Футбол бўйича Қирғизистон чемпионати бошланади

Қирғизистон футболининг  олий лигаси ҳисобланган Қирғизистон Премьер-лигаси ўйинлари 7-август куни қайта бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон Премьер-лигаси матбуот котиби Нурсултан Нурбўлўт ўғли  маълум қилди.

«4 август куни Ёшлар фаолияти, жисмоний тарбия ва спорт давлат агентлиги Қирғизистон футболининг олий лигаси бўлган Қирғизистон Премьер-лигасининг давом этишига рухсат берди. Қирғизистон футбол иттифоқининг қарорига биноан турнир икки турда ва барча ўйинлар Қант шаҳрида бўлиб ўтади ”, – деди Нурсултан Нурбўлўт ўғли.

7 август куни биринчи тур доирасида икки мусобақа бўлиб, «Олой» билан “Абдиш-Ота”, «Илбирс» ва «Қора-Болта» жамоалари майдонга тушади.

Тожливирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш учун мусобақалар томошабинларсиз ўтказилади. Мусобақа Қирғизистоннинг Спорт ТВ канали орқали жонли эфирда намойиш этилади.

21 мартдан бошлаб, тожливирус туфайли Қирғизистонда жорий этилган  карантин тартиблари сабабли  барча спорт мусобақалари  тўхтатилган эди. Ушбу ҳолат Қирғизистон футболнинг олий лигаси бўлган – Қирғизистон Премьер-лигасининг биринчи турининг бошланиш вақтига тўғри келди. Тахминан уч ойлик танаффусдан сўнг, 8 июнь кунидан бошлаб футбол клубларига машғулотларни ўтказишга рухсат берилди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ