри маълумот ёзилмагандек, интернет оламидаги диний масалаларда ҳам тўғри маълумот берилмаган.

Мана шу сабабдан диний қарама-қаршиликлар келиб чиқмаслиги учун диний маскан ва марказлардан маълумот олиниши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман”.

Аслида интернет ҳам бир восита. Бир замонлар қандай қилиб оғзаки билим олишдан ёзма шаклга ўтилган бўлса, энди қоғоздан онлайнга ўтилди. Бунда катта муаммо йўқдек. Аммо менимча ҳамма гап интернетдаги саноқсиз маълумотларни “фильтрлай” олиш ёки ололмасликда. Масалан, қанчадан қанча матн, видео, аудио шаклидаги диний маълумотлар бор, интернетда. Интернет фойдаланувчисида фарқлай билишлик, кимнинг нима деётганини, бу гапни нима учун айтаётганини билмаса, диний билим пойдевори бўлмаса боши айланиши, адашиш эҳтимоли кўп.

Дин мавзуси бугунги куннинг муҳим мавзуларидан бири. Дин мавзуси бугунги куннинг энг кўп муҳокама қилинадиган мавзулардан бири. Дин мавзуси нозик мавзулардан бири. Лекин, бу мавзу менга эмас, мен ундан узоқроқ туришим керак дейиш керакми? Ёки бугун ҳамма дин ҳақида гапиряпти, мен ҳам «тренд»дан қолмай деб, ижтимоий тармоқларда билиб-билмаган мавзуда гапириш керакми? Кун ора ижтимоий тармоқларда бир-бирига тош отаётган турли диний гуруҳларнинг қай бирига қўшилиш керак? Умуман олганда радикал ёки экстремист тамғасини олмаслик учун ёки дин ғамига бепарво номига мусулмон бўлиб қолмаслик учун нима қилиш керак? Олтин ўрта қаерда?

Бу саволларга аниқ жавобларим йўқ. Балки шунинг учун блогим чўзилди шекилли. Лекин, бир фикрим бор. Мактабларда ўқувчиларга яхшилаб ишлаб чиқилган дастур асосида бошланғич диний билимларни бериш керак.

azon.uz сайтида эълон қилинган бир мақолада «деярли барча Европа давлатларида бошланғич ва ўрта мактабларда бошқа фанлар қатори диний таълимни ўқитиш мажбур қилиб белгиланган» деб ёзилганди.

Қирғизистонда ҳам бу борада режалар борлиги, қайсидир даражада амалга оширилаётгани ҳақида эшитгандим. Агар шу борада ишлар кенг қамровда ва самарали йўлга қўйиб олинса, диндорлар ўртасидаги тортишувлар, анъанавий динга зид бўлган тушунчаларни қабул қилиб, адашишлар кам бўларди, менимча.

[Мазкур блог Европа Иттифоқи қўллови доирасида ёзилди. У муаллифнинг шахсий фикри ва Европа Иттифоқи нуқтаи назарини билдирмайди.]

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ