Санкт-Петербург портлаши: Болаларимиз айби исботланмади

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 2017 йил апрелидаги метродаги портлаш ҳодисаси юзасидан ҳукм эълон қилди.

Суд Қирғизистонда туғилиб ўсган 29 яшар Аброр Азимовни Санкт-Петербург метросидаги террорчилик ҳужуми ташкилотчиси деб эълон қилиб, унга бир умрлик қамоқ жазоси тайинлаган.

Аброр Азимовнинг 31 ёшли акаси Акром Азимовга 28 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Ака-ука Азимовлар билан судланаётган яна 9 нафар Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига 19 йилдан 28 йилгача озодлик маҳрум этиш ҳукмлари ўқилган.

Улардан қирғизистонлик Муҳаммадюсуф Эрматов 28 йил, Иброҳимжон Эрматов 27 йил, Дилмурод Мўйдинов ва Муҳаммадюсуф Мирзаалимов 20 йил, Сайфилло Ҳакимов ҳамда Баҳром Эргашевларга 19 йиллик қамоқ жазолари белгиланган.

Ўзбекистон фуқаролари 48 ёшли Шоҳиста Каримова ва 25 яшар Азамжон Маҳмудовларга 20 йиллик, Тожикистон фуқароси Содиқ Ортиқовга 22 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, айбланганларга 500 минг рублдан 800 минг рублгача жарималар белгиланган.

Судланганларнинг адвокатлари айтишларича, айбланувчиларга ҳаддан зиёд қаттиқ жазо чоралари тайинланган ва ҳукм устидан шикоят қилиш ниятидалар.

Айбланувчилардан бирортаси ҳам судда ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни бўйнига олмаган.

Ўзларининг суддаги охирги сўзларида тергов хатога йўл қўйганларини айтдилар.

2017 йилнинг 3 апрел куни Санкт-Петербург метросидаги поезд вагонида портлаш рўй беради, оқибатда 15 инсон ҳаётдан кўз юмган. Россия терговчиларига кўра, портлашни худкуш террорчи содир этган ва унинг 11 шериги бўлган.

Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг 11 фуқароси ҳибсга олинган, тергов томони уларни террорчилик ташкилотини тузиш ва унда иштирок этиш, террорчилик фаолиятига, террорчилик хуружига кўмаклашиш, қонунга зид равишда қурол-яроғ тайёрлаш, қурол-яроғ ва портловчи қурилмаларнинг ноқонуний муомаласида айблади.

Тергов нималарни аниқлади?

Санкт-Петербург метросидаги портлаш ҳодисаси бўйича тергов ишлари 2018 йил августида якунланган. Тергов томонига кўра, террорчилик хуружини Қирғизистон фуқароси Сирожиддин Мухторов Сурияда ташкил қилган террорчилик ташкилоти содир этган.

Россия терговчиларига кўра, метро вагони ичида ўзини портлатган шахс 22 ёшли Қирғизистон ва Россия фуқароси Акбаржон Жалилов бўлган. Тергов томонига кўра, Акбаржон Жалилов иккита бомба ясаган ва битта бомбани метронинг «Қўзғолон майдони» бекатида қолдирган. Ўзининг ёнида бўлган иккинчи бомбани метронинг «Технология ин​ститути» ва «Сенная площад» станциялари ўртасида портлатган.

Тергов томонига кўра, «Қўзғолон майдони» бекатидаги бомбани Акбаржон Жалилов масофадан бошқариб портлатишни режалаган, бироқ, тергов томони таъбирича, бомба ясашдаги «конструкциявий хатоликлар оқибатида» портламаган. Кейинроқ бомба топилиб зарарсизлантирилган.

Терговчиларга кўра, Акбаржон Жалилов учинчи портловчи модда учун зарур қисмларни ҳам тайёрлаган ва уларни ўзининг таниши Муҳаммадюсуф Эрматовга берган. Терговга кўра, Муҳаммадюсуф Эрматов ва укаси Иброҳимжон Эрматов ва террорчилик гуруҳининг бошқа аъзолари ушбу қисмлардан бомба ясаганлар, бироқ портлатишга улгурмаганлар. Бунга уларнинг қўлга олинганлари сабаб бўлган.

Санкт-Петербург метросидаги портлаш бўйича биринчи суд 2019 йилнинг 2 апрелида бошланди. Судда қораловчининг айтишича, ушбу портлаш билан гуруҳ Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётларини тўхтатиш мақсадини кўзлаган бўлган, худкуш ҳужумчи Жалилов Суриядаги жангарилар жамлоғида ҳарбий тайёргарлик машқларидан ўтган бўлган.

Гуруҳ раҳбари деб кўрилган «Абу Салоҳ» номи билан танилган Сирожиддин Мухторов ҳибсга олинмагани, унинг устидан сиртдан Москва суди 2018 йилнинг августида ҳукм эълон қилгани айтилган.

ПетербургФото муаллифлик ҳуқуқи ALEXANDER DEMIANCHUK/TASS

Айбланувчилар ва уларнинг адвокатлари нима дедилар?

Айбланувчилардан бирортаси ҳам қўйилган айбловларни бўйнига олмаган. Маҳкама мажлисларидан бирида улар норозилик акциясини уюштирганлар: қўлларидаги қоғозларга «Биз айбдор эмасмиз», «Ҳали кўрасиз, бизда айб йўқ» деган ёзувларни тутиб туришган.

11 айбланувчидан етти нафари Санкт-Петербургнинг Товаришеский проспектидаги ижара хонадонда бирга яшаб келган инсонлар бўлганлар, ушбу хонадондан Федерал Хавфсизлик хизмати ходимлари қўлбола бомба топганлар. Ўзларининг портлашга алоқадорлиги йўқлигини айтган ижарачилар тинтув пайти квартираларига бомба атайдан ташлаб қўйилганини айтганлар.

Айбланганлардан уч нафари – Шоҳиста Каримова, Содиқ Ортиқов ва Аброр Азимов эса Подмосковедаги бир хонадонда бирга ижарага яшашган. Улар ҳам ўзларини айбдор деб тан олишдан бош тортганлар, маҳкамада квартираларида топилган қурол-яроғ ва ўқ-дори ташлаб қўйилганини айтганлар.

Ака-ука Аброр ва Акрам Азимовлар ва Муҳаммадюсуф Эрматов суд тергови пайтида ўзларини «махфий қамоқхона»да қийноққа солишганини айтганлар. Эрматовнинг айтишича, у Санкт-Петербургдаги уйидан кўчага чиққан пайтида ўғирлаб кетганлар. Акрам Азимов ўзини махсус хизматларнинг ходимлари Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги шифохонада жарроҳлик амалиётидан сўнг даволанаётган жойидан Россияга олиб борганларини айтди.

Суд пайти прокурор айбланувчиларнинг қийноқлар ҳақидаги баёнотлари текширилганини, бироқ ўз исботини топмаганини айтган.

Айбланувчилар Акбаржон Жалиловни танимаганларини айтганлар. Судда берилган кўрсатмалардан англашилишича, теракт ташкилотчиси деб айтилаётган шахсни таниган ягона инсон Иброҳимжон Эрматов бўлган, улар иккиси 2015 йили суши ресторанида бирга ишлаганлар.

Шоҳиста Каримовнинг адвокати Виктор Дроздов Акбаржон Жалиловнинг жасади қолдиқлари қаерда кўмилганини аниқлай олмаганини айтган. Судга тақдим этилган иш материаллари орасида Акбаржон Жалиловнинг қолдиқлари ва ўлимини тасдиқловчи гувоҳнома бўлмаган. Шунинг Виктор Дроздов Акбаржон Жалилов бедарак ғойиб бўлгани ҳақидаги ариза билан полицияга мурожаат қилган.

Би-би-си асли Қирғизистоннинг Жалолободидан бўлган ака-ука Азимовларнинг отаси Аҳрор Азимовдан, ўғилларига ўқилган ҳукм юзасидан фикрини сўради.

«Биз бу ҳукмга қатъиян қаршимиз. Сабаби, бизнинг болалар у ёқда турсин, ёнидаги шерикларининг ҳам, ҳеч кимнинг бу ишда гуноҳи йўқ. Шунча пайтдан бери суд фақат прокурорнинг гапларини эшитди. Адвокатларнинг гапларига эътибор ҳам бермади. Суд жараёни ноҳақлик билан ўтди. Болаларга ҳеч қандай далилларсиз айбларни қўйишди», деди Аҳрор Азимов.

Аҳрор Азимовнинг сўзларига кўра, терговчилар ўғилларининг қўл телефони хотирасида Сирожиддин деб сақланган рақамларнинг эгасини, «Абу Салоҳ» тахаллусли Суриядаги жангари гуруҳ раҳбари Сирожиддин Мухторов дея талқин қилишган. Шунингдек, терговчилар ўғиллари ўз танишлари билан гаплашган одамларни ҳам террорист деб аташган.

«Буларнинг ҳаммаси, сохта нарсалар билан, болаларни айблаб қўйишди, суд қилишди. Ўғлимни, портлатган бола Акбаржон Жалилов билан гаплашди деб, бошқа бировни ўрнига қўйиб, уни гапиртириб, мени боламга боғлаяпти. У боланинг овози, талаффузидан ҳам ўзбекистонлик экани кўриниб турибди, умуман ўхшамайди. Экспертизага берайлик деса, йўл қўймади. Энди ҳозир, мустақил экспертиза натижаларини кутаяпмиз. Бу ҳукм юзасидан юқори суд идораларига мурожат қиламиз, Худо хоҳласа. Адвокатларимиз аппеляция беради. Биз ҳақиқат енгиб чиқишини ҳоҳлаймиз. Ҳақиқий абдорлар топилишини хоҳлаймиз. Ноҳақдан бизнинг болаларимизни қамаб юборишларига биз қатъиян қаршимиз», деди Аҳрор Азимов.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ