Қирғиз ва тожик махсус хизматлари раҳбарлари чегара бўйича янги протокол «барча муаммоларга чек қўйишини» билдирди

Боткенда 2 октябрда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.

Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган ва бу борадаги протоколга қўл қўйилган. Учрашув якунларига бағишланган қисқа брифинг видеоси «Чек Ара» телеграм каналида эълон қилинди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Саймўмин Ятимов томонлар 44-сонли протоколни имзолаганини таъкидлади.

“Ушбу протокол амалга оширилса, аввал тожик-қирғиз чегарасидаги можароларини келтириб чиқарган барча масала ва муаммолар ҳал қилинади”, — деди Ятимов.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг қўшимча қилишича, имзоланган протокол “барча чегаравий муаммоларни ҳал қилиш учун асос бўлиб хизмат қилади”.

“Худо хоҳласа, яқин кунларда давлат чегараларини аниқлаш борасида якуний қарорга келамиз. Комиссияларимиз узлуксиз ишлаши ҳақида келишиб олдик. Чегарада тинчлик, барқарорлик ҳукм суради, халқларимиз дўстлик ва аҳилликда яшайди”, — деди Ташиев.

Учрашув тўғрисидаги расмий маълумот чиқишидан олдинроқ президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими собиқ бошлиғи, Ташиевга яқин кўриладиган журналист Нурғази Анарқулов Фейсбук саҳифасида “Тожикистон ўзининг ҳудудий даъволаридан воз кечди”, деб ёзди.

Қамчибек Ташиев 15 сентябрда қирғиз-тожик чегарасида ўтган йили содир этилган қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлганларни хотирлаш маросимида Тожикистон ҳукумати ҳудудий даъволаридан бош тортмаётганини айтган эди. Ташиев тожик томони ўз даъволаридан воз кечмаса, Қирғизистон ҳам тарихий ҳужжатларга асосланган ҳолда Тожикистонга ҳам ҳудудий даъволарни билдиришини таъкидлаган.

Шундан сўнг Қирғизистоннинг Душанбедаги элчиси Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга норозилик билдирилганди.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2020 йилгача бу чегаранинг 519 километри тасдиқланган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ