Депутатлар Қирғизистон байроғини ўзгартириш ҳақидаги қонун лойҳасини маъқуллади

Парламент тегишли қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

Жўқорғу Кенеш депутатлари 29 ноябрь куни давлат байроғини ўзгартириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ташаббусни 66 депутат қўллаб-қувватлади, 8 нафари қарши овоз берди.

“Давлат байроғини ўзгартириш тарихни қайта ёзишга туртки бўлади. Мен байроқни ўзгартиришдан, байроғимизга хиёнат қилишдан маъно кўрмаяпман”, — деди депутат Бекешев муҳокама чоғида.

Унинг ҳамкасби Ерулан Кокулов байроқни референдум орқали ўзгартириш керак деган фикрни билдирди.

“Бу бизнинг шахсий байроғимиз эмас, бу ҳар бир фуқаронинг байроғи. Бу референдум орқали ҳал қилиниши керак бўлган масала. Жўқорғу Кенеш бундай қарорни ўзи қабул қилмаслиги керак. Одатдагидек, муносиб муҳокамага имкон бермасдан қонун лойиҳасини қабул қилишди”, — деди Кокулов.

Қирғизистон байроғидаги тасвирларни ўзгартириш ғояси октябрда парламент спикери Нурланбек Шакиев ва депутат Улан Примовдан чиққан. Уларнинг фикрича, байроқ марказидаги тундук (қирғиз ўтовининг шифти) ва унинг атрофидаги қуёш нурларини англашда муаммо пайдо бўлмоқда, одамлар тундукни кунгабоқар билан адаштириб юбормоқда.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров, МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевлар ҳам байроқни ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

Айрим депутатлар ва ҳозирги шаклдаги байроқнинг муаллифларидан бири Бекбосун Жайчибеков ўзгаришларга қарши чиққан. Унга кўра, байроқдаги тўлқинсимон нурларни тўғри чизиқларга ўзгартириш таклифи “энг ёмон вариантлар ичида энг ёмонидир”. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам байроқни ўзгартирмасликка чақириб, #байроқниўзгартирманг флешмобини бошлаган.

Қирғизистон байроғи Жўқорғу Кенешнинг 1992 йил 3 мартдаги қарори билан тасдиқланган. 5 март куни у биринчи марта Қирғизистон ҳукумати биносида кўтарилган.

Амалдаги байроқ (чапда) ва янгиланаётган байроқ (ўнгда)

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ