Қирғизистон ва Тожикистон чегара можаросини алоҳида тергов қилади

Рамазон ҳайити арафасида қирғизтожик чегарасида қурол ишлатилган ҳолда юз берган можародан сўнг ҳар икки мамлакатнинг чегара расмийлари музокоралар ўтказди ва ҳодиса юзасидан алоҳида суриштирув ишларини олиб бормоқда. Шу билан бирга ҳар икки томон ўз версиясини тақдим қилди.

Ўқ отар қуролдан отишма содир этиш билан бошланган ҳодиса 24 май куни Қирғизистоннинг Оқ сой ва Тожикистоннинг Ворух анклави чегарасида жойлашган Мўйноқ яйловида юз берди.

Ҳодисадан сўнг ҳар икки мамлакат чегара хизмати расмийлари музокоралар ўтказди ва вазият бартараф этилди. Боткен тумани хокими Қаланбай Марқаевнинг айтишича, ҳар икки томон юз берган ҳодиса сабабларини алоҳида суриштиради.

«Учрашув 24 май куни бўлиб ўтди. Музокораларни фақат чегарачилар олиб борди. Бизнинг томондан №2022 чегара отряди командири, Тожикистон томонидан Исфара туман чегара қўшинлари командири иштирок этди. Юз берган ҳодиса факти бўйича ҳар икки томон мустақил равишда суриштирув олиб боради. Можарога Тожикистон фуқоролари томонидан Қирғизистон ҳудудларида мол боқиши сабаб бўлди. Қирғизистон чегарачилари 23 май куни қўшни мамлакат аҳолисини салкам 200 бош йирик шоҳли молларни яйловга олиб келганидан огоҳлантирган эди. Шунга қарамай эртаси куни, яъни 24 майда, улар қўшимча 60 бош сигирни олиб келишган. Қирғизистонлик чегарачилар уларнинг йўлини тўсмоқчи бўлишганида, Тожикистон ҳарбий хизматчилари етиб келган ва икки ўртада отишма бўлиб ўтди», – дейди Маркаев.

ҚР ҳудудларида хорижий мамлакат фуқороларининг мол боқиши тақиқланган қонунга таянган ҳолда Қирғизистон яйловга яқин жойларга блок-постлар ўрнатган.

Ҳодисадан сўнг ҳар икки томон расмий баёнот билан чиқди ва ҳодисада бир-бирларини айбладилар.

Радио «Озоди» (Озодлик радиосининг тожик хизмати)нинг хабар қилишича, Тожикистон МХДҚ чегара қўшинлари матбуот хизмати “қирғиз чўпонлари Тожикистон худудига киргани” борасида ва «қирғиз томони баҳсли ҳудудларда чегара линиясини белгиловчи икки томонлама Шартномаларга амал қилиш ўрнига ҳодиса жойига қўшимча чегара кучларини юборди, улар ўз навбатида Пули Офтобруй қишлоғининг қуролсиз одамларига қарата ўқ отишди» дея баёнот берди. Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси чегара қўшинлари матбуот хизматининг баёнот беришича, «қирғиз чегарачилари томонидан отилган ўқ туфайли оддий аскар, 2001 йилда туғилган Давлатёр Зоиров оёғидан яраланди».

Бу сўнги ойдаги қурол ишлатилган ҳолда чегарада юз берган иккинчи можародир.

Қирғизистон-Тожикистон ўртасидаги чегаранинг узунлиги 976 километрни ташкил қилади, шундан 519 километри делимитация ва демаркация қилинган, қолган линия аниқланмаганича турибди.Чегаранинг аниқланмаган линияси чегара қишлоқларидаги аҳоли учун тез-тез можароларга сабаб бўлмоқда – одамлар сув, ер ва чегарадан ноқонуний ўтиш борасида бир-бирлари билан низолашмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ