2023 йил ёзи кузатишлар тарихидаги энг жазирама ёз бўлди

Жорий йилнинг ёзи об-ҳавони кузатиш тарихидаги энг жазирама мавсум бўлди. Бу ҳақда БМТнинг Бутунжаҳон метеорология ташкилоти ва Европа иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Copernicus хизмати қўшма ҳисоботида маълум қилинди.

Ҳисоботда таъкидланишича, август ойида Антрактикада муз қатламининг сатҳи ўртача йиллик кўрсаткичдан 12 фоизга оз бўлди. Бу об-ҳавони сунъий йўлдош орқали кузатиш ишлари бошланган 1970 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Экологлар 98 фоизлик эҳтимол билан бундан буён ҳар беш йилнинг бир йили бундан ҳам иссқроқ келишини, сайёрадаги ўртача ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича яна 1,5 градусга қизишини башорат қилмоқда.

Аввалроқ иқлим ўзгаришини ўрганиш бўйича Европа маркази июль 1850 йилдан бери кузатилган энг жазирама ой бўлганини билдирганди.

Бугунги кунда Антарктидадаги денгиз музликлари майдони 12,7 миллион квадрат километрни ташкил қилмоқда. Музликлар майдони 2022 йилга нисбатан 1,6 миллион квадрат километрга, умумий ўртача кўрсаткичга нисбатан эса 2,6 миллион квадрат километрга қисқарган.

БМТ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти об-ҳавонинг рекорд даражада исиши иқлим ўзгариши ва Эль-Ниньо деб номланувчи ҳодисанинг бошланиши билан боғлиқ эканини маълум қилган. Мазкур ҳодиса Тинч океандаги экваториал сувларнинг ҳарорати кўтарилиши ортидан пайдо бўлади.

Денгиз музлари камайгани ортидан океан сувлари бевосита Антарктида соҳилларини ювиб, музликлар ҳажмининг озайишига сабаб бўлмоқда. Бу эса океан сатҳининг кўтарилишига, соҳилбўйи минтақаларининг сув остида қолишига омил яратади.

Антарктида Ер куррасидаги энг тез исиб бораётган минтақалардан бири. Мутахассисларнинг билдиришларича, сўнгги 5,5 минг йиллик тарихда Антарктида музликлари бу қадар шиддат билан эримаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ