Самарқандда ватандошларини Мексика орқали АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди

Самарқандда ватандошларини 30 минг доллар эвазига Мексика орқали АҚШга жўнатишга ваъда берган шахс қўлга олингани ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси 28 май куни маълум қилди.

Расман билдирилишича, Самарқанд ИИБга 22 ёшли шахс мурожаат қилган. У Самарқанд шаҳринг Али Қушчи кўчасида яшовчи шахс ватандошларини АҚШга Мексика орқали ноқонуний равишда жўнатиш билан шуғулланиб келаётганини билдирган.

Маълум қилинишича, мазкур шахс аввал ўз мижозларини Европа орқали Мексикага жўнатиб, кейин АҚШга ўтказиб қўйиш учун ҳар бир кишидан 30 минг доллардан талаб қилган. У бу пулнинг 10 минг долларини олдиндан бериш лозимлигини шарт қилиб қўйган.

Вилоят ИИБ Жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўтказган тезкор тадбирда бу шахс қўлга олинган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) асосида жиноят иши очилган.

19 май куни Озодлик радиоси “ «Америка орзуси»да. Марказий осиёлик мигрантлар Мексика чегарасига оқиб келмоқда” сарлавҳали мақолани эълон қилган эди. Унда Марказий Осиёнинг барча давлатларидан АҚШга ноқонуний ўтиш учун Мексикага юзлаб мигрантлар келаётгани ҳақида гап боради.

АҚШда май ойда кучга кирган янги қоидаларга кўра, муҳожирлар мамлакатга киришга уринишдан олдин бошпана сўраб онлайн ариза топширмаган бўлсалар ёки АҚШга етиб боришдан олдин бошқа мамлакатлардан бошпана сўрамаган бўлсалар, чегарадан қайтарилишлари мумкин.

АҚШга ноқонуний ўтганлар депортация қилинади ва мамлакатдан беш йилга бадарға этилади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ