Берлинда «Чойхона» очиб, Марказий Осиё таомларини танитаётган қирғизистонликлар

Берлиндаги қишки ярмаркада кўпчилик германияликлар учун номаълум таомлар растаси пайдо бўлди. Ўзбекча ва қирғизча дўппи кийган йигитлар қозонда дамланган палов, манти ва сомса таклиф этмоқдалар.

Бу манзара кўплаб Марказий осиёликларни ҳайратга солмайди.

Бироқ Ғарбий Европадаги қишки ярмаркалар ва бошқа оммавий тадбирларда минтақа таомлари тобора танилмоқда.

Асли қирғизистонлик ўзбек ва қирғиз дўстлар ўз миллий бош кийимларида хўранда чақирадилар.

Аксар насроний мамлакатларида бўлгани сингари Германия шаҳарларида ҳам Исо Мавлуди ва Янги йил байрами муносабати билан ярмаркалар ташкил этилади, бу ярмаркаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотлари билан иштирок этадилар.

Бу йил Берлин ярмаркасида Марказий Осиё таомларини берлинликлар ва сайёҳларга таклиф этган «Чойхона» растаси ҳам фаолият юритди.

«Чойхона» асосчиси асли Қирғизистоннинг Жалолободидан бўлган ёш Ўзбек йигити Асадбек.

«Биз таклиф этаётган таомларимиз – ош, манти ва сомса. Бизнинг шўрва ва лағмондек мазали овқатларимиз бор. Лекин биз ярмаркада бўлганимиз учун бундай овқатларимизни тайёрлаш унча қулай эмас», дейди Асадбек.

«Бу ярмарка бизнинг таомларимизни дунёга танитишда ва ўзимизни янада ривожлантиришга яхши имконият бўлди», дейди Асадбек.

«Иш бошлаганимизда европаликлар, немислар бизнинг таомларимизни билишмагани учун уларга бир қошиқда таъмини татиб кўришни таклиф қилаяпмиз. Еб кўрганидан кейин кўпчилиги бизнинг овқатларимизни ёқтириб қолишаяпти. Эртаси куни яна келишаяпти «таомларингиз мазали экан» деб», дейди «Чойхона» асосчиларидан Қирғиз йигити Сиймиқ.

«Чойхона» таомлари мусулмончиликнинг ҳалол талабларига тўлиқ жавоб беради.

«Ҳамма масаллиқларимизни Германиядаги Турк дўконлари, тадбиркорлари, Турк қассобларидан оламиз», дейди Асадбек.

Марказий Осиё таомларининг асосий харидорлари Берлинда истиқомат қиладиган руслар, собиқ совет республикаларидан Германияга борган сайёҳлар.

Хўрандалар орасида марказий осиёликларни ҳам кўриш мумкин.

«Россияликман. Берлинга меҳмонга келгандим, палов татиб кўришимни таклиф этишди» – дейди Олга исмли қиз.

Хўрандалар эса ҳеч қачон ўзбек ё қирғиз таомларини еб кўрмаганлар германияликлар ҳам, бу таомларни соғинган ўзбекистонликлар хам бор.

«Биз асли марғилонликмиз» – дейди яна бир Елена исмли хўранда.

«Анча йиллардан бери Германияда яшаймиз. Ўзбекча оақатни кўриб, юрагимиз ҳаприқиб кетди. Ватанимизни эсладик. Она юртни соғинамиз. У ерда халқ жуда меҳмондоўст. Мана ҳамкасб ҳам бизни палов билан сийламоқда. Биз ўзимиз ҳам уйда палов пиширамиз. Кеча мана мол гўшти ва думба солиб манти қилгандик. Қат-қат хамирдан сомса ҳам тайёрлаймиз», дейди Елена.

Берлиндан Лондонгача

Россия, АҚШ ёки Жанубий Корея каби мамлакатлардан билан солиштирганда, Европада Ўзбек ё Қирғиз жамоалари у қадар катта эмас.

Аммо Ўзбек таомлари секин-аста бу ердаги хўрандаларга ҳам танила бошлади.

Нафақат Берлин, балки Лондонда ҳам эндиликда турли маданий тадбирлар ва ярмаркаларда ўзбекча таомларни топиш мумкин.

Ҳатто Лондонда ўтказиладиган ҳар йилги Ҳайит байрамида ҳам ўзбекча ҳалол овқатлар таклиф этилади.

Айни тадбирларга борган айримлар эса айнан Ўзбек таомларига қизиқиш катталигини ҳам айтишади.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ