Қирғиз муҳожирлари Қозоғистондаги сув тошқини қурбонларига ёрдам кўрсатмоқда

Қозоғистонда бир ярим ойдан бери кучли тошқинлар кузатилмоқда.

Олмаотада ишлаётган қирғизистонлик муҳожирлар инсонпарварлик ёрдам сифатида тошқиндан жабрланганларга 16 тонна озиқ-овқат жўнатди.

Тошқинлар бошланганидан бери Қозоғистоннинг ғарбий ва шимолидаги вилоятларда 118 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинган, минглаб уйлар сув остида қолган.

«Қирғизистонликлар четда турмай, қийин аҳволдаги қозоғистонликларга ёрдам беришга ҳаракат қилмоқда. Нонимизни шу ерда топамиз. Ҳеч ким табиий офатлардан кафолатланмаган. Қийин пайтларда бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз керак”, дейди қирғизистонлик муҳожир Канат Момукеев.

 

Меҳнат муҳожирларининг ушбу ташаббусини 2 мингга яқин қирғизистонлик қўллаб-қувватлади. Ёрдамни Олмаотадаги қирғиз муҳожирларининг хайрия жамғармаси ташкил этмоқда.

Муҳожирлар тошқиндан жабр кўрган Шимолий Қозоғистон вилояти аҳолисига 16 тонна гуманитар ёрдам жўнатишди. Жумладан, 1 тонна 250 кг гуруч, 600 литр сариёғ, 2 тонна картошка, 1 тонна макарон, консервалар ҳамда 3 тонна ичимлик суви жўнатилган.

Қозоғистонда 65 мингга яқин қирғизистонлик меҳнат муҳожири сифатида фаолият юритмоқда, уларнинг аксарияти Олмаотада ишлайди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ