Қирғизистондаги Сорос жамғармаси ўз фаолиятини тўхтатмоқда

Қирғизистонда нотижорат ташкилотлари (“хорижий агентлар”) тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар кирилгани туфайли “Сорос-Қирғизистон” жамғармаси ўз фаолиятини тўхтатади. Бу ҳақда ташкилот сайти орқали маълум қилинган.

Баёнотда бу қонун “халқаро ҳамжамият томонидан молиялаштирилувчи маҳаллий ташкилотлар фаолиятига номутаносиб ва ортиқча чекловлар жорий қилиши” айтилган.

“Сорос-Қирғизистон” жамғармасига “Очиқ жамият” фондлари томонидан 1993 йили асос солинган. Қайд этилишича, ўтган 30 йил ичида жамғарма ҳам ҳукумат, ҳам фуқаролик жамияти билан иш олиб борган ҳолда Қирғизистондаги турли лойиҳаларни дастаклаш учун 115 миллион доллардан кўпроқ маблағ ажратган.

“Бу лойиҳалар таълим ва соғлиқни сақлаш, янги рақамли технологиялардан фойдаланишни таъминлаш, жиноятчилик билан боғлиқ адлия ва ҳуқуқий ёрдам тизими ислоҳоти соҳалари ҳамда бошқа кўплаб йўналишлардаги ташаббусларни қўллаш учун амалга оширилган. Эндиликда мамлакат манфаатлари йўлида холис ният билан амалга оширилган бундай фаолиятга “хорижий вакиллар” каби ноҳақ ёрлиқ ёпиштирилмоқда”, дейилган баёнотда.

“Очиқ жамият” фондлари президенти Бинайфер Новрожи “Сорос-Қирғизистон” жамғармаси ва унинг ходимлари Қирғизистоннинг демократия ва очиқ жамиятга интилишида бутун мамлакат бўйлаб оддий одамларга сезиларли даражада дастак кўрсата олганини қайд этган.

“Биз ташкилот фаолияти бундан буён давом эта олмаслигидан ҳамда янги репрессив қонун фуқаролик жамиятининг ноаниқлик ва қўрқув шароитида ишлашига олиб бориши мумкинлигидан чуқур таассуфдамиз”, деган у.

Нотижорат ташкилотлари (“хорижий вакиллар”) тўғрисидаги қонунга тузатишлар Қирғизистон президенти томонидан шу йилнинг апрель ойи бошида имзолаган.

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти бош котиби Аньес Калламар аввалроқ мазкур қонун қабул қилинган тақдирда, у “фуқаролик жамиятининг Қирғизистон халқи ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишни дастаклашга ҳисса қўшиш қобилияти учун” салбий оқибатларни юзага келтириши мумкинлиги урғулаган эди.

Сорос жамғармаси 1996-2004 йиллар оралиғида “Очиқ жамият институти кўмак жамғармаси” номи остида Ўзбекистонда ҳам фаолият юритган. Ўзининг саккиз йиллик фаолияти давомида мазкур жамғарма, ҳисоботларга мувофиқ, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, демократия ва очиқ жамият тамойилларини ривожлантиришга қаратилган кўплаб дастурларни амалга ошириш учун қарийб 22 миллион доллар миқдорида маблағ ажратгани маълум.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ