Қирғизистон бозорларидаги савдогарларга олти ойлик солиқ таътили берилди

Мораторий савдогарлар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига қарши чиққанидан сўнг эълон қилинди.

Қирғизистонда 2024 йилнинг олти ойи давомида савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга нисбатан текширувлар ўтказиш ва жарима солиш тақиқланади.

Бу ҳақда 4 декабрь куни Озодлик радиосининг қирғиз хизмати ташкил этган муҳокамада Давлат солиқ хизмати раисининг ўринбосари Исломбек Қидирғичов маълум қилди.

Унинг айтишича, бозордаги савдогарлар янги солиқ қоидаларига қарши чиққан қатор намойишлардан сўнг президент Садир Жапаров топшириғи билан тузилган ишчи комиссия шундай қарорга келган.

Савдогарларнинг иш ташлашлари 29 ноябрда Қорасув бозоридан бошланди. Шундан сўнг 30 ноябрда Бишкекдаги “Дўрдўй”, “Ўртасой” ва “Мадина” бозорлари савдогарлари митингга чиқди.

1 декабрда эса уларга Бишкекдаги “Аламедин”, уч вилоят марказлари бўлган Ўш, Талас ва Қорақўл шаҳарларидаги қатор бозорларнинг савдогарлари қўшилди.

Улар Қирғизистонда жорий этилган янги солиқ тартибига қарши чиқмоқда. Янги қонунга асосан Қирғизистондаги савдо ва хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи барча тадбиркорлар сотувларни касса-назорат машиналари воситасида амалга ошириши лозим. Бундан ташқари сотувчилар ва товар етказиб берувчиларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланиш мажбурияти юкланган.

Савдогарларнинг намойиши ортидан ҳукумат Қорасув ва “Дўрдўй” бозорларидаги тадбиркорларга имтиёз берди. Бу имтиёзга асосан, Қорасув ва “Дўрдўй”даги савдогарларга электрон товар-транспорт йўлланмаси ва электрон ҳисоб фактурасидан фойдаланмасликка рухсат берилди. Лекин улар касса-назорат машиналарини ишлатиши шарт.

Мутасаддилар бу қарорни шарҳлар экан: “Биз барча бозорларга бундай имтиёзни бера олмаймиз. “Дўрдўй” ва Қорасув бозори мамлакатдаги энг йирик логистика марказларидир. Товарлар энг аввало мана шу икки нуқтага келтирилади ва шу ердан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига тарқатилади. Шунинг учун уларга имтиёз бермоқдамиз. Янги солиқ тартибининг асосий мақсади яширин иқтисодиётга қарши курашдир”,- деб айтмоқда.

Бироқ Қирғизистондаги бошқа бозорларнинг савдогарлари ҳам ўзларига Қорасув ва “Дўрдўй”даги тадбиркорларга берилгани каби имтиёзлар берилишини талаб қилмоқда.

Қирғизистон ҳукумати икки йил олдин солиқ тизимининг янги тартибини босқичма-босқич жорий этишни бошлаган. 2024 йил бошидан эса бу тартиб барча тадбиркорлар учун мажбурий бўлади.

Янги тартибга асосан: касса-назорат машинаси – сотилган маҳсулот ва кўрсатилган хизмат нархини ҳисоблаб борувчи аппарат; электрон товар-транспорт йўлланмаси – товар, товарни жўнатувчи, уни қабул олувчи ва етказиб берувчи транспорт воситаси ҳамда шунга оид бошқа маълумотлардан иборат электрон ҳужжат; электрон ҳисоб фактураси – қўшимча нарх солиғини ҳисоблаш учун товарни сотган ва товарни сотиш бўйича хизмат кўрсатган томонлар тўлдирадиган электрон солиқ ҳужжати.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ