Ғанижон Холматов: “Ҳаёт ташвишларидан озод инсонни тезроқ кўришни истардим”

Муғанний – Ғанижон Холматовнинг оҳорли, ширали ғазаллари дилларни эритади, оҳу қизларнинг юрагини ўйнатади. Ижтимоий сиёсий шеърлари билан кўпларни “уйғотиб”, кўплаган “айбдорларни” юрак ўйноқи қилади. Шоир ғазалларини Шерали Жўраев, Муҳаммадкарим Соипов, Ғайрат Усмонов, Муҳриддин Ҳолиқов каби ҳофизлардан эшитганингиз бор. Бундан ташқари актёр, режиссёр, сиёсий шарҳловчи сифатида танилган ўшлик Ғанижон Холматов бугун бизнинг суҳбатдошимиз.  

– Домла, биринчи марта қачон шеър ёзгансиз, эслай оласизми?

– Еттинчи синфда ўқиётган пайтларим эди. Мактабимиздаги деворий газетага бизнинг шеър керак бўлиб қолибди. Ҳамма нарсадан “5” баҳога ўқиганимиз учун “пионер вожатий”имиз мени чақириб, “Эртага битта шеър ёзиб келинг, адабиётдан сиз бешга ўқир экансиз” деди. Мен адабиётни яхши ўқиганим билан шеър ёзмаслигимни айтсам, опа худди бир оддий мақола ёзиш учун топшириқ бергандек, “ёзиб келасиз тамом!” деди. Пионер ташкилотининг вазифасини бажармайдиган одатимиз бўлмаган-да! Кейин кечаси билан ўтириб, “Мактабим” деган бир шеър ёздик. Бу 1963 – йилларга тўғри келса керак… Шеъримиз шундай бошланарди:

Мактабим, мактабим, улуғ мактабим,

Ўн бир йил ўтади қўйнингда умрим,

Шу ёшлик йилларим гуллатувчи сен,

Олис самоларга йўллатувчи сен…

Эсимда қолгани шу экан. Эрталаб уйқусираб кўтариб келсам, “Ҳа, бўлар экан-ку” деб, шу шеърни деворий газетага чиқаришди…

Кейин 9-синфда ўқиётганда “Онани ҳурмат қилинг” деган бир ғазал ёздим. У пайтларда ўшлик раҳматли Одилжон билан бирга созанда бўлиб юрардик, шу бола ғазалимизни қўшиқ қилиб айтди… Бундан кейин ёшлик, шўхлик йиллари муҳаббат ўз-ўзидан шеърлар ёзишга чорлади. Шеърлар ёрдамида қизларга ўз муҳаббатимизни изҳор қилишга ўхшаган йўллардан фойдаландик.

– Ҳофиз Шерали Жўраев сизнинг бир неча ғазалларингизни куйга солиб, халқ дилига кириб борган. Машҳур ҳофиз билан ижодий алоқалар қачон бошланди?

Кейинчалик институтга борганда (биз Шерали билан институтга бир йилда кирганмиз) “Онани ҳурмат қилинг” ғазалимни Шералижонга, Шерали ҳофизга бердим. 1968-69-йиллари шу шеърни Шерали қўшиқ қилиб айтди. У пайтда Шерали Жўраев оддий бир студент эди. Лекин биринчи марта шу қўшиқни катта саҳнага олиб чиқди. Ҳозиргача “Онани ҳурмат қилинг”ни чиройли қилиб айтиб юради.

– Ўқишни тугатгандан кейин Ўшга қайтиб келдингизми?

– Ўқишни битиргандан кейин Ўшга йўлланма билан келдик. Шунда Шерали Жўраев, яъни, собиқ курсдошимизнинг даври бошланди. 1974-75 йиллари Ўшга ҳам гастролга келди. Дўстим келганидан фойдаланиб, “Шилдир-шилдир сув оқади Ўш тоғидан” деган ғазал ёзиб берувдим, эртасигаёқ концертда қўшиғимизни айтиб чиқди.

Мана шундан кейин ўз-ўзидан кейинги қўшиқни қилиш ҳам заруратга айлангандай бўлди. Шундай қилиб, еттита қўшиқ Шерали Жўраев ижросида пайдо бўлди. Охиргиси “Сен кетдинг аста-аста”…

– “Сен кетдинг аста-аста”… қўшиғингизни эшитган одам кўнглида ҳижрон, айрилиқни сезади…

– Э-э-эй, Орзуларим оғулаб сен кетдинг аста-аста, бормоқдаман ёҳулаб ортингдан хаста-хаста деган-дек, бу бир муҳаббат қиссасига ўхшаган нарса… Ҳижрон қўшиқлари туркуми бўлди-да. Менинг қўшиқларимнинг саксон фоизи ўша ҳижрон, ўша алам… ўша даврнинг пароканда бўлиб кетиши, қандайдир менинг шеъриятимга таъсири сезилди шекилли. Ҳаммаси ўз ўрнида жуфт-жуфти билан эмас, балки парокандалик даври келиб қолгани учун ҳам қўшиқларда мана шу айрилиқ мавзуси акс этган… Инсон ўзининг мақсадига етолмай, бошқа ишларни қилишига тўғри келиши, ўзининг севгилисига уйланмасдан бошқа аёл билан бўлиб кетиши бу ҳам, ижтимоий  ва шахсий ҳаётнинг бир-бирига таъсири бўлса керак эди… Ошиқнинг айрилиққа бош эгишга мажбур бўлгани, ўша севикли ёрнинг кўнглига қарамасдан ўзини бахтли қиладиган бир муҳаббат учун эмас, бахтли қиладиган шароитга қараб ошиқни ташлаб кетиш ҳолатлари… берилган бўлса керак. Чунки шеърни ўқиб бўлганингиздан кейин шу нарсалар пайдо бўлаяпти. Энди бошқа ҳолатлар, ҳис туйғулар бу бирданига ёзилмайди. Бу – йиллар давомида пайдо бўлган руҳий кечинмаларни бир кунда битта шеърга сиғдиришга ҳаракат қилиш, холос…

Домла, ўзбек қўшиқ шинавандалари “Вой, аламжон” қўшиғингизни ҳозиргача маза қилиб тинглайдилар. Гарчи бугунги исталган шоир, исталган ҳофиз ижодида ёрдан айрилганлик, севгилиси энди ўзгага ёрлиги мавзулари тўлиб тошаётган бўлсада, Муҳаммадкарим Соипов ижросидаги “Вой аламжон” қўшиғи ўзининг дардини ҳали ҳам тингловчига юқтира олади. Шу қўшиқнинг ёзилиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

– У пайтларда тўйда доира чалар эдим. Бир куни Ўшдаги Свердлов кўчасига тўйга бордик. Тўйхона тор кўчанинг ичида. Бир пайт катта автобусда келинни олиб келиб, ўт ёқишди, ўт атрофида айлантириб (илгари шунақа удум бор эди) тўйхонага олиб кириб кетишди. Мен доирани қизитиб олиш мақсадида кўчада қолдим. Шофёр билан унинг шериги автобусда ўтирибди. Деярли ярим кеча, ҳамма тўйхонага кириб кетган. Қарасам автобусда шофёрнинг шериги йиғлаяпти-да, “Тинчликми, нима бўлди?” десам, индамай-индамай шериги айтиб қолди. “Яхши кўрарди, шу қизни…севганини вақти келиб, ўзи тушириб, ўз қўли билан олиб келди. Шунга чидай олмай, сиқилиб йиғлаяпти”, деди. Бу менга бир таъсир қилди. Ундан кейин студентлик вақтлари Тошкентдан келишда поездга билет олдим. Йўлда келаётиб, Қўқонларга етганда армиядан келаётган бир аскар бирдан “дод” деб қолди. У аскар поезддан ўзини ташлайман деб югуради. Танишлари базўр ушлаб қолади. Яна югуради, яна шериклари ушлаб қолади… Кейин билсам, севган қизи турмушга чиқиб кетган экан! Поездда ҳамшаҳарларидан эшитиб қолибди. У йигитнинг севгидан чеккан алами яна бир менга қаттиқ таъсир қилди. Шунга ўхшаган ҳолатлар йиғилиб туриб, “Вой аламжон” деган қўшиғимиз пайдо бўлди.

 1988 йилда Муҳриддин Холиқов раҳматли қўшиқчимиз ҳам шу қўшиқни янги сайқал билан радиода айтиб қолди. Лекин, асос Муҳаммадкаримники эди. Муҳаммадкарим Соипов шу қўшиқни Тошкентда “Камолот” кўрик-танловида айтиб, биринчиликни олганди, қолаверса бизни номимизни ҳам юқориларга кўтариб қўйганди.

Маълумки, бугунги кунда китоб нашри учун яхшигина маблағ керак бўлади. Сизда бу жараён қандай кечаяпти? Тўпламлар учун ҳомий топиш қийин кечмаяптими?

– 2000 йилда ҳар бирида юзтадан ғазал бўлган иккита тўплам чиқардик. Бу китоблар Англиялик дўстларимиз ҳомийлигида чиқди. Аслида улар сиёсий шеърларимни чиқармоқчи бўлишди, лекин ўзлари ўқиб кўргандан кейин чўчиб қолишди. “Биз катта жанжалга сабабчи бўлмайлик” дея ўша классик ғазалларни чиқаришди. 2005 йилда “Сен кетдинг аста-аста” деб номланган қўшиқлар тўпламини ҳам чиқаришга муваффақ бўлдик. Шундай қилиб ҳозирча тўртта китобимиз чиқди, яна камида бешта китобча тайёр… шуларни нашр этишга ҳомийлар йўқ…

Яқинда диний, ахлоқий мавзудаги рубоийларингизни, тўртликларингизни ўқиб қолдим…

Ҳа энди, охирида мана ёшимиз бир ерга бориб қолаяпти. Соғлиқ ҳам унчалик мустаҳкаммас. Шайх Алоуддин Мансур илоҳий бир мавзуда шеърлар ёзишни таклиф қиларди, шунга даъват қиларди… Худонинг олдида ўзимни қарздор деб ҳис қила бошладим-да, Худодан тиладим. Яхши, олдинги йили бирданига илҳом келди-да, бир неча тўртликлар, рубоийлар пайдо бўлди… Умримнинг охиригача илоҳий бир қарзимни узай деган маънода айтувдим. Шу жараён жудаям тез ўтди, рубоийлар деярли 180 донадан ошиб қолди. “Маҳшар мақоми” дейилади, бунинг ичида шу маҳшардаги ҳолатлар, мусулмон банданинг қазо нуқталари, ўлим ҳақидаги ҳолатлар…гуноҳ бозори, дўстнинг хиёнати деган каби туркумлар бор… Қисқаси беш-олти туркумни ўзига жам қилган, сиёсий қарашларимиз акс этган тўртликларни чоп этиш режалаштириляпти. Насиб қилиб, шу чиқиб қолса, кейин қолганлари биздан кейин чиқса ҳам майли… Бизнинг олдимизда шу мавзудаги Аллоҳнинг бандасига бўлган муҳаббати-ю, банданинг Аллоҳга бўлган илтижолари, зорлари, тилаклари биздан олдин бир дастурхон бўлиб қолса, яхши бўларди. Умидимиз шунақа, яхши ниятлар билан яшаяпмиз…

Ҳозирги Ўш адабий муҳити ҳақида фикрларингизни билмоқчийдим.

60-йиллардан бери жанубий Қирғизистон ўзбекларининг адабий муҳити анча шаклланиб қолди. Ўша устозлар: Қўлдош Мирзо, Турсунбой Адашбоев, Усмон Темур, Абдуғани Абдуғофуров, раҳматли Мирзоҳид Мирзараҳимов.. шулар бошлаб кетган “Илҳом” тўгараги ҳозир яна давом этаяпти. Ўш адабий муҳитининг шаклланиши, ривожланиши учун айниқса Ўзбек гуманитар-педагогика институтида Равшанбек Турсунов бошчилигида жуда катта ишлар қилишяпти. Қирғиз-Ўзбек Университетида ҳам қирғизистонлик ўзбеклар адабий жараёни ўрганиляпти, китобчалар чиқариляпти. Энди дастлабки китоблар муваффақиятли бўлиши қийин…лекин бу бор нарса… “Илҳом” ижодий уюшмасига айлантирилган ижодий уюшмамиздан ҳам бир қанча китоблар чиқариляпти. Аъзам Раҳим, аравонлик Ёрқиной Муродова, қолаверса Ўшимизда ҳам бир қанча опаларимиз, сингилларимиз ҳаракат қилишяпти. Нигора Нўмонова (ҳозир “Толстой”да ишлайди) деган бир шоирамиз бўларди, афсус, кейинги пайтларда ўзини четга олиб қолди. 5-10 йиллар олдин, мен Ўшдаги аёлларимизнинг биринчи шоираси сифатида ўша опанинг шеърларини билардим.

Адабий муҳит давом этяпти, яхши-ёмон бўлса-да… баъзида беъмани уринишлар бўляпти, арзимаган китобчалар пайдо бўлиб қоляпти… Лекин бу ҳам ўша адабий муҳитда уриниш борлигини кўрсатаяпти. Аниқ бир тўгарак, аниқ бир ташкилот йўқ. Ҳозирда ҳаракат қиляпмиз, шуларни йиғиб, тўплаб, ҳеч бўлмаса бир ойда, икки ойда шеърларини газетага бериб борсак, яхши бўлармиди… Мактабларда адабиёт тўгараклари бор, энди ҳар ҳолда Шавкат Раҳмондек буюк бир шоир яралган, дунёга келган Ўшда ўша муҳит йўқотиб қўйилмаслиги керак… Бу жараён ҳали давом этади…

Бир ёш ижодкоримиз бор, бу йил саккизинчи синфни тугатди, шекилли. Раҳимжон деган бу болада мен катта бир истеъдодни кўраяпман. Раҳимжон Худо хоҳласа 11-синфни битирганда, том маънода мен умид қиламан, етук бир шоир сифатида шаклланиб қолади. Чунки, ҳозирнинг ўзидаёқ ёзаётган шеърлари жуда ҳам кучли… ўзбек адабиётига бу кутилмаган бир “сюрприз” бўлади… Адабий муҳит бор, унинг маркази Ўшдаги Ўзбек гуманитар-педагогика институти. У ерда бир қанча ходимлар, Равшанбек Турсунов домламиз, Насибхонов домламиз – Даврон Ҳотам бор, ҳар ҳолда ҳаракат қилишяпти.

Лекин, адабий жараён биргина институтдамас, балки кенгроқ бир даражада олиниши керак. Бир ҳомийлар бўлса-ю, қани, Ўшда ёшлар орасида шеърият танлови ўтказсак! Бир марта ўтказсак, шунинг ўзи бир-икки йилга етади. Бунинг таъсирида адабий жараён бирданига ўз мевасини беради. Фақат шу нарсаларнинг ташкилотчиси бўлмаяпти. Миллий марказларимиз, биринчи навбатда шаҳар, вилоят маданий марказлари ана шунга эътиборларини қаратсалар яхши бўларди. Асл вазифаси шу уларнинг, сиёсат эмас! Эплаб-сеплаб халқни йиғиб, ўзларини депутатликка ўтказиб олиш ниятини четга қўйиб,четга қўймаса ҳам биринчи “план” қилиб олмасдан, асл, ҳақиқий маданий марказ вазифасини бажариб, албатта ижодкорларнинг шаклланишига ёрдам бериб турса, ҳомийлигини қилиб турса, кейин бутун ўзбек адабий жараёнининг битта кичик оролида (хоҳласин-хоҳламасин бу орол бор!), ўзбек адабиётининг бир чеккасига бориб ўзимизнинг “вагон”имизни тиркаймиз… Бу табиий бўлади, чунки Шавкат Раҳмон буни исбот қилиб берди.

– Ҳозирда сизни ўшликлар актёр, режиссёр сифатида ҳам яхши билишади…

– Ҳа, ўзи менинг асосий касбим актёрлик-да! Тошкент Театр Институтининг актёрлик бўлимида ўқидик. Кўпроқ театр соҳасида ишладик… Кўп режиссёрга зор бўлдим! Натижада ўзим режуссурага ўтишимга тўғри келди… раҳматли Салоҳиддин ака Умаров, маданият арбоби менинг устозим, у кишининг олий илми бўлмаса ҳам, лекин жуда катта таланти бор эди. Ўзбек халқ режуссурасининг маҳоратли устаси эди. Шу кишидан ўрганиб, ўзбекистонлик Бахтиёр Йўлдошев ва бошқа режиссёрлардан илҳом олиб, режуссура билан шуғулланишга тўғри келди. Актёр сифатида эса элликдан ортиқ эсда қоладиган роллар ижро этдим.

– Домла, ҳозирда сизни кўпроқ ўйлантираётган, юрагингизни қийнаётган нарсалар борми?

– Э-эй… театр арбоби бўлганим учун театрнинг бугунги инқирози, қилинган асарлар қанчалик яхши, мақтовга сазовор бўлмасин, халққа етиб бора олмагани, халқимиз ўшанга зор эмаслиги, халқимиз хали ҳам карахтликдан ўзига келмаётгани, унга олий даражадаги санъат асари яратасизми ёки “шақара-шуқур” қилиб, ритмик қўшиқларни яратасизми, фарқи йўқ бўлиб қолгани…Эл-юрт ташвиши кундан-кунга ҳисобдан чиқмасдан, баттар ботиб, яхши кунлардан тобора узоқлашиб кетаётгани, яхши кунлар ҳали-бери яқин келмаслиги мени кўп ташвишлантиради. Ҳаётнинг ўзи озод инсонни, унинг руҳиятини қул қилиб қўйяпти… Мен шу озодликни истардим. Ҳаёт ташвишларидан озод бўлган ИНСОНни тезроқ кўришни истардим.

УШБУ СУҲБАТНИ МАРҲУМ ЖУРНАЛИСТ АЛИШЕР СОИПОВ 2007 ЙИЛИ ЎЗИНИНГ “СИЁСАТ” ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТГАН. 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ