Бишкекдаги ҳуқуқбонлар кинофестивалида яна бир фильм намойиши тақиқланди

«Қирғизтасмаси» давлат киномаркази режиссёр Алиса Коваленконинг «Мы не угаснем» фильмини намойишига рухсат бермади.

Фильм инсон ҳуқуқларига бағишланган XVII “Бир дунё – Қирғизистон 2023” халқаро ҳужжатли фильмлар фестивалида намойиш қилиниши керак эди.

Аввалроқ «Қирғизтасмаси» давлат киномаркази режиссёр Барбара Купистининг Россиянинг Украинага тажовузининг оқибатлари ҳақидаги «Уруш даври қайдлари» ҳужжатли фильмини тақиқлаган эди. Тақиққа “фильмда экстремистик тусдаги саҳналар мавжудлиги” сабаб сифатида айтилган. «Қирғизтасмаси» миллатлараро зиддиятни қўзғатиши мумкин бўлган фильм намойишига рухсат бера олмайди”, дейилади давлатга алоқадор киномарказнинг баёнотида.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз нашрига “Бир дунё – Қирғизистон” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Тўлекан Исмоилова маълум қилди. Унинг таъкидлашича, “бундай тақиқлар ҳам Конституцияга, ҳам халқаро нормаларга зид”.

“Қирғизтасмаси» халқаро кинофестиваль доирасида намойиш этилаётган фильмларни текшириш ҳуқуқига эга эмас. Биз бу масалани Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги билан муҳокама қилдик ва фильмни ёпиқ эшиклар ортида кўрсатишга қарор қилдик”, дея хулоса қилди у.

Кинофестивалда инсон ҳуқуқлари мавзусига бағишланган 21 ҳужжатли фильм, жумладан, олтита хорижий фильм намойиш этилади.

Ўтган йили Белоруссиядаги президентлик сайловлари ва намойишлар ҳақидаги «Мара», Сурия ва Украинадаги ҳарбий амалиётлар ҳақидаги “Бу ёмғир ҳеч қачон тўхтамайди” фильмлари кинофестивал дастуридан олиб ташланган эди. Фильмлар қўйилаётган кинотеатрнинг тижорат директори фильмларда «уруш ташвиқотини» пайқаб уларни намойишдан олиб ташлаганини айтган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ