Ўзбекистонлик диний уламо Мубашшир Аҳмад Истанбулда гумонланувчи сифатида қўлга олинди

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан танилган Алишер Турсунов Туркия ички ишлар тизими ходимлари томонидан гумонланувчи сифатида олиб кетилди. Бу ҳақда у асос солган Azon Global ахборот таҳлилий портали хабар қилди.

«Дастлаб қандайдир англашилмовчилик бўлгани, шу боис оммани беҳуда ташвишга солиш керак эмаслиги каби мулоҳазалар билан бу ҳақда кенг оммага хабар берилмади. Ундан кейин, устоз Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айбловлар умуман асоссиз экани, бу ҳол дастлабки суриштирувдаёқ аниқланишига ва устознинг қўйиб юборилишига қатъий ишонч бор эди. Аммо, афсуски, вазият ундай бўлиб чиқмади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Туркия қонунлари бўйича гумонланувчини 3 кундан ортиқ тутиб туриш мумкин эмас, шу муддат ичида қўйилаётган айб исботланса, Адлия идораларига ўтказилиши, исботланмаса, чиқариб юборилиши лозим. Баъзан чет эллик шахсларни қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказишади ва у ердан ўз ватанига жўнатишади ёки озод қилишади.

Алишер Турсуновга айни қандай айблов қўйилгани номаълум.

«Дастлабки суриштирувларда, табиийки, устоз Мубашшир Аҳмадга қўйилаётган айблов ўз исботини топмади. Қайтариб юбориш (депортация) марказларига ўтказилган домлани орадан шунча кун ўтиб ҳам тутиб туришгани тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Албатта, бу ҳодиса содир бўлган куниданоқ адвокатлар ҳаракатларини бошлашган ва бошқа барча керакли чора тадбирлар кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда фаолият юритиб келган Azon.uz таҳририяти 2023 йилнинг августида барча лойиҳаларини тўхтатди. 5 августдан сайт ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ўчирилди, онлайн теле ва радиоканал эфирдан олинди.

Azon.uz таъсисчиси Мубашшир Аҳмад Фейсбук саҳифасида лойиҳалар тўхталишининг сабаблари “маъқул топилса кейинроқ маълум қилиниши” ҳақида қисқа пост қолдирди.

2017 йилда фаолият бошлаган лойиҳанинг қўққис ёпилиши, боз устига, бу ҳақда очиқ расмий изоҳ берилмагани хавотирли фаразларни келтириб чиқарди. Бу ҳол Ўзбекистонда таниқли журналист ва блогерларга нисбатан маҳкама жараёнлари кетаётган пайтда юз бергани сўз эркинлигига қарши тенденциянинг давоми ўлароқ қабул қилинди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ