Қирғизистонда 42 мингга яқин оилага электр энергияси учун нақд пул компенсацияси тўланади

Қирғизистонда 2027 йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оилалар учун электр энергиясига белгиланган имтиёзли тарифни бекор қилиш ва унинг ўрнига ойлик пул компенсацияси тўлаш режалаштирилмоқда. Мамлакат Энергетика вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.

Ҳужжатга кўра, ўзгариш 16 ёшгача бўлган фарзандлари бор ва давлатдан «Оилавий ёрдам» нафақасини олувчи 41 минг 695 оилага тааллуқли бўлади.

Ҳозирда ушбу оилалар ойига 700 кВт/соатгача электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соати учун 50 тийин тўлайди.

Янги тартибга кўра, имтиёзли тариф ўрнига давлат қуйидаги миқдорда нақд пул компенсацияси ажратади:
Ёзги даврда (1 апрелдан 1 октябргача) — ойига 588 сом;
Қишки даврда (1 октябрдан 1 апрелгача) — ойига 798 сом.

Энергетика вазирлиги тушунтиришича, мазкур чора ижарада яшайдиган ёки электр энергиясининг умумий ҳисоблагичи уй эгаси ёхуд бошқа шахс номига расмийлаштирилган муҳтож оилаларни давлат ёрдами билан қамраб олиш мақсадида таклиф этилмоқда.

Илгари бундай оилалар электр ҳисоблагичи ўз номларига расмийлаштирилмагани сабабли имтиёзли тарифдан фойдалана олмаган.

Қирғизистонда аҳоли учун амалдаги стандарт электр энергияси тарифи ойига 700 кВт/соатгача истеъмол қилувчилар учун ҳар бир киловатт-соатга 1 сом 64 тийинни, ушбу меъёрдан ортиқ истеъмол қилинганда эса 2 сом 94 тийинни ташкил этади.

Қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, таклиф этилаётган ўзгаришлар 2027 йил 1 январдан кучга кириши режалаштирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ