Ўшда тўй анчага тушади, чекловлар ҳам бор, аммо…

Аҳолисининг ўртача ойлик маоши $200 долларни ташкил этган Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар тўйга $5000 доллар атрофида пул сарфлайдилар.

Республиканинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида яшовчи ўзбеклар ўғил уйлантириб ёки қиз чиқариш учун одатда ўзаро келишилган ҳолда тўйни камчиқимроқ ўтказишга ҳаракат қиладилар. Бироқ кутилганидан ҳам кўпроқ харажат қилишга тўғри келади.

Ўғли 20 ёшдан ошиб, қизи эса 18 ёшни қарши олганидан кейин тўй қилиш ташвишида бош қотирувчи ота-оналар пул йиғишни бошлайди.

Давлат идораларидаги иш ҳаққининг озлиги ёки иш ўрни йўқлиги сабаб, асосан тижорат билан шуғулланувчи ўзбеклар сўнгги 10-15 йилда «исломий тўй» ўтказишни ўзларига эп кўрадилар.

Унда ортиқча сарф-харажатларсиз, тўйхона ёки уйда базм қилинмай, тўйга келган меҳмонлар сийланиб, куёв келинни ўз уйига олиб келиш билан чекланилади.

Айрим русийзабон ўзбеклар эса, узоқ йиллар кутган орзусини амалга ошириш мақсадида тўйхоналарда базм қилишлари ҳам кузатилади.

Йиллар давомида Россияда муҳожиротда ишлаб, тўй учун тўплаган пулларини қисқа муддат ичида керагидан ҳам ортиқ сарфлаб, устига устак қарзга ҳам ботиб, яна ўзга юртларга ишлагани кетаётган ўзбеклар ҳам йўқ эмас.

«Ўғлим тўйига 6000$ сарфладим»

Ўшлик Умиджон Қосимов узоқ йиллар Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги кафеларнинг бирида ошпаз бўлиб ишлаган. 10 йил аввал ўз юртида ишсизлик ортидан минтақанинг совуқ ҳудудларига пул топиш илинжида борган суҳбатдошимиз аввалига иш тополмай бироз қийналган.

«Россияга келсангиз, дарҳол бирон ишга ўрнашишингиз осон эмас. Касбим ошпаз бўлгани учун сўраб суриштириб, танишларим ишлайдиган кафега ишга ўрнашдим. У ерда ишлаб топган пулимга Ўшдаги уйимни қайта таъмирладик. Бу орада ўғлим ҳам вояга етиб қолди. У мактабни тамомлагач, ўз олдимга бирга ишлагани чақирдим», дейди Умиджон ака.

Мактабдан сўнг олий ўқув юртига кириш орзусида бўлган ўғлини оиланинг иқтисодий вазиятида бирга ишлаб пул топишга кўндирган ота эндиликда тўплаган маблағини тўйга сарфлашни ният қилган.

Орадан 6-7 йил ўтиб, 25 ёшни қаршилаган ўғлини мустақил ишлаб, пул топишига ва бўлажак оиласини боқишга ишонч ҳосил қилган она Ўшдан қиз истайди.

Миллий урф-одатга кўра, ўғил боланинг онаси яқин атрофидан қиз қидира бошлайди. Танишларидан эшитган жойга бориб, бўлажак келинига совчи бўлиб эшик қоқади. Тақдир келса, қисқа муддатда куёвга ёр топилиши мумкин. Аксига олиб, иккала тараф ҳам инжиқроқ бўлса, совчи она талайгина ковушни йиртишига тўғри келади.

Маҳаллий ўзбекчиликда ўғил бола билан қизнинг ўзаро севишиб, аҳду паймон қилишлари уят ҳисобланади. Айниқса қиз тарафга. Шу сабаб ҳам, аксар ҳолларда қиз бола ота-онаси танлаган йигитга турмушга чиқишга мажбур бўлади. Севги эса тўйдан кейин пайдо бўлади, агар ўшанда ҳам икки ёшнинг «юлдузлари» тўғри келса. Акс ҳолда ёшлар ажрашадилар.

Қарийб ярим йил келин излаган Умиджон аканинг аёли ва ниҳоят ўғлига қиз топади ва тўйга тарадду кўра бошлайди. Икки ёш тўйдан олдин учрашиб, фикр алмашганларидан кейин, розилик берадилар.

Тўй харажатлари шу ердан бошланади

Тўй

Йигитнинг онаси қиз тарафга тўйни бошланиш нишонаси қатори 5-6 аёллар билан боради ва тўй кунини белгилайдилар. Бу маҳаллий тилда «Пато тўй» (Фотиҳа -таҳр.) дея номланади. Мазкур кичик тўй «сават»га солинувчи нон, ширинлик ва сарполар учун куёв тараф 20000 қирғиз соми ёки сал кам $300 АҚШ доллар сарфлайди.

«Бўлажак келинимизга 25000 сомлик (360$ атрофида) комплект тилла тақинчоқ бердик», дейди Умиджон ака биз билан суҳбатда.

Мазкур тилла комплекти бир дона узук, сирға ва занжирдан иборат. Бу ҳозирги кунда Ўшдаги сифати яхши ҳисобланган тилла тақинчоқлардир.

Маҳаллий урф-одатга кўра, Қосимовлар оиласи, яъни куёв тараф, келинга тўй сарполари учун 40000 сом ёки $570 доллардан ортиқроқ пул берган. Ундан ярми куёвга қайтарилган. Шу тариқа бўлажак келин-куёвлар ўзларига тўй сарполарини сотиб олган. Албатта, иккала тараф ҳам етмаганини ўз олдиларидан сарфлайдилар.

Марказий Осиё давлатлари халқлари орасида ўзбекларга хос бўлган одат келинни куёв уйига жиҳозлар олиб келиши сўнгги 5 йилда Ўшдаги дин пешволари тарафидан қаттиқ танқид остига олинмоқда ва натижада аксарият йигитлар уй жиҳозлари: юмшоқ мебель, сервант, шкаф ва ҳ.к.ни ўзлари сотиб олмоқда.

Бугунги кунда Ўш бозорларида сотилаётган тўйга мўлжалланган уй жиҳози комлектининг ўртача баҳоси 50000 сом ёки қарийб $720 долларни ташкил этади.

Умиджон Қосимов ҳам айни шу нархдаги уй жиҳозлари билан хонадонини безаган.

Сўнгги йилларда қирғиз-ўзбек чегараларининг очилиши ортидан, қўшни давлатда хорижий технология асосида ишлаб чиқарилган уй жиҳозларини Ўшга олиб келиб сотиш оммалашган. Уларнинг нархи $1000 доллар атрофида.

Белгиланган тўй куни яқинлашар экан, Умиджон ака оиласи билан дастурхон безатиш учун нон, ширинликлар, ичимлик сувлари, мева ва шу каби нарсаларни харид қилишга киришади. Бу нарсаларнинг барчасига у 150000 сом ёки сал кам $2150 доллар сарфлайди.

Шунингдек, суҳбатдошимиз Ўшнинг ўзига хос эрталабки нонушта шўрваси учун сўйиладиган 2 та қўйни 45000 сом ёки қарийб 650 долларга сотиб олади. Унинг бирини келин тарафга юборган.

Авваллари тўйлар темир ўтирғичлар билан ўтказилиб, таомлар пишириш учун маҳалладаги қозон-ўчоқлар, уй эгасининг идиш-товоқлари ишлатилган бўлса, ҳозирги кунда эса буларнинг барчасини жамлаган ижарачилар пайдо бўлган.

Улар тўйдан бир кун аввал уйингизга келиб, тўйнинг эртаси куни кетадилар. Ҳаттоки идиш ювадиган аёллари ҳам бор. Бу хизматлар учун 12000 сом, яъни 170 доллардан сал кўпроқ ҳақ олади.

«Ҳозир буюртма берсангиз, ҳаттоки тўй дастурхонига қўйиладиган нарсаларни ҳам ўзлари харид қилиб, келадиган одам хизматлари боракан», дея ҳайратдан кулади Умиджон ака.

Исломий тўй

Тўй

Тонг саҳарда Ўшнинг турли мавзеъларида карнай-сурнай овозлари жаранглайди. «Исломий тўй» қилаётганлар эрталаб нонуштада ва келинни ўз уйидан олиб чиқаётганда тўй нишонаси қатори халққа овоза қилиб қўйиш керак деб ҳисоблайди.

Сўнгги пайтларда айрим ўзбеклар карнай-сурнай наволари «мумкин эмас» қабилида улар хизматидан воз кечишмоқда. Бироқ яна бир гуруҳ ўзбеклар эса тўйхоналарда қўшиқчилар иштирокида базм ўтказаётганини кузатиш мумкин.

Суҳбатдошим Умиджон ака ҳам ўғлини уйлантираётганини ҳалққа овоза қилиш мақсадида, карнай-сурнай гуруҳ хизматидан фойдаланган ва унинг учун 15000 сом ёки 215 доллар атрофида ҳақ тўлаган.

Эрталаб нонуштага келган меҳмонларга йигит тарафда шўрва, қиз тарафда эса ош тортилганидан сўнг, келинни олиб келиш учун куёв тараддуд қилади. Бунинг учун эса уч-тўрт махсус безатилган машиналарга буюртма берилган. Уларнинг ўртача ижара ҳаққи 1500 сом, 22 доллар атрофида. Мазкур тўй соҳиби 3 машина учун 5000 сом ёки 72 доллар тўлаган.

Шунингдек, куёв ўз умрида муҳим саналган воқеалардан бири никоҳ тўйини сурат ва видео тасвирга олиб, тарихга муҳрлаш хизматлари учун ҳам 15000 сом ёки 215 доллар сарфлаган.

Йигит ўз дўстлари ва қариндошлари билан қизнинг уйига бориб, у ерда никоҳ ўқитиб, келинни ўз уйига олиб келади. Шундан сўнг, куёв жўралари билан «куёв қочди» ошини егани чойхона ёки дўстлар уйига кетадилар ва кеч уйга қайтади. Бу орада эса қизнинг онаси, қариндошлари билан куёвнинг уйига келиб, меҳмон бўлади. Бу келиннинг «юз очди»си дея номланади. Ушбу маросим «Исломий тўйларда» кечки базм бўлмагани сабаб, ўша куни ўтказилади. Баъзи тўйларда эртаси куни ҳам ўтказилиши мумкин.

Аёлларнинг бу «базми» ҳам талайгина харажатни талаб қилади. «Юз очдига 50000 сом сарфладим», дейди Умиджон ака. Бу эса тақрибан 720 доллар дегани.

Шу тариқа ўғлини уйлаган суҳбатдошимиз тўйдан кейин, сарфлаган пулларини сарҳисоб қилиб ўтириб, сал кам 6000 доллар харажат қилганини айтади.

«Ўғлимни уйлантириб ҳам олдим. Ният қилганимиздек, барчаси яхши ўтди. Озгина қарз ҳам бўлиб қолдик. Насиб қилса, энди қизимни куёвга узатиб олсам, бўлди, ғамим қолмайди», дея ният қилади ўшлик ошпаз суҳбатдошимиз ва яна ишлагани Россия томон йўл олади.

Юқорида ёзилган тўй харажатлари бугунги кунда Ўшда ўртаҳол оиланинг ўғил уйлантириш учун сарфлаётган маблағларидан биридир.

Бундан-да яна ҳам камтарин ва камчиқимроқ тўй қилаётган оилалар умумий миқдорда 3000доллар атрофида пул сарфлаётгани кузатилади.

Русийзабон оилалар тўйхонада кечки базм ўтказишлари учун яна 1500-2000 доллар қўшимча маблағ сарфлайдилар.

Афтидан, тўйнинг барча харажатини куёв тараф қилаётгандек кўринади, аслида эса қиз узатаётган оила кўпроқ пул сарфлайди.

«Бугунги кунда Ўшдаги ўғил тўйлар 3000-5000 доллар, қиз тўйлар эса 5000-8000 доллар билан ўтказилаяпти. Сабаби қизларга қилинадиган нарсалар кўп. Йилдан йилга харажатлар кўпаймоқда. Одамлар ким ўзарга тўй қилишаяпти. Қўлида йўқлар эплаб, ўғлимни уйлантириб, қизимни чиқариб олсам деб ташвив қилади», дейди ўшлик Одинахон опа Каримова.

Унинг сўзларига кўра, тўйларда кўплаб исрофгарчиликлар бўлмоқда ва уни назорат қиладиган ташкилот ёки одам йўқ.

2016 йилда қирғиз парламентининг бир қатор депутатлари «Республикада анъана, тантана ва маросимларни тартибга солиш» тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ва кўпчилик депутатлар тарафидан қўллов топиб, қонун қабул қилинган.

Қонунга мувофиқ, туғилган кун, «чақалоқни бешикка белаш» каби тадбирлар оила даврасида ўтказилиши керак. Бола илк қадам ташлаганда ўтказилувчи «Тушоо кесув» ва «суннат тўй» маросимларидаги меҳмонлар сони 100 кишидан ошмаслиги, никоҳ тўйларида эса 150 одам қатнашиши кўзда тутилган.

Шунингдек, никоҳ тўйларидаги махсус безатилган автомашиналар сони 5тадан ошмаслиги шарт. Бундан ташқари тўйнинг бошқа харажатларига ҳам чекловлар киритилган.

Ушбу қонунни амалга ошириш ва унга фуқароларнинг риоя қилишини назорат қилиш ҳукумат идораларига юклатилган.

Афтидан, бу қонун фақат қоғозда қолиб кетаётгандек. Инсонлар орзуларини амалга ошириш мақсадида ушбу қонунни четлаб ўтиб, яна ўша исрофгарчилик ва дабдаба билан тўй қилиб, қарзга ботиб, яна ишлагани ўзга юртларга кетмоқда.

Шоҳруҳ Соипов


Aлоқадор хабарлар

Изоҳ