Марказий Осиё давлатлари «мустаҳкам диктатуралар» эканлигича қолмоқда – Freedom House

Марказий Европа ва Марказий Осиёда демократик кўрсаткичлар 20 йилдан бери фақатгина ёмонлашмоқда.

Бу ҳақда Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг минтақадаги 29 давлатни қамраб олган “Ўтиш даври мамлакатлари – 2024” ҳисоботида айтилган.

Россиянинг Украинага босқини, Тоғли Қорабоғдаги можаро ва сўнгги йиллардаги бошқа воқеалар минтақадаги геосиёсий ўзгаришларни тезлаштирди. «Минтақа мамлакатлари иккига бўлинди: либерал, демократик тузумга иҳлос қўйганлар ва бу тузумни қатъий рад қилганлар», – дейилади ҳисоботда.

Авторитаризми мустаҳкамлашаётган режимлар қаторига Озарбайжон, Беларус, Россия ва барча Марказий Осиё мамлакатлари киритилган. “Транзит ёки гибрид режимлар” қаторига Арманистон, Грузия, Молдова, Венгрия, Украина ва яна 6 давлат киритилган.

Ҳисоботда айтилишича, мустаҳкам авторитаризм ўрнатилган мамлакатларда вазият тобора ёмонлашмоқда. Ҳатто, авваллари қолганларга нисбатан бироз эркинроқ бўлган Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам «авторитаризм кучайиб, бошқа Марказий Осиё давлатлари йўлидан кетишга мойиллик ортмоқда».

Ўзбекистон эҳтимолий 7 баллдан 1,18 балл олган. Ўтган йили Ўзбекистондаги демократия даражасига 1,21 балл берилган эди. Қирғизистоннинг демократик кўрсаткичи 1,64 балл (1,68), Қозоғистонда 1,29 (1,32) пунктгача пасайди. Тожикистон ва Туркманистон учун кўрсаткичлар 1,04 ва 1 баллни ташкил этди.

Беларус 1,11 балл, Россия ва Озарбайжон 1,07 балл тўплаган.

Пост-совет минтақасида Эстония энг юқори (6) баллга эга. Ундан кейин Латвия ва Словения келмоқда. Украинадаги демократлашиш жараёнлари 3,43 балл, Арманистон – 3,07, Грузия – 3,04 балл олган.

Март ойида Freedom House Ўзбекистонни яна эркин бўлмаган давлатлар қаторига киритган эди. Ташкилотнинг 2024 йил учун эълон қилинган рейтингида Ўзбекистон 100 баллдан 12 балл олди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ