Садир Жапаров савдогарлар билан учрашиб, солиқчиларнинг ўзи ҳам янги тизимга тайёр эмаслигини айтди

Қирғизистон аксар бозорларда савдогарлар жорий этилган янги солиқ тартибига норозилик билдирмоқда.

Қирғизистон аксар бозорларда савдогарлар янги солиқ қоидаларига қарши уюштирган қатор намойишлар ва иш ташлашлардан сўнг улар билан президент Садир Жапаров учрашди. Мамлакатдаги энг йирик «Дордой» бозорига келган Жапаров савдогарларни қичқириқ эмас, мулоқот орқали муаммони ҳал қилишга чақирди.

Жапаровнинг айтишича, у икки кун давомида масалани ўрганиб чиққан ва солиқчиларнинг ўзи ҳам янги солиқ тизимига ўтишга тайёр эмаслигини англаган. Президент давлат ва назорат органларига 2024 йилнинг биринчи ярмида бозорларда савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар фаолиятини текшириш ва уларга жарима солиш тақиқланишини, солиққа тортилмайдиган товар айирбошлаш ҳажмини 8 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача ошириш бўйича топшириқ берганлигини қўшимча қилди.

Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.

1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.

Улар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига норозилик билдирган. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.

Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлиши белгиланганди.

Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси – сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ