Қирғизистонда узун соқол ва ниқобни тақиқлашмоқчи

Исломда аёллар бурқа ва ниқобда бўлиши мажбурият эмас, дейди Қирғизистон муфтийси Замир Рақиев 15 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Муфтийнинг айтишича, ҳижобда бўлиш мусулмон аёли учун фарз ҳисобланади. Аёллар бошини ва сочларини ёпиши зарур, лекин юзини тўлиқ ёпиш фарз эмас.

“Биз аввалдан ҳижобни қўллаб-қувватлаймиз. Юзни беркитадиган киймни эса ниқоб дейдилар. Ниқоб фарз эмас, ҳар кимнинг иҳтиёри ўзида. Уламолар кенгаши бу борада ҳеч кимнинг ҳуқуқи чекланмаслиги лозим деб ҳисоблайди”, деди муфтий.

Аввалроқ қирғиз парламентининг депутати Шарапатхон Мажитова ниқоб ва узун соқолни тақиқлашни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокамага қўйган эди. Депутат Маъмурий Кодексга иккита янги – “Жамоат жойларида шахсни аниқлаш” ва “Жамоат жойларида узун соқол қўйиш” моддани қўшишни таклиф қилмоқда.

Қонун лойиҳасида “жамоат жойларида шахсни аниқлашга тўсқинлик қилувчи бурқа (паранжи) ёки катта соқолни тақиқлаш» кўзда тутилган. Бу чоралар “мамлакатда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги” айтилмоқда.

Қирғизистонда мактабда ҳижобни тақиқлаш ташаббуси бир неча бор билдирилган, бироқ бу норма қабул қилинмаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ