Қирғизистонда муштлашув билан боғлиқ можародан сўнг депутат истеъфо берди

Қирғизистон парламенти депутати Жанибек Абиров 27 март куни ўз лавозимини тарк этиш ҳақида ариза берди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Сайлов ва референдум ўтказиш марказий комиссияси матбуот хизмати хабар берди.

Абиров 27 март куни Facebookдаги саҳифасида пойтахт ресторанларидан бири яқинидаги муштлашувда иштирок этгани муносабати билан депутатлик ваколатларидан воз кечиш ҳақида МСКга ариза ёзганини айтди. Унга кўра, содир бўлган воқеалардан кейин унинг парламент депутати бўлишга ҳуқуқи йўқ.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда депутат Жанибек Абиров иштирокида Бишкекдаги ресторанлардан бирининг ёнида бўлган муштлашув видеоси тарқалган эди.

12 март куни жабрланувчи ариза билан полицияга мурожаат қилган. 14 март куни Абиров муштлашувга алоқадорлигини тасдиқлади ва “қонунга мувофиқ жавобгарликни ўз зиммасига олишга тайёрлигини” айтди.

Полиция Бишкекдаги ресторанлардан бири яқинидаги муштлашувда гумон қилинган икки шахсни қўлга олди. Улар 13 апрелга қадар Бишкекдаги 1 тергов изоляторига жойлаштирилди. Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатди.

Қирғизистон Республикаси МСК маълумотларига кўра, комиссия аъзолари дастлаб Абировнинг аризасини кўриб чиқади, шундан сўнг бўшаган депутатлик мандати пайдо бўлганидан кейин икки ой ичида президент пойтахтнинг Ленинский сайлов округида сайловларни тайинлайди.

МСК аъзолари иштирокидаги йиғилиш аниқ қачон бўлиб ўтиши ҳозирча маълум эмас.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ