Адвокат депутат Мадумаровга нисбатан суд қарорини бекор қилишни талаб қилади

“Бутун Қирғизистон” партияси етакчиси Адахон Мадумаровни ҳибсга олишга асос бўлган туман судининг қарорини бекор қилиш учун Бишкек шаҳар судига апелляция шикояти берилади. Бу ҳақда Озодликка 3 сентябрь куни ҳуқуқшунос Гуляна Убалиева маълум қилди.

“Бугунги кунда суд идораси ишламаяпти. Эртага апелляция шикояти берилади. Биз эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартиришни сўрамаймиз, эҳтиёт чорасини бутунлай бекор қилишни сўраймиз”, — деди адвокат.

“Бутун Қирғизистон” партиясидан Жогорку Кенеш депутати Исхак Масалиев Мадумаровнинг ҳибсга олинишини “сиёсий таъқибнинг очиқ кўриниши” деб атади.

“Жогорку Кенешдан рухсат олгач, улар мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича жиноий жавобгарлик ҳақида гапиришди. Хиёнат ҳақида гап бўлмади. Демак, биринчидан, розилик бузилган ҳолда олинган бўлса, иккинчидан, бу жиноий иш қўзғатишга ҳожат йўқ, чунки 2009 йилда икки давлат Хавфсизлик кенгаши котиблари фақат президентнинг топшириғига кўра протокол имзолаган, холос. 2011 йил парламент Вазирлар Маҳкамаси таклифини қўллаб-қувватламади ва протокол ўз кучини йўқотди. Учинчидан, Мадумаров бўйича комиссия ишлаётган вақтда Қирғизистон Республикаси Ер кадастридан маълумот сўраб, ўша 275 метр, бизнинг хариталаримиз бўйича Тожикистонга тегишли деган жавоб олдик”, — деди Масалиев.

2 сентябрь куни “Бутун Қирғизистон” парламент фракцияси раҳбари Адахан Мадумаров Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус отряди (махсус бўлинмаси) томонидан Бишкекда қўлга олинди. Кечқурун суд уни 24 октябргача ҳибсда сақлашга қарор қилди.

Адвокат Гуляна Убалиева журналистларга сиёсатчи давлатга хиёнатда гумон қилинаётганини айтди. Адахан Мадумаров 2009 йилда Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби бўлганида имзолаган Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги Торт-Кочо участкаси бўйича иш баённомаси билан боғлиқлигини тасдиқлади.

Кейинроқ Ички ишлар вазирлиги ҳам Мадумаровга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 323-моддаси «Хиёнат» бўйича айблов қўйилгани ҳақида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, Жогорку Кенеш 22 июнь куни юқоридаги баённомани имзолаш чоғида Адахон Мадумаровни мансаб ваколатини суиистеъмол қилганлик учун жиноий жавобгарликка тортишга розилик берган эди. Шундан сўнг 61 депутат уни дахлсизликдан маҳрум этишни ёқлаб овоз берди.

2022 йилда Бош прокуратура Жогорку Кенешдан Адахон Мадумаровни жавобгарликка тортишга рози бўлишни сўраган эди. Кейин Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг «Хиёнат» моддаси ҳақида бўлган бўлса, кейинроқ “Ҳокимиятни ҳаддан ташқари суиистемол қилиб юбориш” моддаси бўйича қайта тайёрлаш ҳақида хабар берилган эди. Аммо кейин парламент назорат органининг тақдимномасини қаноатлантирмади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ