Садир Жапаров собиқ президентлар Қирғизистонга қайтса, уларни нима кутаётганини айтди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Кабар» давлат ахборот агентлигига навбатдаги интервьюсида собиқ президент Асқар Акаевнинг мамлакатга ташрифи ҳақида фикр билдирди.

Жапаровга кўра, Асқар Акаевга нисбатан бирорта ҳам жиноий иш қўзғатилмаган ва у қидирувда ҳам эмас.

“Биз уни Қумтор учун курашаётганимизда гувоҳлик беришга таклиф қилганмиз. Биз унга ҳибсга олинмаслигига кафолат ҳам бердик. Аммо бу кафолатсиз ҳам ҳибсга олиш учун қонуний асослар йўқ эди. Унинг кўрсатмаси Қумторни қўлга киритишда катта ёрдам берди”, — деди президент.

У, шунингдек, Қодир Кошалиевнинг бошқа собиқ президент Қурманбек Бакиев билан суҳбати ҳақидаги саволларга жавоб берди. Жапаров “кимдан ва қандай интервью олишни ҳар бир журналист ўзи ҳал қилиши”ни айтди.

“Ҳокимият Қурманбек Бакиевни мамлакатга олиб келиш ниятида эмас. Асқар Акаевдан фарқли ўлароқ, Қурманбек Бакиевга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, суд қарори ҳам бор. У сиртдан 30 йилга қамалган. Ушбу қарор бугунги кунда ҳам амал қилади. Агар келса, албатта, қамоққа олинади. Биз қонунларга бўйсуниб яшашни ўрганишимиз керак. Ҳукмларни бекор қилишга менда ваколат йўқ. Мен фақат Бакиев кечирим сўраса, кечиришга ёки рад этишга ҳаққим бор. 2010 йилда жабрланганларнинг фикрини инобатга олган ҳолда кечириш ёки кечирмаслик масаласини ҳал қилиш керак”, — деди Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, суд қарори нафақат Қурманбек Бакиевга, балки Максим, Жаниш, Акмат ва Марат Бакиевларга нисбатан ҳам чиқарилган.

18 май куни собиқ президент Асқар Акаева рафиқаси Майрам Акаева билан Қирғизистонга келди. Жамоат арбоби Бекболот Талгарбековга кўра, Акаевнинг маърузалари Политехника университети ва Фанлар академиясида режалаштирилган эди. Бу ҳолат жамиятда кўплаб танқидларга сабаб бўлди. Политехника университетининг айрим талабалари университет раҳбариятига мурожаат йўллаб, унда Асқар Акаевнинг маърузасига қарши чиқишган.

Аввалига олий ўқув юртлари ва Таълим ва фан вазирлиги маъруза ўқишни режалаштирмаганлигини билдирган бўлса, бу масала Жогорку Кенешда муҳокама қилинаётганда таълим вазири Қанибек Иманалиев олий ўқув юртлари вазирликни хабардор қилмасдан қарор қабул қилганини айтди.

Май ойида интернетда Қирғизистон Республикасининг собиқ президенти Қурманбек Бакиевнинг интервьюси пайдо бўлди. У билан халқ қурултойи Оқсоқоллар кенгаши раиси, ўша пайтда Миллий телерадио корпорация ходими Қодир Қўшалиев суҳбатлашди. Бу факт Қирғизистон Республикаси ижтимоий-сиёсий доираларида норозилик уйғотди ва аксар танқидчилар 30 йилга сиртдан судланган сиёсатчига бундай трибуна тақдим этилишидан норозилик билдирди ва буни “Бакиевлар оиласини реабилитация қилишга уриниш” деб баҳолади.

МТРК Қўшалиев Бакиев билан суҳбат ўтказиш режалари ҳақида телеканал раҳбариятини хабардор қилмагани, интервьюни суратга олиш учун МТРК ходимлари, маблағ ва жиҳозлар ажратмагани, интервью телеканал эфирида кўрсатилмаганини маълум қилди. Кейинроқ МТРК ички текширув ўтказилаётгани ҳақида хабар берган, бироқ Кошалиев аудит натижаларини кутмасдан, МТРКдаги лавозимини тарк этган.

Асқар Акаев 1991-2005 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2005 йил 24 мартда “Лола” инқилоби пайтида у Қирғизистонни тарк этиб, Москвага учиб кетган. Кейинчалик у истеъфога чиқди.

Кейинги президент Қурманбек Бакиев 2010 йил 7 апрелдаги инқилоб натижасида ағдарилди. Бакиев Қирғизистонни тарк этиб, Белоруссияга жойлашди. Қирғизистонда у оғир жиноятлар учун сиртдан 30 йилга ҳукм қилинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ