Нега Қирғизистонга бориб ўқишни истаётган Ўзбекистон ёшлари кўпаймоқда?

Сўнгги йилларда Қирғизистон олийгоҳларида таҳсил олаётган Ўзбекистонлик талабалар сони уч баробарга ошди. Шавкат Мирзиёев келганидан сўнг чегараларнинг очилиши ва Қирғизистондаги олий ўқув юртларига киришнинг осонлиги ҳамда арзонлиги талабалар сонини кескин кўпайтирган.

Уларнинг асосий қисмини Фарғона водийси вилоятларидан келган ёшлар ташкил этади.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўқиш учун имтиҳон топшириб, баллари етмаган ёшлар имтиҳон баллари нисбатан пастроқ бўлган Қирғизистон жанубидаги университетларда ўқишга келади.

Шунингдек, бу ердаги олий ўқув юртларида ўқиш учун тўланадиган маблағ Ўзбекистондагига нисбатан камлиги сабаб ҳам, билим масканлари бўлғуси талабаларни ўз бағрига чорлайди.

Андижоннинг Хўжаобод туманидан Ҳасанбой Абдумажитов Ўшдаги «Қирғиз-Ўзбек» университетининг «Иқтисод» факультети биринчи босқич талабаси. У уч йил Ўзбекистонда ўқишга киролмагач таълимни Қирғизистонда олишга қарор қилган.

«Ўзбекистонда университетлар камми, билмадим. Абитуриентлар жуда ҳам кўп. Битта ўринга 15- 20 тадан тўғри келади. Университетларни кўпайтириш керак, деб ўйлайман. Мен уч йил ўқишга киришга ҳаракат қилдим, балларим етмади», дейди у.

Ҳасанбой Абдумажитов уч йил Ўзбекистонда ўқишга киролмаган
Image captionҲасанбой Абдумажитов уч йил Ўзбекистонда ўқишга киролмаган

У Ўзбекистондаги университетга кира олмаганидан кейин, хорижда ўқиш имкониятларини излаган. Қирғизистоннинг Ўш шаҳри яқин бўлганлиги учун шу ердаги олий ўқув юртида таҳсил олишни танлаган.

Мустақил манбаларга кўра, бу йили Қирғизистон олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар сони 7000-8000 нафарни ташкил этади. Уларнинг аксари биринчи босқични тамомлаганидан сўнг, ўқишларини Ўзбекистон университетларига кўчиришни режалаштирган.

Ҳозирда Ўшдаги «Қирғиз-Ўзбек»университетида билим олаётган Камола Ҳакимова ҳам бир йилдан сўнг ўқишини Тошкентга кўчирмоқчи.

«Мен ҳам биринчи босқични тамомлаганимдан кейин, ўқишимни Тошкент Давлат Юридик университетига кўчираман ва у ерда ўқийман», дея умид қилади Наманганнинг Косонсой туманидан келган Ҳакимова Камола.

Ўзбекистонлик талабалардан нега ўқишни тўлиқ Қирғизистонда ўқиб, тамомламасдан, биринчи босқидан сўнг ўз юртига кўчиришлари сабабини сўраганимизда, улар буни она ватанда билим олиш гашти ўзгачалиги билан изоҳлайди.

Ўзбекистонлик талабаларнинг маҳаллий ёшлар билан танишиб, улар билан фикр алмашуви ва маданий ҳордиқ чиқаришлари учун университетларда тадбирлар ўтказилиб турилади.

Бу йил «Қирғиз-Ўзбек» университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар орасида «Юртдошлар» жамоаси ташкил этилиб, ҳар бир факультетда вакиллари тайинланган. Улар талабаларни қийнаётган муаммо ёки масалаларни ҳал этишда қўллов кўрсатади.

Ушбу университет қошидаги «Халқаро алоқалар» департаменти етакчи мутахассиси Рустамбек Салимов Ўзбекистонлик талабалар учун барча ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак кўрсатилишини айтади.

"Қирғиз-Ўзбек" университети қошидаги "Халқаро алоқалар" департаменти етакчи мутахассиси Рустамбек Салимов
Image caption»Қирғиз-Ўзбек» университети қошидаги «Халқаро алоқалар» департаменти етакчи мутахассиси Рустамбек Салимов

«Улар хориж, қўшни давлат фуқароси бўлганлиги сабаб, Қирғизистонда юриш учун регистрация, вақтинчалик қайд этиш, уларни виза билан таъминлаш масаласи бор. Шу масалаларда университет талабаларга кўмак кўрсатади. Қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз. Чунки, улар бизнинг меҳмонларимиз, уларни хафа қилишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва албатта уларнинг тарафини олиш бизнинг вазифамиздир», дейди Рустамбек Салимов.

«Қирғиз-Ўзбек» университетига бу йил Ўзбекистондан 4225 нафар талаба ўқишга қабул қилинган. Улардан 1836таси кундузги бўлимда, 2389таси эса сиртдан таълим олишмоқда. Ўтган йили ўқишга қабул қилинган талабалар сони 534тани ташкил этган. 2017 йили эса 58 нафар талаба бўлган.

Мазкур олийгоҳ 1994 йилда Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасидаги келишув асосида ташкил қилинган ва олийгоҳ дипломи Ўзбекистонда ҳам тан олиниши тўғрисида ҳукуматлараро шартнома имзоланган.

Олий ўқув юртларини тамомлаган ўзбекистонлик талабалар олган дипломини ўз юртида тегишли идораларда нострификациядан ўтказади.

Қирғизистон Олий ўқув юртларида ўқиётган ўзбекистонлик талабалар учун бир йиллик ўқув ҳаққи ўртача 500 долларни ташкил этади. Талабаларнинг айтишича, Ўзбекистон университетларида эса 1000 доллардан ошади.

Маълумотларга кўра, 2010 йил июн воқеаларига қадар Қирғиз-ўзбек университетида 8 минг нафар ўзбекистонлик талаба билим олган. Қирғизистонда содир бўлган қонли воқеалардан кейин Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон билан чегараларини ёпгани сабабли ўзбекистонлик талабалар ўқишга келмай қўйган.

2016 йилнинг сентябрида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганидан сўнг иқтидорга келган Шавкат Мирзиёев қўшни давлатлар, жумладан Қирғизистон билан алоқаларни яхшилаши ортидан чегаралар ҳам очилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ