Берлинда халқаро волейбол турнири: спорт ва дўстлик чегара билмайди

Берлинда Германия, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Украинадан келган жамоалар иштирокида биринчи халқаро волейбол турнири бўлиб ўтди. Мусобақада 12 та жамоа қатнашди. Ташкилотчилар турнирни спорт, дўстлик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик байрами сифатида ўтказишди.

Deutsch-Kirgisischer Sport- und Kulturverein «Aiköl e.V.» ташкилоти томонидан ўтказилган мусобақада олти мамлакат вакиллари майдонга тушди. Турнир нафақат волейболчиларнинг маҳорат ва кучини синовдан ўтказиш, балки турли мамлакатлардан келган инсонларни бир мақсад атрофида бирлаштириш имконини ҳам берди.

Мусобақа якунига кўра, Bayern-1 жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, турнир ғолиби бўлди. Elite Berlin жамоаси иккинчи, Rostock эса учинчи ўринни қўлга киритди.

Шунингдек, турнирнинг энг яхши беш нафар ўйинчиси ҳам тақдирланди. Ғолиблар пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғаларга эга бўлишди. Барча иштирокчилар учун иссиқ овқат ташкил этилди.

Ташкилотчилар мусобақада қатнашган барча жамоаларга, айниқса, узоқ масофадан келган спортчиларга миннатдорлик билдиришди. Турнирни ўтказишда иштирок этган ҳакамлар, ташкилотчилар, ёрдамчилар ва волонтёрлар меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилди.

Мусобақанинг бош ҳомийси Paysend компаниясига спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва қўллаб-қувватлагани учун ташаккур билдирилди.

«Айкол» ва «Ниҳол» ҳамкорлиги

Берлиндаги турнир Германияда фаолият юритаётган марказий осиёлик жамоат ташкилотларининг спорт ва маданий соҳадаги ҳамкорлиги кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Шунингдек, қирғизларнинг «Айкол» ва ўзбекларнинг «Ниҳол» ташкилотлари ҳамкорлик меморандуми тузиб, маданий ва спорт тадбирларини биргаликда ташкил этишга келишишди.

«Айкол» ташкилоти раҳбари Уланнинг айтишича, икки ташкилот ҳамкорлиги Халле шаҳрида бошланган. Кейинчалик улар бошқа қўшни мамлакатлар вакиллари билан ҳам биргаликда ишлашни йўлга қўйган.

«Айкол» ва «Ниҳол» Халле шаҳридаги спорт мусобақасидан бошлаб маданий ва спорт тадбирларини биргаликда ўтказиб, бошқа қўшни мамлакатлар билан ҳам ҳамкорлик қилиб келмоқда, дейди у.

Бу ташаббуслар Германияда яшовчи ўзбеклар, қирғизлар ва бошқа марказий осиёликлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Спорт — миллатларни бирлаштирувчи майдон

«Айкол» ташкилотининг Берлиндаги халқаро турнири ва «Ниҳол» билан ҳамкорлиги Германиядаги мигрантлар жамоалари ўз маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш билан бирга, жамият ҳаётида фаол иштирок этишга интилаётганини кўрсатади.

Спорт мусобақалари турли миллат вакилларини бир жойга тўплаб, улар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишончни мустаҳкамлайди. Волейбол майдонида рақиб бўлган жамоалар мусобақадан ташқарида дўст ва ҳамкорга айланиши мумкин.

«12 жамоа — 6 мамлакат — битта катта спорт оиласи!» — турнир ташкилотчиларининг ушбу шиори мусобақанинг асосий ғоясини ифода этади.

Берлиндаги халқаро волейбол турнири ҳам спортнинг инсонларни бирлаштириш, маданиятлар ўртасида кўприк қуриш ва дўстликни мустаҳкамлашдаги аҳамиятини яна бир бор намоён этди.

«Айкол» ташкилотининг Инстаграмдаги саҳифаси: https://www.instagram.com/p/DgMiXqHouHV/

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ