Қирғизистоннинг АҚШдаги элчихонаси олдида намойиш бўлиб ўтди

Намойишчилар “Кампиробод иши” бўйича ҳибсга олинганларни озод этишни талаб қилган. 

Фаоллар, шунингдек, Қирғизистон ҳукуматидан мустақил ОАВга босим ўтказишни бас қилишни, тинч йиғилишларга қўйилган чекловларни олиб ташлашни талаб қилишди.

Ижтимоий тармоқларда Қирғизистон элчиси билан 25 октябрда бўлиб ўтган акция иштирокчилари ўртасидаги жанжални акс этган видео пайдо бўлди. Пикет иштирокчиларидан бири Айдар Раевга кўра, элчи Бахит Аманбоев уларни элчихона биносидан ҳайдаб чиқарган. Элчининг ўзи ҳозирча бу борада изоҳ бермади.

2022 йил октябрь ойида Қирғизистон Республикасида 20 дан ортиқ сиёсатчи ва фаоллар оммавий тартибсизликлар уюштиришга тайёргарлик кўрганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганларнинг ўзлари жиноят ишини Кампиробод сув омбори ерларини Ўзбекистонга ўтказиш ва уни ҳимоя қилиш қўмитаси тузиш ҳақидаги позицияси учун сиёсий таъқиб сифатида баҳоламоқда.

Кейинчалик маълум бўлишича, ҳибсга олинганларнинг баъзилари аллақачон «ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга» тайёргарлик кўрганликда айбланган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги терговчиларда бу иддаони тасдиқлайдиган етарлича далиллар борлигига ишонтирмоқда.

Иш бўйича тергов деярли саккиз ой давом этди, 2023 йил июнь ойида материаллар судга топширилди. “Кемпиробод иши” 52 жилддан иборат. Ички ишлар вазирлиги материалларни махфийлаштирганлиги боис маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтказилмоқда.

«Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида «Кампиробод иши»га тўхталган Садир Жапаровнинг айтишича, шу иш бўйича «ҳибсга олинганларнинг 90 фоизи чегаралар масаласи борасида бир неча бор ўтказилган ёпиқ муҳокамаларда қатнашган ва Кампиробод масаласи Қирғизистон фойдасига ҳал қилинганидан хабардор эди”. Президентнинг сўзларига кўра, ҳибсга олинганлар “халқ орасида фитна қўзғатмоқчи” ва “давлат тўнтариши” амалга оширмоқчи бўлган.

Ҳозирда тергов изоляторида 11 нафар гумонланувчи қолмоқда, қолган айбланувчилар уй қамоғига ўтказилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ