Баҳодиржон Юнусов: “Уйланишим керак, ака, қиз топилмаяпти”

Бу гал суҳбат учун сиёсат билан иши бўлмаган, бизнинг назаримиздаги мантиқни суймайдиган, Ўшликларнинг деярли барчаси танийдиган, шаҳар чорраҳаларида туриб олиб, ДАН ходимларининг асабига тегадиган, сулув қизларга беозор тегишадиган Баҳодиржон Юнусовни танладик.

Одамлар орасида ўз ташвиши билан яшаётган бу галги қаҳрамонимиз ҳақидаги суҳбат сизга эриш туюлмайди деган умиддамиз. Чунки у ҳам инсон. Инсонки, бировни алдамайдиган, бировга зарари тегмайдиган. Инсонки, биз кўпда эътибор бермайдиган, кўпинча биз юқоридан қарайдиган.

Балки ушбу суҳбат одамлар орасида юрган Одам билан бизни яқин қилар.

1966 йили Ўш шаҳрида қурувчи Юлвас ака ва Мағфиратхон аялар хонадонида тўнғич фарзанд Баҳодиржон дунёга келди. У аввал болалар боғчасида тарбиялана бошлайди. Боғчадан қочиб кетавергани сабабли у ерда бир йилгина юради. Ёши етгач, Баҳодирни шаҳардаги Ленин номидаги ўрта мактабга берадилар. Мактбада ҳам Баҳодир бўшроқ бўлгани учун ката отасининг маслаҳати билан ўқитмай қўядилар. Ўғилларини Крупская номидаги махсус мактабда ўқитгани ота-онаси рози бўлмайди. Мактаб ёшида Баҳодир Юнусов Ўшда уюштирилган савдо ярмаркаларида ҳаммоллик қиларди.

– Ўғлим ёшлигида бирам яхшийди, кейин шунақа бўлиб қолди. Лекин икки-уч яшарлигида зўрға юрган. Тили ҳам 5-6 яшарлигида чиққан. Баҳодиржон 15-16 ёшида бозорда ишлаб юриб, ўша ерга ўрганиб қолган, – дейди онаси Мағфиратхон ая, – ўшандан буён ҳар куни бозорда. Бирорта савдогар “дўконимни олдини супуриб бер” деса супуради, “қўшиқ айт” деса айтиб беради.

Қўшиқ айтишга ихлоси ёшликдан бошланганми?

– Ўзи аслида бирор қўшиқни тўлалигича билмайди. Бирини айтаётиб, иккинчисига ўтиб кетаверади. Кейин уруғида ҳам санъаткорлик борда! Тошкентлик Жўравой гармончи, раҳматлик Неъматжон Неъматов, билсангиз, Ўшда ака-ука карнайчилар бор. Улар бизга узоқроқ бўлса ҳам қариндош. Шулардан ўтганми, билмадим, болам ҳам “ҳофиз” бўлиб юрибди. Кейин боғдаги бир чойхонада ҳам ишлади, лекин боғдан жуда кеч чиқиб келарди. Мен уни боғнинг ичи ҳам ёмон жойлар деб ишлагани қўймадим. Кейин ўзи мен унда бозорда ишлайман, ўзимнинг ишим (“ҳофизлик”)ни қиламан деб бозорга тушиб кетган. Тушма бозорга десам ҳам, унамасдан кетиб қолади. Бултур арафада машина уриб кетиб, анча қийналиб юрди.

Машина қаерда уриб кетибди?

Қирғизистон кўчасидаги “Илҳом” кафеси олдида. Мен ўша куни ҳам айтдим, лекин унамасдан тушаман деб туриб олди. Мен уни эртароқ уйга қайтишини хоҳлайман-да, шунинг учун атайлаб, “сабзи олиб келгин, ош қиламиз” дедим. Пул тўплаб, сабзи олгани бозорга кетаётганда, машина уриб кетибди. Уйда ўтирсам, қўшниларим телефон қилиб, Баҳодиржон кўчамизнинг бошида қонга беланиб ётганини айтишди. Чиқиб борсам, бир оёғи, бошлари шилиниб, ҳамма жойидан қон оқиб ётибди. Бир ярим ой оёғи лат еб, юролмасдан ётди. Милицияга ҳам, бошқа ёқларга ҳам айтдим. Йўқ, ким уриб кетганини топишмади. Ўзим уйда қараб, дори-дармон қилиб тузатиб олдим. Қўй энди, бозорга тушма, машина уриб кетади десам, унамай яна тушиб кетяпти. Ўрганиб қолибди-да.

Ўғлингиз доим костюм-шимда, галстукда юради. Тоза кийинади...

– Баҳодиржонни ёшлигидан ўзим тоза қараб, тоза кийинтирардим. Ҳозир ҳам чиройли кийиниш унинг жону дили. Менинг учта акам бор, уларнинг ўғиллари, опамнинг ўнта ўғли бор, ўшалар чиройли бўлиб юришарди. Ана шуларни кўриб, “Ая, менам кийинаман-а” деб, икки кунда бир, оқ кўйлак киядиган бўлса, даров бўйнини ювади. Пайпоқларигача қарайди, оппоқ қилиб кийиб олади. У ўзи ёшлигидан чиройли кийинишни ёқтиради. Эгнидаги костюм, шимни ҳам сотиб олдик. Ким сўраса: “Карим акам олиб берди”, дейди.

Мактабда ўқимаган бўлса, ёзиб-чизишни, пул санашни биладими?

Умуман билмайди. Олдин бозорга ҳам “Ғарбий” шаҳарчадан пиёда қатнар эди. Ҳозир “Араванский”гача пиёда келиб, кейин маршруткага чиқиб келаяпти. Маршруткаларнинг рақамларини ҳам ажрата олмайди. 4 йилча аввал адашиб, бошқа автобусга чиққанми ёки биров атайлаб олиб кетиб қолганми, икки кун йўқолиб қолди. Неча марталаб бозорни айланиб чиқдик. Роса изладик. Ўзи икки кундан кейин кириб келди. Ҳўнг-ҳўнг йиғлайди, оёғида бир пой туфлиси йўқ. “Бировлар адаштириб олиб кетиб қолди” дейди. Шу-шу пиёда қатнайди. Пул санашни ҳам билмайди. Бирор нарса олмоқчи бўлса, бисотидаги барча пулларни ташлаб беради. Инсофлироқ савдогар бўлса, керагини олиб қолиб, қолганини қайтиб беради. Баъзилари боламнинг соддалигидан фойдаланиб, ўзларига ҳаммасини олиб қоладилар.

Агар сир бўлмаса, Баҳодир ака бир кунда қанча топади?

– Ўртача 50-60 сўм, ишлари яхши бўлиб қолса 100 сўм. Баъзида ундан ҳам кўпроқ. Иккинчи гуруҳ ногиронлиги учун нафақа олади. Лекин ҳамма пулини тийин-тийинигача менга олиб келиб беради. 1983 йилнинг 23 мартидан бери шаҳримиздаги руҳий касаллар диспансерида рўйхатдан ўтган.

Агар пул ўзига керак бўлиб қолса-чи?

– Баҳодиржон микрафонларни жуда яхши кўради. Ҳозир ҳам уйда улардан 5-6 дона бор. Иккитаси яп-янги, ҳали қутиси очилмган. “Ким берди”, десам, “Карим берди», дейди. Муҳаммадкарим Соипов Тошкентда бўлса, унга қачон бериши мумкин. Менимча, уларни ҳам сотиб олган. Булардан ташқари уйимизда дунёнинг пластинка ва кассеталари бор. Барчаси сифатли. Тошкентдаги махсус овоз ёзиш фирмаларида ёзилган, шаҳримиздагиларда  эмас. Бир радиоси бор эди, бузилиб қолиб, устага олиб тушиб, тузатиб, қайтариб олиб келаётса, қўлидан тушиб кетибди. Радиода ашула чиқиб қолса, дарров дўппини кийиб, эшитиб ўтиради. “Дўппи киймасанг, йўқ, энди” десам, “йўқ, ая, уят бўлади” дейди. Ҳозир энди уйланаман деб юрибди. Ёшлигида уйлаб қўяй десам, “Йўқ, уйланмайман” дерди. Ҳайрон бўлиб, нима қилишни билмай ўтирибман.

Шу пайт суҳбатимиз узилиб қолди. Сабаби, қаҳрамонимиз, узун бўйли, қотмадан келган Баҳодиржон Юнусов жимгина, уйқусираган ҳолда эшикдан кириб келди.

– Ака, келинг. Ака, мен… мен уйланишим керак-да ака. Қиз топилмаяпти, қиз, қиз. Топилиб қолар-а?

– Топилади, ака, Худо хоҳласа.

– Топилмаяпти-да, топилмаяпти! Ишлар бўляптими, ука?

– Яхши, раҳмат. Баҳодиржон ака, уйланай деяпсиз, кўз остига олиб қўйганингиз борми?

– Ўша йўқда, ўша йўқ. Кўзим остига олиб қўйганим йўқ-да!

– Ака, ишингизда ҳеч ким халақит бермаяптими? Пулингизни олиб қўйишмаяптими?

– Боллар бор-ку, боллар бозорда пулимни тортиб олиб қўйишяпти! Мелисани сиз боплайсиз-а! Ановиси билан ураман деяпти, кастимимми йиртиб ташлайман деяпти. Ўзбегим беради менга, ўзбегим. Омийман. Мана галстугум йўқ, обқўйишди.

– Пулни сизга ким беради?

– Шўпирлар беради. Уларга Каримди “Вой аламжон”и борку, ўшани айтиб бераман, келин келади-ку, келин. Пул берса, омийман. Ўзлари (дўпписини кўрсатиб) бу еримга қистириб қўйишади.

– Шерали Жўраевнинг қайси қўшиғидан айтяпсиз?

– А-а, уникини айтмийман, уникини. У қалампир чекади, ўт чекади, ўт. Акам айтди менга. Менда Каримнинг кассеталари бор, Каримнинг. Ҳалиги мўйлови борку, мўйлови. Ўшани-да. Менда кассетаси бор. Мен ҳозир сизга кўрсатаман.

Кассеталарни Баҳодир ака ўзи бориб, қўйган жойидан топиб келди. Кассеталарни шундай жойлаштириб, шундай сақлаганки, ҳайрон қоласиз. Тоза қутида, тоза сақланган элликка яқин кассеталар. Қутининг ичидан бир амаллаб, бир кассетани олди.

– Мана “Вой аламжон”, қаранг, ёзиб олинг, мана шуда, мана шу – дейди ҳалиги кассетани менга узатаркан. Дарҳақиқат, кассетанинг устига Муҳаммадкарим Соипов деб ёзиб қўйилган.

– Бу кассеталарни қандай ажратасиз?

– Мана бу Каримники, мана бу ҳалиги Озодники, Хайрулла аканики, бу Шералиники, Юлдузники, Севинчники, Бобомуродники…. Кўп эшитаман-да, кўп… кўп. Ҳалиги келин келадику, келин. “Вой аламжон”. Буни менга Карим ўзи берган.

– Шу ростми? – аясидан сўрадим.

– Ўзи шунақа деб гап топиб олган. Муҳаммад Каримни кўрмаган!

– Мен Каримман… мен, Карим! – дея гапга аралашди қаҳрамонимиз.

– Мағфиратхон опа, бошқа фарзандларингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

– Баҳодиржон тўнғичим, иккинчим Муҳаббатхон, кичик қизим Мавлудахон… Қизларимни турмушга узатганман, оилали, уйли-жойли. Отаси раҳматли 2002 йил оламдан ўтди.

– Акам (дадасини ака дер экан) ўлиб қолди. Омин қипқўйинг ака, – дейди Баҳодиржон юзига фотиҳа тортар экан.

= Ўқиш, ёзишни билмасалар, қўшиқларни қандай қилиб ёд олади?

– Ўғлим телевизорнинг тагидан бери келмайди. Ашула чиқиб қолса, ётиб олиб, томоша қилади. Радиоси бор, у ҳам бузилиб қолди.

– Устага ташап келдим. Пулиниям бериб келдим… пулини. Ака, мен ичмаяппан, ака. Ичмай қўйдим. Уйланаман-да ака, шунга ичмаяппан.

– Баъзида кола ичдим, кофе ичдим деб келиб қолади. Бунга атайлаб кола, кофе деб ароқ ичириб қўйишади-да, ука, – дейди Мағфиратхон опа.

– “Вой аламжон”ни эшитишим керак-да, ака. Майинтапўн йўқ…майинтапўн… Бузилди…устага бердим…устага… Мен Каримман-да… Карим эшитмасам бўмийди, ака.

Ушбу хонадон аъзолари билан хайрлашиб, подъезддан тушарканман, “мен уйланишим керакда, қиз топилмаяпти… қиз…Топилиб қолар-а?! Майинтапўн бузилди… Эшитишим керак-да…эшитишим…” деган овоз эшитилиб турар эди.

УШБУ СУҲБАТНИ МАРҲУМ ЖУРНАЛИСТ АЛИШЕР СОИПОВ 2007 ЙИЛИ ЎЗИНИНГ “СИЁСАТ” ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТГАН. – siyosat_27

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ