Садир Жапаров: Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш октябрда бошланади

“Темир йўл қурилса, биз дунёга чиқа оламиз. Бу ўзимизнинг йўлимиз бўлади”, деди Қирғизистон президенти.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўлини қуриш ишлари октябрда бошланади.Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўшга хизмат сафари давомида айтган.

Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирда Қирғизистон логистика борасида «боши берк кўчадаги» давлат бўлиб, дунё бозорига Қозоғистон ва Россия темир йўллари орқали чиқади.

“Темир йўл қурилса, биз дунёга чиқа оламиз. Бу ўзимизнинг йўлимиз бўлади”, деди Қирғизистон президенти.

Аввалроқ, март ойида Жапаров Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича томонлар «ўзаро англашувга» эришганини айтган эди.

Иқтисодчи ва таҳлилчи Искендер Шаршеев Озодлик радиоси билан суҳбатда ушбу темир йўл Қирғизистонга иқтисодий фойда келтириши мумкинлигини урғулаган. Масалан, янги темир йўл Қирғизистоннинг Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё, шунингдек, Европа билан транспорт алоқаларини мустаҳкамлайди. Шунингдек, ушбу лойиҳа янги иш ўринларини яратиши ҳам кутилмоқда. Бироқ, экспертнинг фикрича, йирик халқаро инвесторларнинг кўмагисиз, Қирғизистоннинг бир ўзи бу темир йўлни молиялаштириши мураккаб масаладир.

Учрашув ҳақида хабар берган президент матбуот хизматининг хабар беришича, Жапаров Қирғизистон ушбу йўналиш бўйича темир йўлни қуришга жиддий киришганини ва яқин бир неча йилда уни қуриб битириш ниятида эканлигини айтган.

Аввалроқ, Қирғизистон ҳуқумати Қирғизистон ва Ўзбекистон Хитойдан темир йўлни қуришнинг «молиялаштирувининг оптимал усулларини» ҳамон муҳокама қилаётганини маълум қилган эди. Қирғиз ҳукуматининг раҳбари “техник-иқтисодий асосларни янгилаш деярли якунланганини” қайд этган.

Октябрь ойида қирғиз расмийлари 311 километр узунликдаги темир йўл Қирғизистон ҳудудида “Торугарт – Қўш-Добо – Қозармон – Жалолобод” схемаси бўйича амалга оширилишини, лойиҳанинг дастлабки қиймати 4 миллиард 700 миллион долларни ташкил этишини билдирган эди.

“Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим ўтган йил сентябрида Самарқандда ўтказилган ШҲТ саммити доирасида ҳам имзоланган эди. Ҳужжатда Қирғизистон ҳудудидаги темир йўл қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш бўйича барча ишларни 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида якунлаш белгиланган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ