«Хоҳлаган номзодингизга овоз беринг, аммо сайловда иштирок этинг»

Қирғизистон президенти Садыр Жапаров давлат ва муниципал ходимлар, ўқитувчилар ҳамда шифокорларга президентлик сайловларида бирор номзод, жумладан, унинг ўзи учун ҳам сайловолди ташвиқотини олиб бормасликни буюрди.

Бу ҳақда у 23 ноябрь куни республика йиғилишида сўзлаган. Жапаровнинг таъкидлашича, давлат ходимларининг вазифаси муайян номзодни қўллаб-қувватлаш эмас, балки аҳолини сайловда иштирок этишга чақиришдан иборат.

Президент ҳокимлар, вилоят раҳбарлари ва қишлоқ маъмуриятлари вакилларига сайловчиларга овоз беришнинг аҳамиятини тушунтиришни топширди.

Жапаров сайлов куни дам олиш куни бўлишини эслатиб, овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг шу кун учун иш ҳақи сақланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, сайловда қатнашмаганлар учун бу кун иш стажига киритилмаслиги ва кунлик иш ҳақи тўланмаслиги мумкин.

Президент маҳаллий раҳбарларга ушбу тартибни аҳолига тушунтиришни топширди. Унинг тахмин қилишича, тушунтириш ишлари самарали олиб борилса, сайловчиларнинг иштироки 60–70 фоизга етиши мумкин.

Қирғизистонда президентлик сайловлари 2027 йил 27 январь куни бўлиб ўтади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ