Новқат туман таълим бўлими 1937 йилда қурилган бинода фаолият юритмоқда

Қирғизистоннинг Новқат туман таълим бўлими қарийб 90 йил аввал, 1937 йилда қурилган эски бинода фаолият юритмоқда. Бу масала бугун Жогорку Кенешдаги парламент сессиясида депутат Советбек Рустамбек уулу томонидан кўтарилди.

Депутатнинг айтишича, Новқат тумани марказида жойлашган мазкур муассаса қарийб 7 минг нафар ўқитувчининг фаолиятини мувофиқлаштиради. Бироқ бинодаги шароит жуда ёмон бўлиб, ходимлар учун хавф туғдирмоқда.

«Бино 1937 йилда қурилган. Ҳозир поллар чириб кетган, шифтлар паст, ичкарида эса моғор ҳиди анқийди. Ходимлар бу ҳақда узоқ вақт гапиришга журъат эта олишмаган, эндигина масалани кўтаришмоқда. Янги бино қуриш масаласи 2018 йилда кўтарилган эди, аммо пандемия туфайли ишлар тўхтатилди», — деди депутат.

Советбек Рустамбек уулу Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг Жогорку Кенешдаги доимий вакилига мурожаат қилиб, Новқат туман таълим бўлими учун янги бино қуришни капитал қўйилмалар моддаси бўйича молиялаштириладиган объектлар рўйхатига киритишни сўради.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ