Хавфли вакансия: Отиб ўлдирилган Қамчи Кўлбаевнинг ўрнига талабгор чиқмаяпти

Унинг ўлимидан сўнг жиноят оламининг икки таниқли вакили тўғри йўлга тушганини эълон қилишди.

Қирғизистонлик халқаро миқёсда тан олинган “қонундаги ўғри, 49 ёшли Қамчи Кўлбаев 5-октябр куни ўзи туғилиб ўсган Чўлпонота шаҳридаги қабристонга дафн этилди. Жанозага минглаб одамлар қатнашди. У бир неча кун аввал ҳибсга олиш бўйича махсус амалиёт пайтида қуролли қаршилик кўрсатди, деган важ билан Бишкекда махсус хизмат органлари томонидан отиб ўлдирилган эди.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев жамиятда ҳамон катта шов-шув ва муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу воқеага муносабат билдириб, бундан кейин мамлакатда “қонундаги ўғрилар” бўлмаслиги ва “қораларга” (жиноят олами вакиллари. – таҳр.) қарши кураш давом этишини яна бир бор такрорлади.

Ташиев 5-октябр куни Тўқмўқ шаҳрида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг (МХДҚ) капитал таъмирланган биносини очар экан, мамлакатда “қонундаги ўғрилар” бўлмаслиги кераклигини айтди ва янги шундай гуруҳ тузиб, раҳбар сайлашга ҳаракат қилаётганлар қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирди.

«…Мен огоҳлантирганимни бажараман. Жиноий элементларни қонунни бузмасликка чақираман. Мамлакатимизда “қонундаги ўғри”, жиноятчи гуруҳларнинг етакчилари бўлмайди. Янги раҳбарларни сайлаб, янги гуруҳ тузишга ҳаракат қилсалар, биз уларни қаттиқ жазолаймиз”, – деди Ташиев.

МҲДҚ 4-октябр куни Кўлбаевнинг ўлими билан тугаган амалиёт тадбиркорларнинг катта ҳажмдаги мол-мулкини ноқонуний мусодара қилиш ҳолатлари, ҳамда “Дўў” (Дев) лақабли Чингиз Жумағуловнинг қамоқхонада ўлдирилишини ташкил этиш бўйича фуқароларнинг шикоятлари билан боғлиқлигини маълум қилди.

Одатда жиноят олами лидерлари у ёки бу сабаб билан ўлганда дарров унинг ўрнига ким келиши масаласи муҳокамага тушади. Баъзида бу одамнинг номи аввалдан маълум бўлади. Бу жойни талашиб турли жиноий гуруҳлар ўртасида урушлар бўлган ҳолатлар бўлган. Лекин бу сафар бу ўринни эгаллашга биров шошилмаяпти.

“Соқол” ва “Женго”нинг баёноти

“Қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаевнинг ўлимидан кейин, ижтимоий тармоқларда “кўпчилик ўғрилар номидан” тарқатилган хабарда энди унинг ўрнига Улан исмли бошқа одамнингнг сайланиши ҳақида айтилган эди. Лекин кўп ўтмай, “Соқол” лақаби билан танилган бу жиноят олами лидери Улан Тўқтўсунов “ўғри” мақомидан воз кечганини эълон қилди.

Унинг видеомурожаати интернет тармоқларида пайдо бўлди.

“Оллоҳ розилиги учун ўғрилик мақомимдан воз кечишимни расман эълон қиламан”, –  деди у.

Жорий йилнинг август ойида Улан Тўқтўсунов, Норин шаҳридаги тергов изоляторидан Бишкек-1 тергов изоляторига кўчирилган. Унинг қариндошлари митинг уюштириб, расмийлардан уни Норинда қолдиришни сўрашган. “Соқол”нинг яқинлари 2022-йилнинг ёзида айнан Бишкекдаги 1-тергов изоляторида ўлдирилган “Дўў” – Чингизнинг тақдири такрорланишидан қўрқишган. Лекин 25-август куни “Соқол”нинг 27-колонияга олиб кетилгани маълум бўлган.

Талас вилоятининг Бақайота туманида туғилган Улан Тўқтўсунов, 2000-йилларгача уч марта “Безорилик” моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, у биринчи фарзанди учун алимент тўламаганликда ҳам айбланган.

Расмий маълумотларда айтилишича, Тўқтўсунов, 2000-йилларда Бишкекда бошқа бир жиноят олами лидери Алмаз Бўқушев ҳомийлигида фаолият юритган ва ўзининг уюшган жиноий гуруҳини ташкил қилган. Унинг гуруҳи қирғиз-қозоқ чегарасида талончилик ва контрабанда билан шуғулланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видеода бошқа бир “ўғри” “Женго” лақаби билан танилган 53 ёшли Қадир Дўсўнов ўзининг қонун доирасида яшашга қарор қилгани ва шундай қилаётганини маълум қилди.

“Қонун бузган ҳолатларим учун қонун доирасида жавоб бердим. Ҳозир менинг ҳеч қандай жиноий мақомим йўқ. Қирғизистонимизда тинчлик ва ҳотиржамлик ҳукмрон бўлсин”, деди Дўсўнов.

Сўнгги марта у Ўш шаҳрида яна бир жиноятчининг вахшийларча калтаклаб ўлдирилиши иш бўйича жавобгарликка тортилган эди.

Одатда жиноят оламига бу даражада кириб олган одамнинг у ердан тирик чиқиши гумон саналади. Шу сабабли бу баёнотлар самимийми ёки вазиятга қараб иш тутишми экани ҳақида аниқ бир нарса дейиш мушкул. Шу вақтнинг ўзида ҳибсга олишлар давом этяпти.

Қамчи Кўлбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси саналган «Тайсон» лақабли жиноятчи Талас вилоятида товламачиликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда 6 октябрда МХДҚ маълум қилди.

Маълумотга кўра, исми-шарифи очиқланмаган гумонланувчи Кўлбаев жиноий гуруҳи номидан Талас шаҳрининг «назоратчиси» бўлган. У маҳаллий автомактаб ўқитувчисини компромат маълумотларни «ИИВ ва МХДҚнинг ходимларига бераман», деб қўрқитиб, ундан 70 минг сўм (800 доллар атрофида) пул талаб қилган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида, гумонланувчи талаб қилган пулнинг 30 минг сўмини олаётган вақтида қўлга олиниб, вақтинча сақлаш жойига киргизилган.

Шунингдек, тинтув пайтида гумонланувчидан 20 грамм гиёҳвандлик моддаси топилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Кўлбоевнинг соядаги таъсири

Қирғизистонда уюшган жиноятга қарши кураш борасида турли фикрлар билдирилмоқда. Жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари ва юристлар Кўлбаевнинг отиб ўлдирилишига нисбатан салбий фикр билдирдилар. Уларнинг фикрича, суд қарорисиз ва тахминларга кўра қуролсиз бўлган одамни отиб ўлдириш, жиноятчиликдан ҳам хавфлироқ оқибатларга олиб келиши мумкин.

Қирғизистон Махсус хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари, генерал Артур Медетбеков, сўнгги йилларда Кўлбаевнинг жиноий гуруҳи кенгайиб, мамлакатнинг сиёсий ва бизнес элитаси у билан ҳисоблашиб қолганини ва унинг давлат бошқарувига аралашишга уринишлари ҳақида айтади.

“Уюшган жиноий гуруҳлар ва уларнинг етакчилари бир кунда яратилмаган. Тўғрисини айтганда, уларга ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим мутасаддилари, айрим ходимлари ёрдам берди. Шунинг учун бундай ноқонуний тузилма яратилган. Сўнги пайтларда улар сайлов кампаниясида қатнашиб, давлат тузилишига таъсир ўтказган. Жўғўрқу Кенешга ўз вакилларини сайлатишга муваффақ бўлган ҳолатлар ҳам бўлган”, – дейди Медетбеков.

Яна бир генерал, Хавфсизлик кенгашининг собиқ котиби, “Каттани” лақаби билан танилган Ўмурбек Суваналиев уюшган жиноятга қарши курашиш қийин бўлишини урғулайди. Унинг фикрича, йиллар давомида шаклланган жиноий муҳитга қарши тизимли кураш давом эттирилмаса, тез орада ўғриларнинг янгилари пайдо бўлади.

“Уюшган жиноятчиликка қарши ҳақиқий кураш олиб борилиши керак. Молия империяси йўқ қилинмаса, жиноятчилар орасидан Кўлбаевдан ҳам ўзиб кетган болалар топилади. Сабаби, у шу йўлни қуриб кетди…”, – дейди Суваналиев.

Махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев бунгача бир неча бор жиноятчилар исён кўтармаганлари мақул эканини айтган. Бироқ, Кўлбаевга нисбатан қўзғалган жиноий ишнинг қисқартилиши ва қамоқхоналарда маҳбусларнинг унинг туғилган кунида байрам уюштиргани ҳокимиятга нисбатан танқидларни кучайтирган.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ