Қирғизистонда диний партияларни тақиқлаш ва имомларни депутатликка сайланишини ман қилиш таклиф этилди

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича давлат комиссияси диний асосда сиёсий партияларни ташкил этиш, шунингдек партияларнинг диний фаолиятда иштирокини тақиқлаш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда koomtalkuu.kg порталида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Диний соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасига таяниб, Kloop.kg хабар беради.

Комиссия шунингдек, қуйидагиларни тақиқлашни таклиф қилди:

👉 республика ҳудудида хорижий давлатларнинг сиёсий партияларини, шунингдек уларнинг бўлинмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритишини;

👉 сайловолди ташвиқоти ва партия номланишида диний мавзудаги ҳар қандай маълумот ва тасвирлардан фойдаланишни;

👉 диний фаолият субъектлари томонидан сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштиришни;

👉 диний арбобларни парламент ва маҳаллий кенгашлар (кенгашлар) депутатлари этиб сайлашни;

👉 депутатлик ваколатларини диний фаолият билан бирлаштиришни.

Комиссия қуйидаги ҳолатларда жарима солишни таклиф қилди:

▶️ диний объектларда сайловолди ташвиқоти, учрашувлар ва бошқа сиёсий тадбирларни ўтказиш; — жисмоний шахслар учун 5500 сўм, юридик шахслар учун 17 минг сўм миқдорида;

▶️ диний ташкилотлар ёки уларнинг вакилларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашуви; — жисмоний шахслар учун 5500 сўм, юридик шахслар учун — 17 минг сўм;

▶️ диний фаолият субъектлари томонидан сиёсий партиялар фаолиятини молиялаштириш.

Жарима миқдори жисмоний шахслар учун ($62) — 5500 сўм, юридик шахслар учун — 17 минг ($191) миқдорида белгиланиши таклиф қилинмоқда.

Айни пайтда депутат Шарапаткан Мажитова жамоат жойларида юзни тўлиқ қоплайдиган бош кийим кийишни тақиқлаш тарафдори эканини айтди. У яқинда худди шундай қонун қабул қилинган Ўзбекистонга ишора қилди.

«Бизга ҳам шундай қонун керак. Кўпчилик паранжи ёпишни бошлади. Рўмол ўрашсин, лекин юзни ёпишмасин. Бу жуда хавфли», — дея таъкидлади Мажитова.

ℹ️ Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Дин ишлари бўйича давлат комиссияси республиканинг марказий органи бўлиб, диний соҳада давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ишларни амалга оширади ҳамда давлат органларининг дин соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ