Хитой товарларини “Ўзбекистонга олиб киришнинг коррупциявий схема”сини яратган қирғиз божгирлар қўлга олинди

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Хитойдан ноқонуний товарлар олиб ўтишнинг “коррупцивий схемаси”ни яратганликда гумонланган юқори лавозимдаги олти божхона ходими қўлга олинганини билдирди.

Расмий баёнотда айтилишича, улар Хитой товарларини ўзлари яратган схема асосида Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтилишига воситачи бўлган. Аслида эса, Хитой маҳсулоти Қирғизистонда қолган. Ўзбекистонга эса соҳта ҳужжатлар билан бўш юк машиналари жўнатилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси божхона хизматининг олти нафар юқори лавозимли ходими ва хусусий компаниянинг уч вакили 18 март куни қўлга олинганини маълум қилди.

«Айрим компаниялар Божхона хизмати ходимларининг кўмагидан фойдаланиб, Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга транзит билан товар юборган. Бироқ товарлар Қирғизистон ҳудудига божхона расмийлаштирувисиз туширилган, бўш автомашиналар сохта божхона декларацияси ва божхона муҳрлари билан Ўзбекистон юборилган”, — дейилади хабарда.

Махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳибсга олинганлар орасида бош прокурорнинг Қурмонқул Зулушевнинг қайниси борлигини тасдиқлади. Бош прокуратура ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ бермади.

“Хитойдан Ўзбекистонга товарлар олиб ўтишда йирик коррупцион схема ишлаб келган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга 1 миллиард сом (қарийб 11,5 миллион АҚШ доллари) атрофида зарар етказилган. Тўғри, қўлга олинганлар орасида Зулушевнинг қайнукаси ҳам бор. Ҳозир у бошқа маҳбуслар билан бирга кўрсатма бермоқда. Бош прокурорнинг бу ишга алоқаси йўқ”, – деган Қамчибек Ташиев интернетда эълон қилинган видеолардан бирида.

Бош прокурор Зулушевнинг ўзи ва у раҳбарлик қилаётган орган ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади.

Қирғизистондан мажбуран чиқариб юборилган ва ҳозирда Россияда истиқомат қилаётган тадқиқотчи журналист Бўлўт Темиров бу воқеани Ташиев тақдим этаётгани каби “коррупцияга қарши кураш” натижаси деб ҳисобламайди. Унга кўра, қўлга олишлар махсус хизмат ва бош прокуратура раҳбарларининг ўзаро шахсий зиддиятлари натижасидир:

«Ўтган йили биз МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг оиласи алоқадор бўлган коррупцион схемани фош қилганимизда, Ташиев бунга нисбатан ҳеч қандай иш қўзғатмаган, тергов ҳам ўтказмаган. Шу боис, бу ҳодисани коррупцияга қарши ҳақиқий кураш эмас, ҳокимиятдагилар ўртасидаги қарама-қаршилик деб ўйлайман»,- дейди Бўлўт Темиров.

Журналист ўтган йил бошида YouTube’даги Темиров LIVE деб номланган каналида “Икки кунда 37 млн. сўмни қандай топиш мумкин? Садир Жапаров ва Ташиев схемаси” деб номланган журналистик суриштирувни эълон қилган.

Шундан сўнг Бишкек милицияси унга нисбатан Жиноят кодексининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп воситалар ва уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Кейинроқ унга нисбатан Жиноят кодексининг “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” ва “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддалари бўйича яна иккита жиноят иши қўзғатилган. Ушбу ҳолатлар асосида олиб борилган суд жараёнлари натижасида Темиров ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Қирғизистондан чиқариб юборилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ