БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси сиёсатчи Ўмурбек Текебаевнинг иши юзасидан қарор қабул қилди.
Қўмита Қирғизистон адолатли суд муҳокамасининг асосий кафолатларини бузган деб топган ва давлатнинг Текебаевга тегишли товон пули (компенсация) тўлаш мажбурияти борлигини эслатган.
Бу ҳақда унинг ўша вақтдаги адвокати Чинара Жакупбекова маълум қилди.
Унинг айтишича, 2026 йил 26 ноябр куни Женевадан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўмурбек Текебаевнинг 2017 йилда жиноий жавобгарликка тортилгани билан боғлиқ аризаси юзасидан қарор қабул қилгани ҳақида расмий хабар келган.
«БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистон Республикаси адолатли суд муҳокамасининг иккита асосий кафолатини бузганини аниқлади. Улар: ҳимояга тайёрланиш учун етарли вақт ва имкониятга эга бўлиш ҳуқуқи, шунингдек, ўзи танлаган адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқидир. Шунингдек, қўмита давлатнинг Текебаевга тегишли компенсация тўлаш ва келгусида бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик учун тегишли чоралар кўриш мажбуриятини белгилади», — дейилади хабарда.
Адвокат Чинара Жакупбекова «Азаттиқ» радиосига, қарор яқин орада тегишли давлат органларига юборилишини айтган.
Текебаев ва Чотонов иши
2017 йилда Бош прокуратура сиёсатчилар Ўмурбек Текебаев ва Дуйшонкул Чотоновга қарши жиноий иш қўзғатган.
Уларга россиялик тадбиркор Леонид Маевскийдан 2010 йилда бир миллион доллар олиб, «Мегаком» компанияси сотилганидан кейин пулни қўшимча маблағ билан қайтаришни ваъда қилганликда айб қўйилган. Сиёсатчиларга «коррупция» ва «фирибгарлик» моддалари бўйича айбловлар эълон қилинган.
Текебаев ва Чотонов бу ишни ўша вақтдаги давлат раҳбари Алмазбек Атамбаевнинг сиёсий таъқиби деб атаган ва ўзларининг айбсиз эканини билдириб келган.
Ўша йили уларнинг ҳар иккаласи саккиз йилга озодликдан маҳрум этилган. Бироқ 2019 йил 21 августда Қирғизистон Олий суди айблов ҳукмини бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқиш учун юборган.
2021 йил 13 апрелда прокуратура айбловдан воз кечган ва суд Текебаев ҳамда Чотоновни оқлаган.
Қирғизистоннинг Германиядаги амалдаги элчиси, Жогорку Кенешнинг собиқ раиси ва олти чақириқ депутати, «Ата-Мекен» социалистик партияси асосчиси, аввалги ҳокимиятларнинг асосий мухолифларидан бири бўлган Ўмурбек Текебаев БМТ қўмитасининг қарори юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.