Қирғизистонда март ойида олти мингдан ортиқ қизамиқ билан касалланиш ҳолати аниқланди

Қизамиқ ривожланаётган мамлакатларда болалар ўлимининг асосий сабаби бўлиб қолмоқда.

Қирғизистонда март ойида олти мингдан ортиқ қизамиқ билан касалланиш ҳолати аниқланди

Қирғизистонда 25 март ҳолатига кўра, 6545 нафар қизамиқ билан касалланганлар қайд этилган. Бу ҳақда Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Иммунопрофилактика маркази маълум қилди.

Касаллаганларнинг аксарияти Бишкек (2074), Чуй (1522) ва Жалолобод (1109) вилоятларида қайд этилган.

Марказ мутахассислари қизамиқ билан касалланиш ҳолатларининг кескин ортишини “болалар ва катталар ўртасида қизамиққа қарши режали эмлашдан бош тортганлар» кўпайгани билан изоҳламоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги қизамиқ касаллигига қарши курашиш бўйича профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни кучайтирди.

Қизамиқ ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган касалликдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2018 йилда дунёда 140 мингга яқин одам қизамиқдан вафот этган, уларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир. Қизамиқ ривожланаётган мамлакатларда болалар ўлимининг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Қирғизистонда 2023 йилда қизамиқдан уч нафар бола вафот этган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ