Исроил-Фаластин уруши: Қирғинни тўхтатиш учун кескин чоралар кўриш зарур

Пекин “икки халққа икки давлат” тамойилини илгари суриб, халқаро конференция чақиришни таклиф қилди.

Исроил ва Ҳамас ўртасидаги тўқнашувда яраланган фаластинликларнинг Ғазодаги шифохоналарга оқими давом этмоқда. Расмий маълумотларга кўра, Ғазода ҳозирга қадар 2670 киши ҳалок бўлган, 9600 дан кўпроқ одам жароҳатланган. Шунингдек, можарода 28 нафар фаластинлик тиббиёт ходими ҳам қурбон бўлган.

Исроил томон ўзидан 1400дан ортиқ одам ҳалок бўлиб, 3000 киши ярадор бўлганини эълон қилди. Шунингдек, Ғазо ҳудудида ўнлаб исроилликларнинг гаровда ушлаб турилганини айтмоқда.

Доимгидай АҚШ бу урушда ҳам Исроилни қўллашини билдирди. Камига Фаластин тарафида эканини эълон қилган Эронга можарога аралашмаслигини талаб қилиб, таҳдид солди. Россия эса қирғинни тўхтатиб, масалани музокаралар йўли билан ҳал қилиш ташаббуси билан чиқди.

Адолат ўрнатишга холис чақириқ

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И, Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб бораётгани муносабати билан халқаро ҳамжамиятни халқаро конференция ўтказишга чақирди.

Ван Ига кўра, яқин келажакда халқаро ҳамжамиятни “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида кенгроқ консенсус ишлаб чиқишга ундаш учун энг нуфузли ва таъсирли халқаро тинчлик конференциясини ўтказиш, шунингдек уни амалга ошириш бўйича жадвал ва йўл харитасини шакллантириш керак.

Хитой вазири Фаластин масаласи Яқин Шарқдаги келишувларнинг ўзаги эканлигига эътибор қаратган.

«Муаммонинг ўзаги шундаки, Фаластин халқи учун адолат ўрнатилмаган. Бу можаро Фаластин муаммосини ҳал қилиш йўли чинакам тинчлик музокараларини тезроқ қайта бошлаш ва халқнинг қонуний ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда эканлигини яна бир бор фожиали тарзда исботлади”, – деди Ван И.

Хитой бош дипломати БМТ Фаластин муаммосини ҳал қилишда масъулият билан ўз  мажбуриятларини бажариши кераклигини эслатди.

“Хитой Исроил-Фаластин можароси бўйича БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғилишини ўтказишни қўллаб-қувватлайди, инсонпарварлик масалаларига эътибор қаратиш зарурлигига қўшилади ва ўт очишни, зўравонликни тўхтатиш, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва халқаро шартномалар тузиш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан мажбуриятларни бажаришга чақиради”, – дейди Ван И.

Хитой қарама-қаршиликдаги барча томонларни вазминликка, минтақавий тарангликни имкон қадар тезроқ юмшатишга ва можаронинг янада авж олишига йўл қўймасликка чақирган.

“Жиддий вазиятнинг олдини олиш учун тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва Ғазо секторидаги гуманитар инқироз сабаб, у ерга ёрдам етказиб бериш йўлакларини очиш энг муҳим вазифа бўлиши керак”, – дея қўшимча қилган Ван И.

Узунлиги 50 ва эни 12 чақиримгача бўлган ҳудудни эгаллаган Ғазо ҳудуди бир томондан Исроил, иккинчи томондан Ўртаер денгиз билан ўралган. У ерда 2 миллион атрофида одам, асосан мусулмонлар яшайди. Аҳвол Мисрнинг қочоқларнинг уруш ҳудудидан чиқиб кетиши ва Ғазога инсонийлик ёрдамлари келтириш учун ўз ҳудудидан коридор очиб беришдан бош тортгани сабаб янада оғирлашган.

Бугун, 16 октябр куни АҚШ билан музокаралардан сўнг Миср Рафах чегара пунктидан ўтадиган ушбу коридорни очишга рози бўлди. Бу ҳақда АҚШ давлат котиби Блинкен хабар берди. Маҳаллий вақт билан эрталаб 9.00 да бу ердан аввал чет эл фуқароларини ўтказиш бошланади. Сўнг Ғазога инсонийлик ёрдамлари киритила бошлаши маълум қилинди.

Исроил-Фаластин можароси бошлаганидан бери, Исроил Ғазо секторини сув ва электр таъминотидан узиб қўйган. Шунингдек, Исроил “ҲАМАСни ер юзидан йўқ қилиш” учун қуруқликдаги амалиёт ўтказиш режасини эълон қилиб, Ғазо аҳолисидан шимол томонга кўчиб ўтишини талаб қилди. Лекин одамлар қочиши мумкин бўлган йўлларни тинимсиз ўққа тутмоқда.

Эрон бу амалиёт ўтказилган тақдирда можарога аралашишини эълон қилгач, Исроил об-ҳавони баҳона қилиб, бу амалиётни бир неча кун ортга сурди. Хуллас, бу ҳудудда ярим асрдан буён давом этиб келаётган ва жаҳон ҳамжамиятининг кўз юмиб келиши, АҚШнинг Исроилни ошкора қўллаб келиши натижасида Фаластин ҳудудини Исроил деярли тўла эгаллаб олган. Агар Иккинчи жаҳон урушидан кейин бу ерда бор йўғи 60 минг атрофида яҳудий яшаган бўлса, энди уларнинг сони 10 миллион атрофида. Фаластиннинг мусулмон аҳолисининг сони эса, 5,5 млн. нафарга яқин.

Европадаги митинглар

Жаҳонда Фаластин муаммосини кўпчилик яхши тушуниб қолди. Ва шу сабаб йирик давлатлар раҳбарларининг адолат ўрнатиш талаби билан бир қаторда турли давлатларда Исроилнинг ҳатти-ҳаракатларига қарши намойишлар ўтмоқда. Жумладан, Европанинг бир қатор шаҳарларида Фаластинни қўллаб-қувватловчи намойишлар бўлиб ўтмоқда. Иштирокчилар Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларини қораламоқда.

Расмийларнинг таҳдидларига қарамай, 14-октябрда Лондонда Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун минглаб одамлар кўчага чиққан. Намойишчилар Британия пойтахти марказидан ўтиб, баннерлар ва Фаластин байроқларини кўтариб, унинг мустақиллигини қўллаб-қувватловчи шиорлар айтишган. Шунингдек, намойиш Англия бош вазири Риши Сунакнинг идораси жойлашган Даунинг кўчасидан ҳам ўтган.

Лондон полицияси намойишда хавфсизликни таъминлаш учун мингдан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимларини жалб қилган. Худди шундай намойишлар Буюк Британиянинг бошқа шаҳарларида, жумладан Манчестер ва Эдинбургда ҳам бўлиб ўтди.

Ҳафта бошида Британия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Суэлла Браверман, хавфсизлик кучларини Яқин Шарқда можаро авж олган бир пайтда кўчалардаги тартибсизликларни бостиришга чақирган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати Британияда террорчи ташкилот сифатида тан олингани ва уни қўллаб-қувватлаш ва рамзларидан фойдаланиш жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини бир неча бор эслатган.

Фаластинни қўллаб қувватлаган намойишлар Германия пойтахти Берлин ва Венгрия бошкенти Будапештда ҳам ўтказилди. Германияда Исроилнинг тарафдорлари ҳам намойишга чиқдилар.

Парижда Фаластин тарафдорлари намойишлари расман тақиқланганига қарамай ўтказилган митингда, полиция йиғилганларни тарқатиш учун сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.

Намойишчилар Фаластиннинг мустақиллигини қўллаб-қувватловчи шиорлар ва байроқлар кўтариб, кўчалар бўйлаб юришган. Митингларда “Озод Фаластин”, “Ғазони ўлдиришни тўхтатинг”, “Геноцидни тўхтатинг”, “Фаластин ғалаба қозонади” каби ёзув ва чақириқларни янграган.

Франциянинг Марсель шаҳрида ҳам Фаластинликлар митинг ўтказган.

Бангладешда намойишчилар Исроилнинг Фаластинга ҳаво ҳужумлари ва ҳудуд блокадасини қоралаган плакатларни ушлаб туришган.

Истанбулда Фаластинни қўллаб-қувватлаш марши ўтказилиб, намойишчилар Туркия ва Фаластин байроқларини кўтариб, ушбу давлатни қўллаб-қувватловчи шиорлар айтишмоқда.

Марш “Миллий ирода” платформаси томонидан ташкил этилиб, Истанбулдаги Боязид майдонида йиғилган тадбир иштирокчилари Султон Аҳмад масжиди тараф йўл олган.

Путин Фаластин давлати тарафдори

Россия президенти Владимир Путин, 13-октябр куни Бишкекда бўлиб ўтган МДҲ етакчилари саммитида, мустақил Фаластин давлати яратилиши кераклигини айтган.

“Биз Фаластин-Исроил можаросини музокаралар йўли билан ҳал қилишдан бошқа илож йўқ, деган фикрдамиз. Мақсад, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини яратишни назарда тутувчи БМТнинг икки давлат формуласини амалга ошириш бўлиши керак”, – деди Путин.

Гап шундаки, Фаластин ҳудудида иккита давлат тузиш формуласи БМТ Бош Ассамблеясининг 1947-йилнинг 29-ноябридаги 181-сонли резолюциясида мустаҳкамланган. Унга кўра, Фаластин ҳудудида икки давлат тузилиб, унинг тарихий маркази бўлиб келган Қуддусда БМТ назорати ўрнатилиши керак эди. Бу таклиф томонларни қониқтирмади ва шу баҳона манфаатдор йирик давлатлар аҳволни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар.

Исроилнинг (сариқ рангда берилган) Фаластин ерларини эгаллаб бориши жараёни. Ғазо ҳудуди қизил доира ичида кўрсатилган

Лекин вақт ўтиши билан БМТнинг сусткашлиги ва бўшлиги сабаб Исроил давлати тузилгани ҳолда мусулмонларга ўз давлатини барпо қилишда тўсиқлар қўйилди. Оқибатда бугунги кунда Исроил деярли бутун Фаластин ҳудудини эгаллаб олган. Камига Қуддусни (Иерусалим) мамлакат пойтахти деб эълон қилди. Собиқ АҚШ президенти Трамп бу қарорни тан олишини айтиб, яна алангага мой сочди.

Эслатиб ўтамиз, Фаластин ҳудуди яҳудий, насроний ва мусулмонлар учун бирдай муқаддас ер ҳисобланади. Аввалги иккови бу ерда Ийсо пайғамбарнинг ҳочга михланиши билан боғлашса, мусулмонлар Ал-Ақсо масжидини Макка ва Мадинадан кейин учинчи муқаддас зиёратгоҳ ҳисоблайдилар. Чунки у ерда сўнгги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом барча пайғамбарлар билан намоз ўқиб, меърож кечаси содир бўлган.

Аввалроқ, Путин Исроил ва Фаластин ўртасида воситачи бўлишга тайёр эканини ҳам айтган. Бунгача у Фаластин масаласида кескин баёнотлар беришдан тийилишга чақирган.

“Энг муҳими қон тўкилишини тўхтатиш. Коллектив ҳаракатлар талаб этилади. Россия барча ҳамкорлар билан мулоқот қилишга тайёр. Биз музокаралар тарафдоримиз, уларни амалга ошириш Фаластин ва Исроил билан тинч-тотув яшаётган икки давлатни яратишга олиб келиши керак”, деган эди Путин.

Сабр косаси тўлгач…

БМТ ташкилотининг қарорига қарамай, фаластинликлар тобора қисувга олиниб, уларнинг асосий қисми Ғазо ҳудудига сиқиб қўйилгач, Исроил давлатига қарши кайфиятлар кучайиб бораверган. Мусулмон аҳолисининг ҳуқуқлари поймол этилавериши натижасида (масалан, улар Ал-Ақсо масжидида ҳам бемалол намоз ўқий олмайдилар) норозилик ва тўқнашувлар доим бўлиб келган.

Кутилмаганда, 7-октябр куни ҲАМАС (Ғазо ҳудудига раҳбарлик қилувчи ҳаракат, айрим давлатлар уни террористик ташкилот деб тан олган. – таҳр.) Исроилга бир неча минг ракета отган ва “Ал-Ақсо” тўфони операцияси бошланганини эълон қилган. Минглаб ҳарбийлар Исроил ҳудудига кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ одамларни гаровга олган. Исроил Бош вазири Нетаняху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди.

Исроил мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталиб, унинг мақсади – “ҲАМАСни ер юзидан супуриб ташлаш” экани маълум қилинган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазо секторидаги ҲАМАСнинг юзлаб марраларига зарбалар берган ва секторга сув, озиқ-овқат, товарлар, электр ва ёқилғи етказиб беришни тўхтатган.

Ғазонинг Исроил ҳаво ҳужумидан кейин вайронага айланган ҳудуди

Исроил армияси раҳбарияти 13-октябр куни Ғазо секторининг шимолий қисмида жойлашган аҳолини ҳудуддан чиқиб кетишга чақирган. Баёнотда айтилишича, бу талаб Ғазо аҳолисининг хавфсизлиги учун қилинган, чунки ҲАМАС жангарилари гўёки “Ғазо шаҳридаги туннелларда ва тинч аҳоли яшайдиган бинолар ичида яшириниб, аҳолидан тирик қалқон сифатида фойдаланмоқда”.
Бу 24 соатлик эвакуация буйруғи бир миллиондан ортиқ аҳолига – бутун Ғазо сектори аҳолисининг ярмига таъсир қилади. Бунга жавобан ҲАМАС Исроилни “психологик уруш”да айблади ва аҳолини уйини тарк этмасликка чақирди.
Исроил бу талаб ҳақида БМТни хабардор қилган. БМТ кўчиб ўтиш буйруғини ҳалокатли гуманитар оқибатларсиз бажариш имконсиз бўлгани боис бу буйруқ сўзсиз бекор қилиниши керак, деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторида 423 мингдан ортиқ киши уйини тарк этган. Сўнгги 24 соат ичидагина қочоқлар сони 84,5 минг кишидан ошди.

Эрдўғон нима дейди?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроилни Ғазо секторига номутаносиб ва ​​асоссиз ҳужумлардан тийилишга чақирди. У тинч аҳолига қарши ҳар қандай ҳаракатни қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Ҳар хил шармандали усуллар билан олиб борилган тўқнашувлар уруш эмас, қирғиндир», деди Туркия президенти.

Туркия давлати раҳбари урушда ҳам урушаётган томонлар риоя қилиши шарт бўлган маънавий кодекс борлигини эслатган.

“Биз Исроил ҳудудида тинч аҳолининг ўлдирилишига очиқчасига қаршимиз. Худди шундай, Ғазо секторида тизимли бомбардимон остида бегуноҳ одамларнинг беғараз ўлдирилишини ҳам ҳеч қачон қабул қилмаймиз”, – дея урғулаган Эрдўғон.

Президент барча томонларни Фаластин халқини “жамоавий жазолаш”, жумладан, гуманитар ёрдам етказиб беришни тўхтатишга қаратилган “импулсив қарорлар”дан тийилишга чақирди.

Эроннинг ҳам қарори қатъий

Юқорида айтилганидек, АҚШ президенти Жо Байден Эронни Исроилнинг ҲАМАС билан урушига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирди. Бу огоҳлантиришнинг қуруқ сўз эмаслигини исботи сифатида Америка авиаташувчи флотини Шарқий Ўрта ер денгизига кўчирди. У ерга яна қирувчи самолётлар юбормоқда. Байден буни “эронликларга аниқ муждадир”, деб атади.
бундан ташқари Байден Оқ уйда яҳудий жамияти раҳбарларини қабул қилиб, уларга телефон орқали мулоқотда Бош вазир Бенямин Нетаняхуга кўпроқ ҳарбий ёрдам ваъда қилганини айтган.

The Jerusalem Post хабарига кўра, агар Ғазо бўлгасини ўққа тутиш тўхтатилмаса, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушга аралашишга тайёрлигини билдирган Эрон раҳбарияти бу ҳақда Исроилни БМТ орқали хусусий тарзда огоҳлантирган.

Исроил қўмондонлиги Эроннинг аралашуви Ливан жануби ва Суриядаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи томонидан “иккинчи фронт” очиш бўлади, дея тахмин қилмоқда.

Шанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амирабдуллоҳиён Байрутда БМТнинг Яқин Шарқда тинчлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчиси Тор Веннесланд билан учрашди. Шундан сўнг у ҲАМАС етакчиларидан бири Исмоил Хония билан кўришган. Вазир ҲАМАС ҳужумларини “Фаластин ерларини озод этиш йўлидаги тарихий ғалаба” деб атаб, гуруҳ билан ҳамкорлик давом эттирилишига ваъда берган.

“Исроил ҳарбий жиноятлар ва геноцидни дарҳол тўхтатмаса, вазият назоратдан чиқиши ва оғир асоратларга олиб келиши мумкинки, бунинг жавобгарлиги БМТ ва унинг Хавфсизлик кенгаши зиммасига тушади”, деб ёзди Х (аввалги Твиттер) ижтимоий тармоғида Эроннинг БМТдаги вакили.

Исроилнинг БМТдаги вакили Гилад Эрдан эса, Амирабдуллоҳиён билан учрашгани ва Эроннинг радикал исломчиларга дастак бераётганини қораламагани учун Виннесландни қаттиқ танқид қилди.

“У билан қўл сиқишган экансиз, қўлингизда қолган исроиллик гўдаклар қони доғларини ювиб ташлашни унутманг”, деб ёзди у.

Лекин кимнинг қўлида кўпроқ қон изи қолгани ва қон тўкилишининг ҳамон давом этаётганининг сабабини бутун жаҳон кўриб-билиб турибди. Ажабмаски, бу уруш, ниҳоят тарихий адолат қарор топиб, Фаластинда БМТ қарори асосида иккинчи, Фаластин давлатининг ҳам тузилиши билан якун топса.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ