Қирғизистонда лицензиясиз фаолият юритаётган 200 дан ортиқ хусусий клиникалар аниқланган

Қирғизистонда 216 та хусусий клиникалар лицензиясиз фаолият юритган. Бу ҳақда Жогорку Кенеш (мамлакат парламенти) йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси Ринат Мавланбай маълум қилди, дея хабар беради парламент матбуот хизмати.

Мавланбайнинг сўзларига кўра, 2023 йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида Бишкек, Ўш ва Қирғизистоннинг Чуй вилоятида хусусий клиникалар ва тиббиёт муассасаларида текширувлар ўтказилган. Тиббиёт муассасаларига тегишли бўлган 626 нафар тадбиркор текширувдан ўтказилган, улардан фақат 410 нафари тегишли лицензияга эга бўлган. Аниқланган қонунбузарликлар учун 251 нафар тадбиркорга жами 1,5 миллион сўм (тахминан 17 минг доллар) миқдорида жарима солинган.

Фаолияти вақтинча тўхтатилган тиббиёт муассасалари орасида ўтган йил декабрь ойи ўрталарида уч ёшли қизалоқ вафот этган Бишкекдаги Dentamax стоматология клиникаси ҳам бор. Ота-онаси қизни милк яллиғланиши сабабли тишларини тозалаш учун олиб келишган. Dentamax да тиш тозалаш ишлари И.Охунбоев номидаги КДТА (Қирғизистон Давлат Тиббиёт Академияси) Ўқув даволаш ва илмий тиббиёт марказининг анестезиология ва интенсив терапия бўлимида беҳушлик остида ўтказилиши ҳақида хабар беришган. Шифокорлар буни у ерда яхши шароит ва тегишли жиҳозлар мавжудлиги билан изоҳлаганлар. Қизалоққа умумий наркоз берилган, шундан кейин у уйғонмаган.

«Азаттиқ» (РФда чет эл агенти сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қирғиз хизмати) мухбири билан суҳбатда бувининг айтишича, шифокорлар болага газ кўринишидаги наркоз қилишни ваъда қилишган, аммо кейинчалик қизчанинг танасидан уколлар топилган.

Экспертиза боланинг ўлимига дори воситаларини қабул қилиш натижасида юзага келган анафилактик шок сабаб бўлганлиги аниқлаган. Соғлиқни сақлаш вазирлигида Ринат Мавланбай бошчилигида комиссия тузилган. Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 146-моддаси («Тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг касбий вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги») билан иш қўзғатилган. ҚДТА тиббиёт маркази директори ва анестезиолог ишдан бўшатилган, клиникаси фаолияти тўхтатилган.

«Ушбу тиббиёт марказлари ўртасида ҳеч қандай келишув бўлмаган. «Дентомах» стоматологи КДТАда шартномасиз клиник фаолият олиб бориш ҳуқуқига эга бўлмаган. Бу жуда катта қоидабузарлик», — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Алимқодир Бейшеналиев.

15 январдан бошлаб Бишкекда хусусий тиббиёт клиникалари ва стоматология кабинетларига нисбатан рейд текширувлари қайта бошланади.

«[Пойтахт Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ходимлари билан] бўлиб ўтган учрашув натижасида 2024 йил 15 январдан тиббий фаолият билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлмаган хусусий тиббиёт клиникалар, марказлар ва стоматология кабинетларини аниқлаш таклиф қилинди», — дея Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот маркази хабаридан иқтибос келтиради 24.kg.

Шу кундан бошлаб Қирғизистон пойтахтидаги хусусий болалар боғчалари ва мактабларида санитария-эпидемиология меъёрларига риоя этиш ҳамда эмлаш карталари мавжудлиги, умумий овқатланиш корхоналарида санитария китоблари борлиги ва санитария меъёрларига мувофиқлиги текширилади.

 
 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ