Ўзбекистон фуқаролари Қамча Кўлбаевнинг ўлими учун қасос олмоқчи бўлишганми?

Уч нафар ёлланма қотил Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб Бишкекка келган. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.

Унга кўра, бу шахслар Қирғизистонга “қонундаги ўғри” Қамчибек Асанбек (Қамчи Кўлбаев) ўлими учун қасос олиш учун келиб, бир инсонни ўлдиришлари керак бўлган. Қўлга олинганлар тергов давомида бир қатор фуқароларнинг қотиллигига алоқадор бўлиб, қидирувда экани маълум бўлган

Улар, Ўзбекистон фуқаролари: 1997-йилда туғилган Каримбердиев Ойбек Аббас ўғли, 1996 йилда туғилган Рустамов Азамат Шуҳратович ва 1994-йилда туғилган Абдулкаффаров Исломхон Абдусамат ўғли экани айтилмоқда.

“Тергов-қидирув тадбирлари давомида қўлга олинганлар кўрсатма беришди. Уларга жиноий дунё вакиллари Қамчибек Асанбекнинг ўлими учун қасос олишга “буйруқ” беришган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва “Алфа” махсус хизмати билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар доирасида юқоридаги жиноятчилар 13-октябрь куни Бишкек шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди”, дейилади расмий хабарда.

Шунингдек, хавфсизлик қўмитаси гумондор шахсларнинг ҳужжатлари суратларини ҳам эълон қилган.  

Қўлган олинган уч нафар ўзбекистонликларнинг суратидан уларнинг жиноятчи  эмас, балки муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахслар ёки қурилиш соҳасидаги инсонларга ўхшатиш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 4-октябрь куни Бишкекда ўтказилган махсус операция давомида “қонундаги ўғри” Қамчи Кўлбаев йўқ қилинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, қуролли қаршилик кўрсатган уюшган жиноий гуруҳ раҳбари ўлдирилганини маълум қилган.

Кўлбаевнинг ўлдирилиши ортидан Қирғизистонда жиноят оламини тугатиш ишлари бошланган. Тергов маълумотларига кўра, Қамча Кўлбаевнинг жиноий фаолиятига алоқадор ёки унга ҳомийлик қилган ўнлаб одамлар ҳибсга олинган. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, уюшган жиноий гуруҳ раҳбарининг 1 млрд долларлик бойлиги давлат ҳисобига мусодара қилинганини маълум қилган.

Қўмита, давом этаётган тергов ҳаракатлари давомида уюшган жиноий гуруҳнинг 40 дан ортиқ фаол аъзолари ва етакчилари қўлга олингани ва деярли барчаси ўзларининг жиноий “унвонлари”дан воз кечганини билдирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ