Адахан Мадумаров изолятордан касалхонага ўтказилди

Сиёсатчи давлатга хиёнатда гумон қилиниб МХДҚ тергов изоляторида сақланаётган эди.

“Бутун Қирғизистон” партияси етакчиси, Жўқорғу Кенеш депутати Адахан Мадумаров 26 октябрь куни МХДҚ тергов изоляторидан Кардиология миллий марказининг шифохонасига ўтказилди. Аввалроқ у юрак билан боғлиқ хасталиклардан шикоят қилган эди.

2 сентябрь куни “Бутун Қирғизистон” парламент фракцияси раҳбари Адахан Мадумаров Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди (махсус бўлинмаси) томонидан Бишкекда қўлга олинди. Кечқурун суд уни 24 октябргача ҳибсда сақлашга қарор қилди.

Адвокат Гуляна Убалиева журналистларга сиёсатчи давлатга хиёнатда гумон қилинаётганини айтди. Адахан Мадумаров 2009 йилда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби бўлганида имзолаган Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Торт-Кочо участкаси бўйича иш баённомаси билан боғлиқлигини тасдиқлади.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги ҳам Мадумаровга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 323-моддаси «Хиёнат» бўйича айблов қўйилгани ҳақида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Жогорку Кенеш 22 июнь куни юқоридаги баённомани имзолаш чоғида Адахон Мадумаровни мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортишга розилик берган эди. Шундан сўнг 61 депутат уни дахлсизликдан маҳрум этишни ёқлаб овоз берди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ