Қирғизистонда “Макон карта” олиш учун ҳужжатларни қабул қилиш бошланди

Қирғизистондаги сайловларда қатнашиш ва ҳукумат лавозимларда ишлаш ҳуқуқларидан маҳрум, аммо қолган барча бошқа ҳуқуқларидан фойдаланиш имконини берувчи «Макон карта» олишга ҳужжатларни қабул қилиш бошланди.

“Макон карта”ни олишни истовчи ҳар бир Қирғизистон фуқаролигидан чиққан ватандош Қирғизистоннинг элчихоналари ва консулликларига мурожаат қилишлари мумкин. Қирғизистон ичкарисида бўлган ватандошлар эса давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин.

Қирғизистонда 13 мартдан «Макон карта»ларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни қабул қилиш бошланди. Ҳужжат ариза топширилгандан кейин икки ой ичида берилиши керак.

Қирғизистон мустақилликка эришгандан бери 60 мингдан ортиқ қирғизистонлик Россияга кўчиб ўтган. 1,2 миллионга яқин қирғизистонлик хорижда яшаб ишлайди, шундан бир миллионга яқини Россияда, деди Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазири ўринбосари Нурдўлот Базарбоев.

10 йил амал қиладиган “Макон карта” эгаларига “Чет эл фуқароси бўлган ватандош” мақоми берилади.

Уларга Қирғизистонга визасиз кириш, рухсатномасиз ишлаш, таълим ва тиббий хизматидан фойдаланиш, ота-онаси ёки бошқа қариндошларидан мерос қолган ер улушидан 10 йил давомида фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Аммо хавфсизлик нуқтаи назаридан қўшни Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Хитой фуқаролигини олган Қирғизистон фуқароларига «Макон карта» ҳужжат берилмайди.

Бошқа давлат фуқаролигини олган собиқ қирғизистонликларнинг ҳуқуқларини кенгайтиришга рухсат берувчи «Макон карта» қонуни Қирғизистон парламенти томонидан 2020 йилда қабул қилинган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ