Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган туманида автомобил мактаб ўқувчисини уриб кетди. Оғир жароҳат олган қиз шифохонада вафот этди.
Ўш вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса Куршоб қишлоғидаги Камчибеков кўчасида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, 1951 йилда туғилган А.О. исмли ҳайдовчи «Honda Fit» русумли автомобилини орқага ҳаракатлантираётган вақтда 2014 йилда туғилган А.К. исмли мактаб ўқувчисини уриб юборган.
Жароҳатланган қиз Ўзгөн туманидаги Куршоб ҳудудий шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилган. Бироқ у шифохонада вафот этган.
Ҳодиса Ўзган тумани ички ишлар бўлимида қайд этилган. Тегишли экспертизалар тайинланиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видео тарқалган. Унда автомобил йўл четида кетаётган икки мактаб ўқувчисидан бирини уриб кетгани кўринади.
«Ҳайдовчи автомобилини орқага ҳаракатлантираётганда қизчани пайқамай уриб юборган. Иккинчи қиз ҳеч қандай жароҳат олмаган», — деб маълум қилган идора вакили.