Россиянинг Якутск шаҳар суди Қирғизистонда яшаган ҳолда Россия бюджетидан қарийб 5 миллион рубль миқдорида болалар нафақасини ноқонуний олган 42 ёшли аёлни айбдор деб топди. Бу ҳақда Якутск шаҳар суди матбуот хизмати хабар берди.
Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, аёл 2020–2021 йилларда «шимолий коэффициент» асосида оширилган миқдорда нафақа олиш мақсадида ўзини ва олти нафар фарзандини Якутиянинг Табага қишлоғида сохта равишда рўйхатдан ўтказган.
2022–2025 йилларда эса аслида Қирғизистонда яшаб келганига қарамай, «Госуслуги» портали орқали яшаш жойи ҳақида ёлғон маълумотлар кўрсатиб, нафақа олиш учун ариза топширган.
Натижада, Россия бюджетидан аёлга жами 4 миллион 986 минг 575 рубль ўтказилган.
Суд мажлисида судланувчи ўз айбини тўлиқ тан олган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Шунингдек, у етказилган зарарнинг бир қисми сифатида 1 миллион рубль миқдорида компенсацияни ихтиёрий равишда тўлаган.
Суд аёлнинг вояга етмаган фарзандлари борлиги, ижобий тавсифга эга экани ва тергов билан ҳамкорлик қилганини инобатга олди.
У Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 159.2-моддаси 4-қисми — «Айниқса катта миқдордаги тўловларни олишда фирибгарлик» бўйича айбдор деб топилди.