Терактдан сўнг Россияда ксенофобик кайфиятлар янада кучайди

Хусусан, Россияда доимий яшаётган ёки вақтинчалик меҳнат қилаётган тожикистонликлар тобора кўпроқ ксенофобик ҳуружлар нишонига айланмоқда. 

Москвадаги Crocus City Hall санъат саройида жума кунги қуролли ҳужумдан сўнг Россияда ксенофобик кайфиятлар янада кучайиб кетди. Хусусан, Россияда доимий яшаётган ёки вақтинчалик меҳнат қилаётган тожикистонликлар тобора кўпроқ ксенофобик ҳуружлар нишонига айланмоқда.

Амур вилоятининг Благовешенск шаҳрида номаълум шахслар муҳожирларга тегишли бўлган дўконга ўт қўйган – шаҳар мери Олег Имамеевнинг айтишича, “аниқ, этник сабаблар деб”.

Калугада бир гуруҳ руслар Тожикистоннинг уч фуқаросини калтаклаган, улардан бири касалхонага тушиб қолган.

Россиянинг турли минтақаларидан мижозлар тожик миллатига мансуб такси ҳайдовчилари хизматидан фойдаланишдан бош тортаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Тожикистоннинг Восе туманида яшовчи фуқаронинг Озоди радиосига айтишича, 23 март куни Москва полицияси унинг икки укаси ва ўғлини олиб кетган. Уларнинг тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Вазият шу даражага етган-ки, Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси меҳнат муҳожирларини уйдан чиқмай туришга чақирган.

База Телеграм каналининг хабар беришича, Крокусдаги терактдан сўнг туман ИИБларида меҳнат муҳожирлари билан ишлайдиган, маҳаллий инспекторлар ва жиноят қидирув ходимларидан иборат махсус гуруҳлар тузилган. Бу гуруҳлар ҳудуддаги муҳожирлар зич истиқомат қилаётган манзилларни текшириб юрибди.

Муҳожирларнинг Озоди радиосига айтишича, кўплаб тожикистонликлар ватанига қайтиш ниятида. Бироқ, Россияда фуқароликни олган ва ўз тақдирини у билан боғлаган юз минглаб тожикистонликлар ҳам мавжуд. Аксил-муҳожир кайфиятлар кундан кунга кучайиб бораётган рус жамиятида муҳожирларнинг ҳолати беқарорлигича бўлиб қолмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ