Россия Қирғизистонга тўққизта мактаб ва учта боғча қуриб беради

Россия Қирғизистоннинг турли вилоятларида тўққизта умумтаълим мактабини қуриш ниятида. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев ўзининг Facebookдаги саҳифасида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 1 сентябрь куни Қирғизистон-Россия қўшма биринчи учта мактаби қурилишининг бошланиши рамзи бўлган капсулани қўйиш маросими бўлиб ўтади. Кутилганидек, видеоалоқа форматидаги ушбу тадбирда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этади.

Шу билан бирга, Эрбол Султонбоев “қурилиш келгуси йилда лойиҳа-қидирув ишлари якунланиб, лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрлангач, бошланишини” таъкидлади. Дастлабки учта мактаб 2025 йил сентябрь ойида, кейин эса ҳар йили учта мактаб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

“Натижада 2029 йилга бориб 11 мингдан ортиқ ўқувчи тўққизта мактабда таълим олиши мумкин бўлади”, – дея хулоса қилди Қирғизистон Республикаси президенти матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Республикаси ва Россиянинг қўшма мактаблар қуриш режалари биринчи марта 2021 йилда маълум бўлган эди. Бугун Қирғизистонда Россия томони, яъни “Газпром Қирғизистон” компанияси томонидан қурилган мактаб фаолият кўрсатмоқда. Бишкекнинг жанубий қисмида жойлашган таълим муассасаси 960 ўқувчига мўлжалланган.

Мактаблар қуришдан ташқари, Россия ҳар йили “Хориждаги рус ўқитувчиси” лойиҳаси доирасида Қирғизистонга ўқитувчилар юборади. Аввалроқ Россия Федерацияси жорий йилда Қирғизистон Республикасига 2022 йилга нисбатан 10 баробар кўп ўқитувчилар юбормоқчи эканлиги хабар қилинган эди.

Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигининг маълум қилишича, Қирғизистонга келган россиялик ўқитувчилар асосан рус тили, математика, кимё ва биология фанларидан дарс беришади.

2022 йилги маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2296 та мактаб бўлган, улардан 152 таси хусусий.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ