Эркинликларни жиловловчи “ОАВ тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Жўқорғу Кенешдан чақириб олинди

Ушбу қонун лойиҳаси Қирғизистонда 2022 йилдан бери  муҳокама қилинмоқда, бироқ экспертлар ва журналистлар уларнинг қарашлари инобатга олинмаётганини таъкидлайдилар.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг топшириғи билан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қирғизистон парламентидан чақириб олинди.

Аввалроқ ОАВ вакиллари билан учрашган Жапаров ушбу қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун чақириб олди.

Президент маъмурияти ишлаб чиққан “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қирғизистон парламентига 2023 йилнинг декабрида киритилган эди.

Ҳужжатнинг асослаш қисмида амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун эскирганлиги, замон талабларига жавоб бермаслиги, унинг ҳуқуқий базаси замонавий жамият воқелигига мос келмаслиги сабабли қайд этилган. Янги қонун, президент маъмуриятининг фикрича, “сўз эркинлиги, фикр плюрализми ва зарур чекловлар ўртасида мувозанатни” ўрнатади.

Қонун қабул қилинса, масалан, интернет сайтлари ОАВ сифатида рўйхатдан ўтишга мажбур бўлади, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига ОАВ ташкил этиш тақиқланади.

Журналист ва ҳуқуқбонлар қонун лойиҳаси сўз эркинлиги ва демократияга таҳдид солаётганидан ҳавотирда. «Адилет» юридик клиникаси раҳбари Чўлпон Жакупова айтишича, бу журналистиканинг Қирғизистондаги келажагини ҳал қилувчи масаладир.

Венеция комиссияси ҳам ушбу ташаббус эркин фикр билдириш ҳуқуқини поймол этиши, жамоатчилик назорати ролини ўйнаётган эркин ОАВлар учун ҳам жиддий оқибатлар келтириб чиқаришидан огоҳлантирган.

Аввалроқ Жўқорғу Кенеш спикери Нурланбек Шакиев бу борада парламент журналистлар ва фуқароларнинг ҳавотирларини инобатга олишини айтган эди.

Ушбу қонун лойиҳаси 2022 йил октябрь ойидан бери муҳокама қилинмоқда, бироқ экспертлар ва журналистлар ҳужжатни такомиллаштиришда ҳукумат уларнинг қарашларини инобатга олмаётганини таъкидлайдилар.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ