Қирғизистонда TikTok платформаси блокланди

МХДҚ фикрича, платформада «контент цензураси бўйича тизимли ва қатъий ёндашув» мавжуд эмас.

TikTok ижтимоий тармоғи Қирғизистонда аҳийри блокланиши мумкин. Алоқа соҳасини тартибга солиш ва назорат қилиш хизмати интернет-провайдерларга бу тармоқни блоклашни сўраб хат юборган.

Маҳаллий ОАВ хабар беришича, бу хат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси талаби билан юборилган. МХДҚ фикрича, платформада «контент цензураси бўйича тизимли ва қатъий ёндашув» мавжуд эмас.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлашга киришганини 30 августда эълон қилган эди. Вазирлик баёнотида айтилишича, ТикТок болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан фойдаланишга чекловлар қўймаслиги аниқлаган.

Вазирлик ёш бўйича чекловларни жорий этиш ва платформа қоидаларини Қирғизистон қонунчилиги билан мувофиқлаштириш шартларини қўйган. Тикток ҳозирча бу талабларни бажармаган.

Аввалроқ Жўқорғу Кенеш (парламент)депутатлари ҳам ижтимоий тармоқнинг болаларга “салбий таъсири”ни рўкач қилиб Қирғизистон ҳудудида ТикТокни блоклашни таклиф қилган эди.

ТикТок блокланиши ҳақидаги хабар тарқалгач таниқли шахслар ва блогерлар видеосервиснинг тақиқланишига қарши чиққан.
Июнда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси август ойидан бошлаб интернет-трафикни бошқариш ва фильтрлаш имконини берувчи DPI (Deep Packet Inspection) технологиясидан фойдаланишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинган эди.

ТикТок – бу қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилиш ижтимоий тармоғидир. Ушбу дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалардан бири Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Аксар қирғизистонликлар ТикТокдан фаол фойдаланадилар, ўнлаб таниқли блогерлар ушбу хизматда контент яратишади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ