Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги деворни бузди

Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадаги деворни бузгани тўғрисида Қирғизистон Чегара хизматига таянган ҳолда Бишкекдаги Kaktus.media нашри хабар қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон икки давлат чегарасига 2010 йилда бир томонлама қурилган деворни бузаётгани тўғрисидаги видео пайдо бўлган эди. Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, мазкур видео Жалолобод ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Бекобод-Хонобод” чегара пунктида тасвирга олинган.

Хабарда айтилишича, мазкур девор “Бекобод-Хонобод” чегара пункти фаолиятини қайта тиклаш мақсадида бузилган. “Тез кунларда бу чегара пункти очилади. Қирғизистон томони мазкур пунктдан аҳолини ўтказишни амалга оширишга тайёр”, деб билдирган Чегара хизмати.

Бундан ташқари Ўш ва Андижон вилоятлари ўртасидаги “Қорасув” ва “Қорабағиш” чегара назорат ўтказиш пунктлари фаолияти ҳам тикланиши режалаштирилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, бу чегара назорат ўтказиш пунктларини очиш масаласи икки давлат ҳукуматлари томонидан бир неча йиллардан бери муҳокама қилиб келинаётган эди.

Ўзбекистон томони ҳозирча “Бекобод-Хонобод” чегара пунктидаги девор бузилгани, “Қорасув” ва “Қорабағиш” пунктлари ҳам очилиши юзасидан расман маълум қилмади.

29 май куни Озодлик Самарқандда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари давлат чегараси демаркацияси бўйича норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни тасдиқлашгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги 1314 километрли чегара чизиғи тўлиқ аниқлаб бўлинган. 2022 йил ноябрида Тошкент ва Бишкек чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ