Бишкек бош архитектори 10 кунга ҳибсга олинди

«Бишкекглавархитектура» муниципал идорасининг раҳбари мансабни суиистеъмол қилишда гумонланмоқда.

Бишкек бош архитектори Урмат Карибоев 16 октябргача Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изоляторига олинди.

Пойтахтнинг Первомайский туман суди матбуот хизматининг 9 октябрь куни хабар беришича, «Бишкекглавархитектура» муниципал идорасининг раҳбари мансабни суиистеъмол қилишда гумонланмоқда.

Урмат Карибоев ушбу лавозимга 2022 йил июнь ойида тайинланган эди. Унинг вакиллари қўйилган айбловлар ҳақида ҳозирча изоҳ бермаган.

Аввалги шаҳар бош архитектори Канат Анарбеков ҳам ўтган йили Бишкекдаги кўп қаватли уйларнинг ноқонуний қурилишига кўз юмганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ