Фожиа акс-садоси: Сталин даврида Қирғизистонда қарийб минг нафар ўзбек қатағон қилинган

Қатағон қилинган ўзбеклар ҳақидаги маълумотларни ичига олган китоб Бишкекда нашрдан чиқди.

Бишкекда, “Қирғизистонда сталинизм қатағонлари қурбони бўлган ўзбекларнинг номаълум тақдирлари ҳақида ХОТИРА КИТОБИ” дунё юзини кўрди. Қарийб икки юз эллик бетдан иборат бу китобда турли йилларда Қирғизистонда қатағон қилинган, шу пайтгача тақдири қариндошларига номаълум бўлиб келаётган 959 нафар ўзбекнинг қисмати ҳақида маълумотлар очиққа чиқарилган.

ХОТИРА КИТОБИ

Китоб Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизматида 30 йил хизмат ўтаган, икки заҳирадаги полковниклар – “Ата-бейит” тарихий мемориал мажмуасининг директори Бўлўт Абдрахманов ва таниқли ёзувчи ва жамоат арбоби Бегижон Ахмедов билан ҳаммуаллифликда ёзилган.

Шу муносабат билан биз Қирғизистон ҳамда  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, тарихнавис адиб  Бегижон Аҳмедовни суҳбатга чорладик.

– Бегижон ака, яна бир китобни нашрдан чиқарганингиз билан табриклаймиз. Бу китобни ёзиш ғояси қандай келди?

– Раҳмат. Китоб барчамизга муборакли бўлсин. Совет Иттифоқи қулашидан сал аввал, менинг қадрдон дўстим, Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасида бирга хизмат ўтаган ҳамкасбим Бўлўт Жумашевич Абдрахманов ташаббуси ва раҳбарлигида қатағон қилинганлар бўйича ишчи гуруҳлари тузилиб, архивларда 70-80 йиллардан бери чанг босиб ётган материаллар кўтарилган. Биз ҳам бу ишга кўмакдошлик қилганмиз.

Қарийб 28 йиллик изланишлар натижаси сифатида 2017 йилда қатағон қилинганлар ҳақида 10 жилдлик нашр дунёга келган. Китобнинг ҳажми катта бўлгани боис кам нусхада чоп этилиб, фақат кутубхоналар ва музейларга тарқатилган.

Жорий йилнинг баҳорида дўстим Бўлўт Абдрахманов докторлик диссертациясини ҳимоя қилиши муносабати билан уни табриклагани бордим ва шу баҳона анча суҳбатлашиб қолдик. Мен ўзбек миллатига мансуб қатағон қилинганларнинг сони ва тақдири билан қизиқдим. Болот Жумашевич 18 мингга яқин қатағон қурбонлари орасида албатта ўзбеклар борлигини, лекин уларнинг аниқ сонини айта олмаслигини, агар бу ишни бўйнимга олсам, ўзидаги маълумотларни беришга тайёр эканини айтди.

Биз биргаликда китоб ёзишга қарор қилдик. Қирғизистон Республикаси Ўзбек миллий-маданий марказининг раиси Бахтиёржон Қодиров бу савобли ишга камарбаста бўлишни ихтиёр этди. Ва ниҳоят, 25 октябрь куни Бўлўт Абдрахманов билан ҳаммуаллифликда рус тилида тайёрлаган “КНИГА ПАМЯТИ о неизвестных судьбах узбеков – жертвах сталинских репрессий в Кыргызстане (1920-1953 г.г.)» яъни, “Қирғизистонда (1920-1953 йилларда) сталинизм қатағонлари қурбони бўлган ўзбекларнинг номаълум тақдирлари ҳақида ХОТИРА КИТОБИ” нашрдан чиқди.

– Китобда 10 жилдликка киритилган маълумотлардан ташқари яна бошқа, янги маълумотлар ҳам борми?

– Йўқ. Ўзингизга маълум, қатағон йилларидан сўнг кўп вақт ўтди, давр ўзгарди. Халқимизда “Қирқ йилда қозон, эллик йилда авлод ўзгаради, 90 йилда эса шева ўзгариб, миллатнинг тили ҳам ўзгаради”, деган гап бор. Шу сабабли китобга кирган одамларнинг кимлигини аниқлаш, уларнинг авлодларини топиб, қўшимча маълумот тўплаш кўп вақт ва катта меҳнат талаб қилади. Асли мана шу нашрни тайёрлаш ҳам осон бўлмади. Чунки маълумот ҳажми жуда катта, вақт эса тиғиз…

Бу китобнинг чоп этилишини мен катта бир ишнинг бошланиши деб ҳисоблайман. Бу нашр фундаментал изланишларга, катта таҳлилий илмий ишларга асос бўла олади.

– Ана шундай ишга киришиш ниятингиз борми?

– Афсуски, бунга менинг вақтим етишмайди, бошқа ижодий режаларим кўп. Икинчидан, бу кенг кўламли меҳнат фақат кўпчиликнинг ҳаракати натижасида амалга ошиши мумкин. Қолаверса, ушбу нашрни тайёрлагунча ҳам юрагим эзилиб, бағрим қон бўлиб кетди. Чунки ҳар бир исм-шариф ортида бутун бошли бир инсон, унинг оиласининг аянчли тақдири турибди. Қатағон қилинганларнинг жуда кўпчилиги саводсиз, оддий деҳқонлар бўлишига қарамай, улар чет давлатлар фойдасига айғоқчилик қилишда, совет тузумига қарши ишлашда айбланишган. Қуруқ туҳматдан иборат бу айбловлар бўйича оддий одамларни ҳам камида 5 йилга қамашган.

– Лекин бу ўша одам 5 йилда уйига қайтади, дегани эмас…

– Асло. Ҳужжатларда кўрдикки, маълум бир муддатга қамалганлар дом-дараксиз кетаверган. Камига уларнинг тақдири билан қизиққан одамлар, хайрихоҳлик қилганлар ҳам қамалиб кетган. Масалан, машҳур ёзувчимиз Чингиз Айтматовнинг отаси Тўрўқул Айтматовнинг бир қариндоши унинг оиласига Таласда бошпана берани учун “халқ душмани”га хайрихоҳлик кўрсатган жиноятчи деб айбланиб, 10 йилга қамалиб кетган. Бу муддат ўтгач, уни яна 10 йилга колонияга жўнатишган ва у ўша ерда вафот этган. Оддий одамлар ҳақида сўрамасангиз ҳам бўлаверади.

Қатағон тизими бир шафқатсиз  комбайн сифатида ишлаб, минглаб одамларни домига тортиб, йўқ қилиб юбораверган экан…

– Нашрда кўрсатилган мингга яқин ўзбекдан 200 нафарга яқини бошқа давлатлардан келган экан. Уларга асосан қандай айб қўйилган экан?

– Саралаш ва таҳлил давомида маълум бўлдики, 959 қатағон қурбони бўлган ўзбекларнинг 753 нафари қирғизистонлик бўлса, 171 нафари Ўзбекистонда таваллуд топган. Яна 15 нафари Хитойда, 12 нафари Қозоғистонда, 6 нафари Тожикистонда туғилган. Улар қандайдир сабаблар билан Қирғизистонга келиб қолишган ва қатағонга учраб, дом-дараксиз кетишган. Қирғизистонда қатағон қилинганлар сони 18 минг бўлса, улар ичида турли миллат вакиллари ҳам бўлган. Бошқача айтганда, қарийб ҳар 17-18 қурбоннинг биттаси ўзбек бўлган.

Қатағон қурбонларини 4 тоифага бўлиш мумкин. Биринчиси, 1918 йилдан 1923-24 йилларгача бўлган даврда қатағон қилинган шахслар. Яъни, большевиклар Туркистонни эгаллаган вақтда совет тузумига қарши бўлганлар қирғин қилинган. 1918 йилда Совнарком (Халқ комиссарлари кенгаши)нинг  “Қизил террор” ҳақидаги қарори чиққан. Унга кўра, давлат, халқ душмани сифатида айбланган шахслар судсиз-сўроқсиз отиб ташланаверган.

Иккинчи тоифа 1925-1936 йилларда “қулоқлар” синфини йўқ қилиш ҳақидаги қарор асосида қатағон қилинган. Бу тоифага бойлар, ер эгалари ва ҳатто ўзига тўқ оилалар ҳам кирган. Бу қурбонлар нафақат коллективлаштириш, колхозлар тузишга қарши чиққанлар, балки иғво ва чақувларга учраган беайб одамлар, айниқса зиёлилар, миллий онгни шакллантирувчи миллат ойдинлари бўлишган.

Учинчи тоифага қирғиннинг чўққиси бўлган 1937-1938 йилларнинг қатағонлари тўғри келади, айни ўша йиллари жуда даҳшатли қатағон бўлган. Кейинги босқич Иккинчи жаҳон уруши даврида бошланиб, Сталиннинг ўлими ва Хрушчёв ташаббуси билан компартиянинг XX съездида қабул қилинган шахсга сиғиниш оқибатлари ҳақидаги қарорнинг қабул қилинишигача бўлган даврни ўз ичига олади.

Энди Қозоғистондан, Тожикистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардан Қирғизистонга келиб, қатағонга учраган ўзбекларга тўхталсак, большевиклар уларга қарши ҳар хил жазо усулларини қўллашган. Масалан, аввал қамаб кейин отиб ташлаш, қамаб, сўнг сургун қилиш ёки яшаётган жойидан бошқа жойларга кўчириб юбориш ва бошқалар.

Ўша вақтда миллат зиёлилари, мустақил фикрловчи шахсларни, ҳатто оддий меҳнаткашларни ҳам шўролар тузумини қабул қилмагани учун мажбуран бошқа диёрларга кўчириб юборишган. Бундан ташқари, бир қатағон тўлқини тугаб, иккинчиси бошланганда одамларнинг ўзлари ҳам қўрқувдан муқим яшаган жойларини ташлаб, бошқа шаҳар-қишлоқларга кўчиб кетишган. Хитойдан келиб қолганлар асосан карвончилар, савдогарлар бўлиб, улар жосус дейилиб отиб ташланган.

Зиёлилар бўйича мисол келтирадиган бўлсак, 1947 йилда бир гуруҳ олимлар ва адиблар, ҳукумат тизимида ишлаган арбоблар “Манас” эпосини ўрганиш, уни китоб ҳолида чиқариш ташаббуси билан чиққанлари учун қатағон қилиниб, отиб ташланган, бу ҳам оз кўриниб, мол-мулки ҳам мусодара қилинган.

– Қирғизистонда қатағон қилинган ўзбеклар орасида ҳам машҳур зиёлилар бўлганми? Улар қандай айблов билан қатағон қилинган экан?

– Биз тўплаган маълумотларда қатағон қилинган ўзбеклар орасида колхоз раислари, қишлоқ кенгашларида ишлаганлар ҳам бўлган. 1938 йилнинг 5-6 ноябр кунлари Қирғиз давлатини тузишда иштирок этган Қасим Тинистанов, Тўрўқул Айтматов, Ишенали Арабаевлар каби буюк арбоблардан 137 нафари отиб ташланган бўлиб, уларнинг ичида ҳам 17 миллат вакиллари бўлган. Масалан, уч нафари ўзбек, 17 киши уйғур ва бошқа миллатдагилар. Қамалганларнинг тақдири билан қизиққанлар ҳам “халқ душманининг шериги» деб ўртача 10 йил муддатга қамаб ташлашган. Ёзма мурожаатларга эса, “… сургун қилинган, қаерга жўнатилганини тергов билмайди”, деган мазмунда бир хил, мавҳум жавоб қайтаришган. Ҳатто одамларни аллақон отиб, кўмиб юборишганини ҳам яширишган.

– Улар орасида оқланганлар бўлганми?

– Бор, албатта. 50-чи йилларнинг охиридан бошлаб ҳозиргача қатағон қурбонларини оқлаш ҳақидаги фармон ва қарорлар қабул қилинмоқда. Масалан, “Хотира китоби”ни варақласак, Баротов Дадабой деган киши. У 1932 йилда советларга қарши фаолияти учун деб, 5 йилга қамалган. Ўзи аслида оддий деҳқон бўлган. Шу бўйича ундан дарак бўлмаган. Фақат 1990 йилнинг 20 сентябрида оқланган. Яъни, 60 йил жиноятчи сифатида қолиб кетган.

– Ушбу китобдаги маълумотлар орқали қатағон қилинганларнинг авлодлари ўз боболари ҳақида маълумот олишса бўладими?

– Бизнинг китоб бу борада биринчи очиқ манба ҳисобланади. Унда қатағон қилинган шахснинг исм-шарифи, туғилган йили, яшаган жойи, миллати, қачон ва нима сабабдан қамалгани, отилгани ёки оқлангани, қаерга кўмилгани, ҳатто архивдаги ишнинг (дело) рақамларигача ёзилган. Уларнинг авлодлари боболари ҳақидаги маълумотларни тўлароқ олишни истаса, ўша иш рақамларини кўрсатиб, давлат органларига мурожаат қилишса бўлади.

– Материални тайёрлаш вақтида сизни нималар, қандай воқеалар ўзига жалб қилди?

– Китобни тайёрлаб, таҳрир қилиб, ўзбекларни саралаб олаётган вақтимда, қалбимни энг ларзага солган нарса – оддий, ҳеч нарсадан хабари йўқ, саводсиз инсонларни ҳам ватанга хоинлик қилишда, аксил шўрочи сифатида, Англия ёки Франция разведкаларига ишлаган деб айблаб, отувга ҳукм қилиб юборишгани бўлди. Бечораларнинг озгина мол-мулки ҳам мусодара қилиниб, оилалари кўчада қолган…

Юқорида айтганимиздай, даҳрий большевиклар қадимий Туркистонни босиб олгач, 1920 йиллардан бошлаб халқнинг, миллатнинг зиёлиларини, диний, маънавий йўлбошчиларни йўқ қилишга киришишган. Кейинчалик эса қатағон тегирмонига нафақат давлат, маданият, жамоат арбобларини, уларга қўшиб жамиятнинг барча қатламлари вакилларини, ҳатто саводсиз оддий батрак, деҳқонларни ҳам ташлашиб, уларнинг тақдирларини оилалари билан хонавайрон қилиб ташлашган. Демак, ўз-ўзидан кўриниб турибдики, битта айбсиз қамалган қатағон қурбонининг бутун оиласи ва яқин қариндошлари “халқ душмани”нинг фарзанди, қариндоши, дўсти ёки бошқа алоқаларда айбланиб, тазйиққа учраганлар. Уларни на ўқишга, на ишга қабул қилишмаган.

Яна бир мени ларзага солган нарса шу бўлдики, расман, номигагина ўтказилган адолатсиз судлардан ташқари уч мансабдорнинг имзоси билан, яъни “тройка”ларнинг ва “особое совещание” – “ўзгача кенгаш”ларнинг қарорлари билан бегуноҳ одамлар “аксилшўрочи”, “давлат хоини”, “жосус” деб отиб юборишган, ёки 10, 20, 25 йилга қамашган ва сургун қилиб юбораверишган.

Мудҳиш воқеаларнинг яна бир  тафсилоти шундан иборатки, қатағон қилинган одамларга “халқ душмани” тамғаси босилиб, улар ташқи дунёдан мутлақо мосуво қилинганлар. НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) ходимлари айбсиз одамларни қамаб, турмаларга олиб кетилганича уларнинг тақдири ҳақида яқинларига маълумот беришмаган. Натижада Қирғизистонда қатағонга учраган 40 мингдан ортиқ инсоннинг тақдири, қисмати ҳозирга қадар номаълум бўлиб қолмоқда.

– Китоб рус тилида чоп этилибди. Ўзбек тилига таржима қилиш режада борми?

– Биз китоб нашрдан чиқиши билан Қирғизистондаги ўнта йирик кутубхоналарга ва музейларга бердик. Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Хитойдаги шу мавзу тадқиқотчиларига, қатағон қурбонлари музейларига ҳам беришга тайёрмиз. Шунда ҳар бир давлат ўз тилига таржима қилиб олса бўлади. Ўзбек тилига келсак, агар тарихчиларимиз ёки кимдир таржима қилиш ниятида бўлса, қўлдан келган ёрдамни беришга тайёрмиз.

– Советлар даврида қатағонга учраган, тақдири ҳануз номаълум бўлиб қолаётган аждодлари ҳақида маълумот олишни истаганлар кимга мурожаат қилса бўлади?

– Ушбу китобдан Қирғиз Республикаси Ўзбек миллий-маданий марказининг жумҳурий ва вилоят бўлимларига ҳам тақдим этмоқдамиз. Ким ўз аждодлари ҳақида маълумот излаётган бўлса, бемалол биз – муаллифларга ёки миллий марказларга мурожаат қилишлари мумкин.

Ушбу китоб нафақат қатағон қурбонлари ҳақида, балки умуман тарихчилар учун манба бўлиб ҳисобланади. Қатағон қурбонларининг миллат, ватан олдида кўрсатган хизмат ва жасоратларини кўрсатиш лозим. Уларни ичида оқланмаганларининг ишини ўрганиб чиқиб, таҳлил қилиш ва оқлаш лозим. Ватан ва миллатнинг асл фарзандларининг номларини абадийлаштириш эса уларнинг пок руҳлари, тарих, аждодлар ва авлодлар олдидаги бурчимиздир.

– Раҳмат, мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун миннатдорчилик билдирамиз.

Умида Мирзабаева, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ