Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли: Путин «добро» бердими?

Қарийб 30 йиллик Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳасида илгари силжиш кузатилди, таҳлилчиларга кўра, бунинг сабаби, Кремлнинг лойиҳага қаршиликдан воз кечганидир.

Хитой улкан ташаббус бошлаган, инглиз тилида «One Belt, One Road», рус тилида «Один пояс, один путь», ўзбек тилига эса «Бир қутб, бир йўл», «Бир белбоғ, бир йўл» ёки «Бир макон, бир йўл» деб таржима қилинаётган инфраструктура ташаббуси жуда кўп лойиҳаларни кўзда тутади.

Улар ичида Хитой юкларини Европага қисқа вақт ичида етказиш лойҳалари ҳам бор, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли ана шу лойиҳалардан биридир.

Бу йўл Хитой учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқни боғлайдиган энг истиқболли, энг қисқа йўл бўлиб кўринаяпти.

Ҳозир Хитой ўз юкларини Европага қуйидаги йўналишлар бўйича етказаяпти:

Хитой – Монголия – Россия – Беларусь – Европа Иттифоқи – 8650 км,

Хитой – Қозоғистон – Каспий денгизи – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа Иттифоқи – 9120 км,

Хитой – Қозоғистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа Иттифоқи – 10170 км,

Хитой – Европа Иттифоқи денгиз йўли 10 кмдан ортиқ.

Янги Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли мавжуд Туркманистон-Эрон-Туркия ва Европа Иттифоқи йўналиши бўйича давом этиши, масофани 900 кмга, юкнинг йўлдаги вақтини саккиз кунга қисқартириши мумкин.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар киритди, кўплаб суғурта компаниялари Россия ҳудудидан ўтадиган юкни суғурталашдан воз кечдилар.

2023 йил октябрида Ҳамаснинг Исроилга ҳужумлари ортидан бошланган Исроилнинг Ғазодаги уруши Қизил денгизда кема қатновини камайтириб қўйди.

Яман Ҳусийларининг Суэз каналига йўл олган юк кемаларини Қизил денгизда ҳужумга тутишлари оқибатида кемалар Африкани айланиб ўтиш йўлини танлай бошладилар.

Юк ташишда Марказий Осиё маршрутининг афзаллиги ҳақида тобора кўп гапирила бошланди.

Шу кунларда Қирғизистон пойтахти Бишкекда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси яна бир марта муҳокама қилинди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой ўртасида қурилиш бўйича қўшма корхона тузишга келишилган.

Қирғиз расмийларига кўра, қурилиш шу йилда бошланади.

Иқтибос

СУРАТ МАНБАСИ,.

Қарийб 30 йил музлатиб қўйилган лойиҳани 2022 йил сентябридаги Самарқанддаги ШОС саммитида қайта бошлашга келишилди.

2023 йил майидаги Сиандаги «Хитой-Марказий Осиё» саммитида Хитой минтақа давлатларига 4 миллиард доллар беғараз ёрдамни ваъда қилди, темир йўл қурилиши лойиҳаси Хитойдаги илмий-текшириш институтига топширилгани ва институт лойиҳани якунлагани хабар қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, Хитой билан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро савдолари ўтган йили рекорд даражага кўтарилган – 70 миллиард долларни ташкил этган.

Хусусан, Қозоғистон билан 31 миллиард, Қирғизистон билан 15,5 миллиард, Туркманистон билан 11,2 миллиард, Ўзбекистон билан 9,8 миллиард ва Тожикистон билан 2 миллиард долларлик савдо қилинган.

Бу йўлдаги асосий мушкулликдан бири Хитой темир йўлининг тор, собиқ Совет темир йўллари, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистон темир йўлларининг кенглиги.

Шинжондан келтирилган вагон Қирғизистон ва Ўзбекистон релсига кўчирилиши керак.

Лойиҳа муҳокамаси пайтида темир йўл изларини алмаштириш станциясини Хитой ҳудудида қуришга келишиб олинган.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси 7-8 миллиард долларни ташкил этиши мумкин деб кўрилаяпти.

Йўлни Қирғизистоннинг қаеридан ўтказиш масаласи ҳам баҳсу музокараларга етаклаган.

Қирғизистон темир йўлнинг имкони борича ўзининг катта ҳудудидан ўтишини хоҳлади, сабаби, темир йўл етиб бориши кўп ҳудудни ободонлаштириш йўлини очади.

Хитой эса Россия ё Қозоғистонга нисбатан қисқа йўл истаган, шунинг учун ҳам Қирғизистоннинг имкони борича қисқа ҳудудини кесиб ўтишини кўзлаган.

Торугарт-Жалолобод маршрути танланди.

Хитой Қашғаридан Ўзбекистон Андижонигача 450 километрлик темир йўл қуриш керак, унинг 280 километри Қирғизистон ҳудудидан ўтади.

Айрим хомчўтларга кўра, янги йўл транзитидан Қирғизистон бир неча юз миллион доллар фойда кўриши мумкин.

BBC.COM/UZBEK

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ